Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қидирувда бўлган шахс Ўзбекистонга қайтарилди.
Маълум қилинишича, мамлакатимиз ҳудудида жиноий уюшма етакчиси сифатида бир қатор жиноятларни содир этишда айбланиб, қидирувда бўлган ҳамда Туркия давлатида терговдан яшириниб юрган «Грязь» лақабли, 1993 йилда туғилган Ё.М. жорий йилнинг 5 декабрь куни Ўзбекистонга олиб келинган ва тергов органларига топширилган.
Қайд этилишича, ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 112-моддаси 2-қисми, 164-моддаси 4-қисми, 165-моддаси 3-қисми, 173-моддаси 2-қисми ҳамда 242-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, 2023 йилда Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан қидирувга эълон қилинган эди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.








