Олмалиқ юрт фахрига, саноат шаҳрига айланмоқда

    Саноат 25 сентябр 2025 568

    Олмалиқ… Бу шунчаки географик нуқта эмас. Бу номни эшитган киши қалбининг бир чеккасида ғурурни, фахр ва ишончни ҳис қилади. Бу жой заҳматнинг, сабрнинг ва тинимсиз янгиланишнинг манзилидир.

    Кимдир бу шаҳарни конлари, мис фабрикалари билан эслайди. Бошқа биров эса уни футбол академияси, ёшлар боғи, янги таълим масканлари орқали, яна кимдир табиати билан танийди. Бироқ бу шаҳарни ҳақиқий маънода англаш учун у ерга бир бор бўлса-да бориш, одамлари билан суҳбат қуриш, уларнинг юзидаги меҳнатсеварлик ва эртанги кунга ишончни кўриш керак. Ана шундагина Олмалиқнинг ҳақиқий қиёфасини англаш, ҳис қилиш мумкин.

    Бир пайтлар сукунатга чўмган адирлар ўрни бугун саноат юрагига айланди. Бу ерларда энди фақат техника товуши эмас, балки орзулар жаранги, юксак мақсадлар шовқини эшитилади. Ўзгаришлар кўчаларда эмас, инсонларнинг фикрида, дунёқараши ва руҳиятида рўй бермоқда.

    Олмалиққа хизмат сафарига борганимизда юқоридаги фикрлар миямизда ғужғон урди. Бу ўринда сизни шунчаки саноат ёки тарих билан эмас, балки маҳаллий аҳолининг ўзини англаши ва келажак сари дадил қадамлари ҳақида сўз юритамиз.

    Улуғ лойиҳалар бошланган манзил

    Биринчи манзилимиз “Қалмоққир” ва “Ёшлик-1” конлари бўлди. Кон томон юрар эканмиз, узоқдан ҳайбатини кўз-кўз этиб, шаҳарга ўзгача кўрк бағишлаб турган замонавий, баланд уйлар диққатимизни тортди. Олдинлари бу ерларда нари борса, 4 қаватли уйлар бўлган. Энди эса бийдай даштда замонавий шаҳар қад ростлаётир. Бир вақтлар олмалиқликларнинг асосий жамоат транспорти “Дамас” бўлганини кўпчилик яхши эслайди. Ҳозир улар пойтахтдагидан қолишмайдиган замонавий автобусларда манзилига ошиқмоқда.

    Илонизи йўл бўйлаб 500 метргача қуйидан маъдан олиб чиқаётган 130-240 тонна юк кўтарадиган гигант техникаларни кўриб, ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ.

    “Ер — бойликнинг онаси, меҳнат эса унинг отаси”, деган мақол бундай жойларда тўла-тўкис ўз тасдиғини топади. Чунки бу ерда фақат техника эмас, фидойилик, сабр ва садоқат ҳам ишлаяпти. Бу ердаги ҳар бир сиқим тупроқда фақат маъдан эмас, балки келажак, тинч ва фаровон ҳаёт учун ишонч мужассам.

    Давлатимиз раҳбарининг 2017 йили Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташрифида ҳудуд аҳолиси учун қувончли воқеага тамал тоши қўйилди. Шу кундан бошлаб, “Қалмоққир” конининг ғарбий қисмида “Ёшлик-1” конини ўзлаштиришга старт берилди.

    Бир пайтлар қуп-қуруқ, инсон боришдан чўчиган дашт бугун нафақат мамлакат иқтисодиёти, балки бутун Марказий Осиёда саноатлашишнинг флагманига айланиб бормоқда. Ҳозир узунлиги 4, эни 2 километрдан зиёд кондан куну тун маъдан ташилмоқда. Бу фақат техника иши эмас, балки инсон иродаси, ижтимоий масъулият ва давлат сиёсатининг зафарли одимидир.

    Бугун қурилиш ва қазиш ишларида 600 дан ортиқ замонавий техника иштирок этмоқда. Ушбу мисол лойиҳанинг нақадар улканлигини кўрсатади. Бу рақам шунчаки статистика эмас, тасаввур қилиб бўлмайдиган меҳнат, буюк режалар ва ватанпарварлик инъикосидир.

    Шунингдек, автоматлаштирилган кон-транспорт комплекслари, микропроцессорли темир йўл тизимлари ва бошқарувнинг янги шакллари жорий қилинган. Бу эса ресурслар тежалиши ва иш самарадорлигининг ошишига хизмат қилмоқда.

    Замонавий техникалар нафақат сифат, балки тезкорликни ҳам кафолатлайди. Айтиш жоизки, 70 йил давомида “Қалмоққир” конида 600 метр чуқурликка етиб борилган бўлса, бор-йўғи 3 йилда “Ёшлик-1” конида 250 метр чуқурликка тушилган. Бу эса янги замонавий технологиялар ва илғор бошқарув моделлари орқали амалга оширилмоқда.

    Саноат мўъжизаси

    Олмалиқ тоғ бағрида қад ростлаган, тарихи билан ифтихор, бугуни билан фахр ва келажаги билан ишонч бағишловчи шаҳар. Бу манзил нафақат ўзининг табиий бойликлари билан, балки меҳнаткаш инсонларининг қаҳрамонлиги, интилиши ва курашувчан руҳи билан ҳам қадрлидир.

    Бугунги дунё шиддат билан ўзгармоқда. Иқтисодий рақобат, технологиялар янгиланиши ва глобал ресурслар учун кураш шароитида фақат табиий бойликларга эга бўлиш етарли эмас. Улардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш занжирини тўлиқ шакллантириш даврнинг талабидир. Бу талабга жавоб бераётган лойиҳалардан бири — Олмалиқ тоғ-металлургия саноати тизимида амалга оширилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси лойиҳаси.

    Ҳаммаси мушоҳада билан бошланди. Халқнинг ҳаёти, иқтисодиёт ривожи ва ер ости бойликларини самарали ўзлаштириш мақсадида қилинган режалар ҳаётда ўз аксини топа бошлади. Бугун бу ерларда улкан техникалар ва одамлар ҳаракати, қурилиш шовқини ва ишлаб чиқаришдаги шижоат – яхлит жараённи акс эттиради.

    Бу ўзгаришнинг бошланишида давлатимиз раҳбарининг қатъияти муҳим аҳамият касб этди. 2021 йилдаги ташрифда Президентимиз 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишига старт берган эди. Мақсад аниқ эди: мис маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш учун унинг мустаҳкам хомашё базасини яратиш зарур.

    2025 йил августдан бошлаб фабрика тўлиқ фаолият бошлади. Икки секция бир вақтнинг ўзида синовдан ўтказилди. Шу даврда 3700 тоннадан зиёд мис концентрати ишлаб чиқарилиб, мис эритиш заводига етказилди. Бу оддий натижа эмас, балки юзлаб муҳандис ва мутахассисларнинг, минглаб ишчиларнинг кечаю кундуз тинимсиз меҳнати самарасидир.

    — Фабрикадаги технологик жараён яхлит занжир асосида ташкил этилган. Кондан ташиб келтирилган маъдан аввал йирик майдалашдан ўтказилади, 1200 миллиграммгача бўлган бўлаклар 300-350 миллиграммгача майдаланади. Кейинги босқичларда маъдан элакланиб, ўрта ва кичик майдалаш цехларига йўналтирилади. Соатига 6,5 минг тонна маъданни майдалаш қувватига эга узеллар ва 4,2 километр узунликдаги конвейерлар маъдан етказиб бериш жараёнини узлуксиз таъминлайди, — дейди 3-мис бойитиш фабрикаси директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Шерзод Мирсиддиқов. — Янчиш жараёни фабрика фаолиятининг асосий ҳалқасидир. Шарли тегирмонлар ёрдамида маъданнинг 80 фоизи 74 микронгача майдаланади. Автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ва замонавий сенсорлар иш жараёнини реал вақтда кузатиб, операторларга тезкор маълумот тақдим этади. Шунингдек, марказдан қочма “Falcon” концентраторлари олтин ва бошқа қимматбаҳо металларни аниқлик билан ажратиб олиш имконини беради.

    Флотация бўлими эса фабриканинг юраги ҳисобланади. Бу ерда замонавий флотомашиналар жойлаштирилган. Ҳажми 300 метр куб бўлган 54 та, шунингдек, 50 метр кубли 60 та ва 20 метр кубли 48 та машина ҳамда 6 та вертикал тегирмон яхлит тизим сифатида ишлайди. Жараён икки босқичда амалга оширилади. Автоматик реагент дозалаш тизимлари самарадорликни таъминлайди. Сунъий интеллект асосидаги назорат воситалари кўпик қатламини кузатиб, флотация жараёнини оптималлаштиради.

    Фабриканинг юраги саналмиш тегирмонлар участкасида маъдан майда зарраларга етиб боргунича ишловдан ўтади. Замонавий шарли тегирмонлар, концентраторлар ва сенсор технологиялари билан жиҳозланган тизимлар ҳар бир грамм маъданни аниқлик билан ажратиб олиш имконини беради. Бу оддий саноат эмас, илм ва техника уйғунлигидаги мураккаб жараёндир.

    Флотация участкаси эса бу жараённинг ҳал қилувчи қисми. Бу ерда мис ва молибден ажратиб олинади. Замонавий флотомашиналар ва вертикал тегирмонлар иш самарадорлиги билан бирга ресурс тежамкорлигини ҳам таъминлайди.

    Кейинги босқичда маҳсулот сараланади, фильтрланади ва қуюлтирилади. 28 метрли қуюлтиргичлар ва “Larox” фильтрлари орқали тайёр маҳсулот 4 километр узунликдаги қувурли конвейер орқали металлургия корхонасига етказилади. Бундаги бутун жараён автоматлаштирилган бўлиб, сунъий интеллект орқали бошқарилади. Қатъий ишонч билан бу фабрика янги Ўзбекистон саноатининг юзи, салоҳияти ва келажаги эканини айтиш мумкин.

    Энг муҳими, бу ишлаб чиқаришда инсон қўли ва ақли ҳали ҳам марказда туради. Сенсорлар, алгоритмлар ва автоматика — буларнинг барчаси мутахассисларнинг доимий назоратида. Бу ерда тегирмон машинистлари, электриклар, флотаторлар ва техник хизмат ходимлари — ҳар бири ўз касби билан бугунги тараққиёт поғонасини барпо этмоқда.

    Бу ерда фақат ишлаб чиқариш эмас, балки орзу-умидлар, интилишлар ва катта меҳнат самараси ҳам мужассам. Жараёндаги ҳар бир ускуна, ҳар бир тонна маҳсулот — юрт келажагига ишонч рамзи.

    Албатта, бугун дунёда рақобат жуда кучли. Ким ортда қолса, инқирозга юз тутади. Шу боис ҳам Ўзбекистон ана шундай улкан қадамлар орқали нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топишга интилмоқда. Олмалиқ бу интилиш тимсолидир.

    Шаҳардаги ҳар бир ўзгариш, ҳар бир лойиҳа нафақат иқтисодий муваффақият, балки маънавий кўтаринкилик, халқ фаровонлиги ва эртанги кунга ишонч рамзидир.

    Эътиборимизни яна бир жиҳат тортди. Адирлик бағрида жойлашган фабрика атрофига дарахтлар ва гуллар экилган. Бу ерга келган одам нафақат саноат сирларидан, балки бугун республикамиз бўйича долзарб масала бўлган “Яшил макон” лойиҳасининг ҳам гувоҳи бўлади. Табиат ва саноат бирлашган жойда одамларнинг бугундан рози, эртага умид билан яшаётганини кўриш мумкин.

    “Ақлли” конлар

    Комбинат корхоналаридаги кенг қамровли рақамлаштириш ишлари натижасида юқори меҳнат унумдорлигига эришилмоқда. Жумладан, айни кунларда рақамлаштириш доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинатида кон-транспорт мажмуасини бошқаришнинг кенг қамровли автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари якунланиш арафасида.

    Автоматлаштирилган кон-транспорт бошқарув тизими Ўзбекистонда шу соҳадаги биринчи лойиҳа бўлиб, ундан кўзланган мақсад илғор рақамли технологиялар ёрдамида конларда ишлаш ёндашувини тубдан ўзгартиришдан иборат.

    Лойиҳа доирасида 400 дан ортиқ техника турли сенсорлар билан жиҳозланган. Хусусан, “Қалмоққир” конидаги 186 та ва “Ёшлик-1” конидаги 240 та экскаватор, автосамосвал, бурғилаш қурилмалари ва бошқа йўл қурилиши техникалари ўз фаолияти ҳақидаги маълумотларни “Карьер” автоматлаштирилган кон-транспорт бошқарув ахборот тизимига автоматик узатиши мумкин.

    — Тизим конларда ишларнинг бажарилишини 24/7 режимида назорат қилиш, юкни автоматик ағдарувчи юк машиналарининг қатнови сони ва ташилган тоғ жинсларининг ҳажми ҳақидаги ишончли маълумотларни реал вақт режимида олиш тезлик режими ва рухсат этилган юкланишни назорат қилиш орқали техниканинг эксплуатация харажати ва ёнилғи сарфини камайтириш имконини беради, — дейди Олмалиқ кон-металлургия комбинати рақамлаштириш департаменти директори Азиз Розиқулов.

    “Карьер” автоматлаштирилган бошқарув тизимининг функционал имкониятлари ўзи ағдарувчи юк машиналари, экскаваторлар, бурғилаш қурилмалари ва бошқа ҳаракатланувчи объектларга ўрнатилган махсус сенсорлардан маълумот йиғишга асосланган. Сенсорларнинг кўрсаткичлари, жумладан, кузовнинг юкланганлик даражаси, бакдаги ёнилғи миқдори, жойлашуви, ташилаётган юкнинг оғирлиги ва ҳатто бурғилаш асбобларининг ейилиш даражасини ҳам қамраб олади.

    Барча маълумот симсиз канал орқали серверга узатилади. Шундан сўнг ушбу маълумотлар асосида аналитик тизим кейинчалик таҳлил қилиш ва тегишли қарорлар қабул қилиш учун ишлатилиши мумкин бўлган ҳисоботни тайёрлайди.

    “Ақлли карьер” ОКМКга транспорт логистикасини оптималлаштириш имконини беради. Ўзи ағдаргич ва темир йўл таркиблари ҳаракат йўналишларини автоматик белгилаш учун борт тизимлари билан жиҳозланган.

    Шунингдек, кондан юкланадиган кон массасини тезкор ҳисобга олиш тизими жорий этилди. Бу ечим техниканинг тўхтаб туриш вақтини ва сабабларини кўрсатган ҳолда автоматик ҳисобга олиш, самосваллар кузовида ташилаётган юк оғирлигини автоматик аниқлаш, шунингдек, шиналардаги ёнилғи ва босим назоратини таъминлайди.

    Бундан ташқари, тоғ-кон саноати шароитида транспорт воситаларидан фойдаланиш хавфсизлигини ошириш, шунингдек, ҳайдовчи ёки операторни диққатни йўқотиш ва ухлаб қолиш ҳолатлари ҳақида огоҳлантириш учун мўлжалланган назорат тизими жорий этилди.

    Тизим, шунингдек, юклаб жўнатилаётган маъдан сифатини бошқариш ва зарур ҳисоботларни шакллантириш имконини беради. Бурғилаш дастгоҳларини датчиклар билан жиҳозлаш эса ҳақиқий бурғиланган қудуқлар ва уларнинг технологик параметрлари бўйича аниқ маълумотларни олиш, тўхтаб туриш вақти ва бурғилаш ускуналари сарфини ҳисобга олиш имконини беради.

    Тадқиқотларга кўра, интеллектуал карьер экскаваторларнинг иш самарадорлигини ўртача 10 фоиз, ўртача тезлигини 5 фоиз ва юкланишини 20 фоизгача ошириш имконини беради.

    Ушбу лойиҳа нафақат минтақадаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи сифатида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг етакчилик мавқеини мустаҳкамлайди, балки Ўзбекистоннинг бутун тоғ-кон саноатини рақамли трансформация қилиш учун янги стандартни белгилайди.

    Олмалиқда янги нафас

    Олмалиқ шаҳридаги ҳашамдор бино эътиборимизни тортди. Аввалига бу каттароқ корхона бўлса керак, деб ўйладик. Лекин ичкарига кириб кўргач, бу 210 ўринга мўлжалланган футбол академияси эканини билдик.

    Шу ўринда кичик мулоҳаза. Бу йил тарихда илк бор футболчиларимиз жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Осиё чемпионатида ҳам ёшларимиз бир неча бор ғалабани қўлга киритди. Ҳатто баъзилари дунёнинг энг кучли футбол лигаларида майдонга тушмоқда. Бу ёшлар нафақат ўзи учун, балки юртимиз номи ва шарафини юксалтириш учун ҳам катта фидойилик кўрсатмоқда. Дунё ҳам ана шундай иқтидорли ёшлар орқали Ўзбекистонни танимоқда.

    Энди ўз-ўзидан савол туғилади: бу натижалар замирида нима ётибди? Менимча, энг аввало, эътибор. Бугун Олмалиқ шаҳридаги каби академиялар юртимиздаги энг чекка ҳудудларида ҳам қурилаётир. Бу, шубҳасиз, қанчалаб иқтидорлиларни кашф этишга ҳисса қўшади. Жумладан, Олмалиқда қад ростлаган академия ҳам. Айниқса, спорт билан шуғулланаётган ёшлар бу ерда хорижий тилларни ўрганиш билан бирга, кенг дунёқарашга ҳам эга бўлмоқда.

    Олмалиққа келган ҳар бир киши шаҳарнинг ўзига хос янгиланишлари, одамларнинг турмуш даражаси ва дунёқарашидаги ўзгаришларни кузатиб, ҳайратда қолади. Янги йўллар, қулай шаҳар муҳити ва фаол ҳаёт шаҳарни янада жонлантирмоқда.

    Ҳозир энг қимматли ва қадрли бойлик иқтидорли, билимли ва салоҳиятли кадрлардир. Ўзбекистон саноатининг ривожланиши, янги завод ва фабрикалар фаолияти айнан салоҳиятли инсон ресурсларини тайёрлашга йўналтирилган.

    Сафаримизни якунлаб уйга қайтар эканмиз, хотирамда олмалиқлик Абдумажид отанинг сўзлари айланарди:

    — Бир вақтлар мис бойитиш фабрикаларининг биринчи ва иккинчи босқичи ишлаётганида, у ерда эски икки “Жигули” ва бир “Москвич” машина бор эди. Ҳозир комбинатда ишлаётганлар замонавий автомобилларда юради. Бу — оилаларнинг тинчлиги ва фаровонлиги белгиси. Яқинда Олмалиқ кон-металлургия комбинати чўл-биёбон ўртасида Хиёбон ва Ёшлар боғини барпо этди. Биз у ерга ўзимиз ҳавас билан қараймиз. Комбинат шаҳар тараққиётида катта аҳамиятга эга. Янги қурилаётган фабрикалар, очилаётган конлар — барчаси ватан, халқ ва инсон манфаати учун хизмат қилади. Бу шиор бир кунлик эмас, балки халқимиз учун бир умрлик қадриятдир. Табиий бойликлар ер остида ётса-да, улардан халқ манфаати ва тинчлиги учун фойдаланиш мақсадида жон куйдириб ишлаш керак. Давлатимиз раҳбари айнан шундай иш бошлади ва ҳозир биз ҳавас билан қараётган ёшларга шундай имкониятлар яратилди. Буни ҳар қандай жойда баланд овоз билан гапириш мумкин.

    Сардор ТОЛЛИБОЕВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates