Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Афғонистонда Ўзбекистон ёрдамида текстиль корхоналарини тиклаш бўйича амалий ишлар бошланди. Меморандум доирасида дастлабки инвентаризация ва лойиҳалаш ишларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 18–23 октябрь кунлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ходими З.Норматов ҳамда соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат делегациянинг Афғонистонга хизмат сафари уюштирилди.
Сафар давомида Парвон вилояти Гулбаҳор туманидаги «Гулбаҳор текстиль фабрикаси», Кобул шаҳридаги тикув цехи, Қандаҳор вилоятидаги «Қандаҳор текстиль фабрикаси», Балх вилояти Мозори-Шариф шаҳридаги «Балх текстиль фабрикаси» ва Бағлон вилояти Пули-Хумри шаҳридаги «Пули-Хумри текстиль фабрикаси» объектлари ўрганилди.
Биноларнинг жорий ҳолати, технологик ускуналар, инфратузилма имкониятлари баҳоланди ва аввалги лойиҳалаш учун зарур техник-иқтисодий маълумотлар йиғилди.
Ҳозирги пайтда экспертлар томонидан ушбу маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш жараёнлари олиб борилмоқда. Ушбу жараёнлар Афғонистондаги текстиль корхоналарини қайта тиклаш ва ишга тушириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.








