Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, криминоген вазият оғир маҳаллаларда ҳолатни барқарорлаштириш ҳамда жиноятларни барвақт профилактика қилиш мақсадида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти такомиллаштирилиб, профилактика бош ва кичик инспектори лавозимлари жорий этилган. Бироқ ички ишлар органлари тизимидаги ишларни кўриш ва чораларни қўллаш ваколати фақат маҳалладаги профилактика инспекторларига берилган бўлиб, бундай ваколат ҳуқуқ-тартибот масканлардаги бош ва кичик инспекторларида мавжуд эмас.
Шу боис ушбу қонун лойиҳаси билан ҳуқуқ-тартибот масканларидаги ушбу инспекторларга маъмурий ишларни кўриш ва чораларни қўллаш ваколати берилмоқда.
Бундан ташқари, ҳозирда ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати инспекторларига аниқланган айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштириш ваколати берилган бўлсада, ушбу маъмурий баённомалар юзасидан чораларни қўллаш ваколати тизимдаги бошқа мансабдор шахсларга, жумладан иш юкламаси катта бўлган туман (шаҳар) ички ишлар бўлим бошлиқлари ва ўринбосарлари, транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари бошлиқлари ҳамда профилактика инспекторларига юклатилган.
Бу эса маълум иш бўйича қарор қабул қилинишда фуқароларнинг ортиқча вақт сарфлашига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли, мазкур қонун лойиҳаси билан патруль-пост хизматининг мансабдор шахслари томонидан тузилган маъмурий баённомаларни кўриб чиқиш ваколати уларнинг раҳбариятига ҳам берилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини оширишни назарда тутмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.









