Бу ҳақда “UzAuto Motors” АЖ маълум қилди.
Қайд этилишича, 2025 йил 3 ноябрдан Chevrolet Cobalt автомобилларининг янги версиялари сотуви бошланади. Янги моделдаги автомобилларнинг кўргазма намунаси дилерлик марказларига етказиб берилган бўлиб, мижозлар улар билан танишиб, харид қилиш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин.
Ортиқча ажиотажнинг олдини олиш мақсадида “UzAuto Motors” акциядорлик жамияти Chevrolet Cobalt автомобилларига контрактация жараёни онлайн тарзда амалга оширилишини маълум қилди.
Онлайн шартнома тузиш жараёнида Chevrolet Cobalt автомобилларининг барча комплектациялари, шу жумладан икки янги тури ҳам тақдим этилади.
2025 йил 3 ноябрь куни соат 10:00 дан бошлаб Chevrolet Cobalt учун онлайн контрактация https://uzavtosavdo.uz сайти ва UzAvtoSavdo иловаси (iOS/Android) орқали амалга оширилади. Шу куни барча Chevrolet дилерлик марказлари ёпилади ва “UzAuto Motors” савдо тизимидан узилади.
Онлайн платформалар орқали тузилган шартномаларда махсус QR-код мавжуд бўлади. У шартноманинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди. Бундай QR-кодга эга бўлмаган ҳужжатларга “UzAuto Motors” АЖ ва Chevrolet’нинг расмий дилерлари алоқадор эмас. Компания мижозлардан шартнома тузишда эҳтиёткор бўлишларини ва QR-код мавжудлигини текширишларини сўрамоқда.
Chevrolet Cobalt сотуви ҳақида қўшимча маълумотни +998 (78) 141-77-77 телефон рақами орқали ёки https://chevrolet.uz сайтидан олиш мумкин.








