Гуруҳнинг фаолияти Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фош этилди.
Хабарда айтилишича, уларга тегишли бўлган Наманган шаҳри ва Уйчи туманидаги 5 та манзилдаги мавжуд яширин омборлар холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Франция, Италия, Туркия, Вьетнам, Исроил, Полша, Украина, Германия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган ҳамда тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган, тахминий қиймати 7,2 млрд сўмлик 1267 турдаги жами 102640 қути контрафакт дори воситалари («Гепарин», «Актовегин», «Хилак форте», «Урсофалк» ва бошқалар) мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди.
Шунингдек, улар орасида таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган «Тестостерон» ва «Ретоболил» номли препаратлар мавжудлиги ҳам маълум бўлди.
Аниқланишича, мазкур контрафакт дори воситалари мамлакатимизга Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 186-3 ва 251-1-моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилиб, ҳозирда терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.











