Божхона Қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ва «Бекобод авто» чегара божхона пости ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ва ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.
Қўшни давлатдан кириб келган 57 ёшли фуқаро бошқарувидаги "Кобальт" русумли автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганда, "Рей" лақабли хизмат ити автомашина салонидаги олд йўловчи ўриндиғининг орқа чўнтагида гиёҳвандлик моддаси яширилганига ишора берди.
Натижада ўриндиқ ғилофи чўнтагидан дастлабки вазни 2 граммни ташкил қилувчи "героин" гиёҳвандлик моддаси топилди.
Шундан сўнг, "Кобальт" автомобили инспекцион кўрик мажмуаси орқали тўлиқ текширувдан ўтказилди. Рентген тасвирлари автомашинанинг ёқилғи бакида шубҳали жисмлар борлигини кўрсатди.
Ёқилғи баки очиб кўрилганида унинг ичига 30 дона полиетилен ўрамлар яширилганлиги аниқланди. Мазкур ўрамларнинг соф оғирлиги 30 кг. 10 граммни ташкил қилувчи "опий" гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.
Тезкор тадбир давомида, Божхона Қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ҳамда Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармалари ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг эгаси – 48 ёшли фуқарони қўлга олди. У "Жартепа" чегара божхона постидан кириб, Қашқадарё вилояти орқали ҳаракатланаётган вақтида йўл патруль масканларидан бирида тўхтатилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








