Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирди.
Аниқланишича, Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро С.Ш. оилавий низо ортидан 2 нафар фарзандига жисмоний зўравонлик кўрсатган. Ҳолат Омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили ва мутасаддилар томонидан ўрганилмоқда.
Хусусан, отага нисбатан қатъий чора кўрилиши ҳамда болаларнинг хавфсиз муҳитга олиниши, уларга зарур психологик, ижтимоий кўмак кўрсатилиши бўйича ИИО ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий Инсон маркази мутахассислари томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
«Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани ўз кузатувини давом эттиради. Бу борада қўшимча тарзда ахборот берилади», дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳам муносабат билдирди.
Агентлик ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан болаларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш, уларга зарур ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш юзасидан иш олиб борилаётганини маълум қилди.
Билдирилишича, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш бўйича ҳам чоралар кўрилмоқда.








