Женевадаги БМТ биносида “Ўзбекистон хонаси” очилади

    Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Женевада Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллигига бағишлаб ташкил этилган қабул маросимида нутқ сўзлади.

    Бу ҳақда у ўзининг телеграм каналида маълум қилди.

    "Биз келажак, ислоҳотлар, барқарор тараққиёт, маданият ҳақида, шунингдек, чегаралардан қатъи назар, барчамиз учун муҳим бўлган қадриятлар хусусида фикр алмашдик", — дейди Саида Мирзиёева.

    Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари бир янгилик билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, тез орада Женевадаги БМТ биносида “Ўзбекистон хонаси” очилади.

    "Бу — маданиятимизнинг мўъжазгина бир бўлаги кўп миллатли ҳамжамиятга намойиш этиладиган маскан бўлади. Ушбу маскан ҳар қандай қийинчилик ва зиддиятларга қарамай, бизнинг дунёга очиқлигимиз рамзига айланади", дейилади хабарда.