Шу муносабат билан Саида Мирзиёева ва «Ал-Азҳар» мажмуаси бош имоми, Миср бош имоми шайх Аҳмад Муҳаммад Таййиб билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда тинчлик, ўзаро англашув ва инсон қадр-қимматини юксалтириш орқали «Инсоний биродарлик» мукофоти миссиясини амалда рўёбга чиқаришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Инсоний биродарлик декларациясида белгиланган тамойилларни сақлаб қолиш ва янада ривожлантириш, турли дин ва маданият вакиллари ўртасида глобал ҳамкорлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашув доирасида Ал-Азҳар билан таълим, илм-фан, талабалар ва уламолар алмашинуви, қўшма илмий дастурлар ҳамда қўлёзма манбаларни ўрганиш йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари ҳам муҳокама этилди.
Шунингдек, Саида Мирзиёева дунёдаги энг қадимий масжидлардан бири ҳисобланган «Ал-Азҳар» масжидини зиёрат қилиш шарафига муяссар бўлганини маълум қилди. Зиёрат чоғида бу масканнинг ислом цивилизацияси ва ислом маърифатини тараққий эттиришда тутган ўрни юксак баҳоланди.











