Сурхондарё вилоятида ДХХ ва ИИББ ҳамкорлигида ўтказилган тадбир чоғида Термиз шаҳрида 1985 йилда туғилган шахс ўз бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомобилда 50 кг 978 грамм “гашиш”ни олиб кетаётган вақтда ушланди.
Текширувлар давомида унинг яшаш хонадонидан қўшимча 186 грамм шу модда ҳам топилди. Унинг 1986 йилда туғилган шерободлик жиноий шериги ҳам қўлга олинган.
Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари Афғонистондан айланма йўллар орқали олиб кирилган бўлиб, улар томонидан келгусида сотиш ниятида бўлган. Қонунбузарларнинг бири — гиёҳвандлик воситалари савдоси, иккинчиси эса фирибгарлик учун аввал ҳам судланган.
Тошкентда кузатилган ҳолатда эса Учтепа туманида яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро “Телеграм” орқали синтетик наркотиклар савдоси билан шуғуллангани фош этилди. ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва ИИВ ходимлари ўтказган тезкор тадбирда у 225 грамм “Алъфа ПВП” моддаси билан ушланди.
Тергов давомида унинг 2005 йилда туғилган таниши ҳам 2 дона “Регапен” дори воситаси билан қўлга тушди. Дори воситаси Мирзо Улуғбек туманидаги дорихоналардан биридан ноқонуний сотиб олингани аниқланди.
Шу дорихонанинг норасмий сотувчиси мижозга 14 дона “Регапен”ни 1 млн 200 минг сўмга сотган вақтида ушланди. Ёрдамчи омбордан эса 20 200 дона “Габатен”, 823 дона “Регапен”, 100 дона “Галара” ва 4 дона “Торгабалин” ҳужжатсиз препаратлар топилди.
Барча ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.








