Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов “Ўзбекистон 24”га берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, Президент ҳузурида қилинган Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимини тубдан яхшилашга қаратилган янги лойиҳа тақдимотида пойтахт кўчаларида автобуслар учун алоҳида ажратилган йўлаклар, яъни BRT (Bus Rapid Transit) тизимини жорий этиш режалари муҳокама қилинди.
Ушбу лойиҳа транспорт ҳаракатини оптималлаштириш, қатнов интервалларини қисқартириш ва йўловчилар учун қулайликларни оширишни мақсад қилган.
Президентга тақдим этилган лойиҳа пойтахт транспорт инфратузилмасида муҳим ўзгаришларни назарда тутади. Унинг асосий мақсади – автобуслар ҳаракатини тезлаштириш ва самарадорлигини оширишдан иборат.
Тизим тўлиқ ишга тушгач, 1 миллион 146 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиши кутилмоқда.
Лойиҳа Тошкентнинг марказий ва тирбандлиги юқори бўлган ўнта асосий кўчасини қамраб олади. Бу кўчалар йўловчи оқими энг кўп бўлган йўналишлар ҳисобланади.
Ҳоким ўринбосарининг айтишича, пойтахтдаги умумий масофа қарийб 51 километрни ташкил этган яна 9 та кўчада BRT тизими жорий этилади.
Жумладан:
- Шаҳрисабз кўчаси – 3,2 км;
- Амир Темур кўчаси – 5,7 км;
- Янги Сергели кўчаси – 5,3 км;
- Махтумқули кўчаси – 1,3 км;
- Мирзо Улуғбек – Феруза – Юзиробод кўчалари – 10,4 км;
- Лутфий ва Муқимий кўчалари – 5,9 км;
- Нурафшон кўчаси – 3,7 км;
- Қоратош – Кўкча дарвоза кўчалари – 4 км;
- Алишер Навоий – Беруний кўчалари – 6 км.
Лойиҳани амалга ошириш учун умумий қиймати 126 миллион доллар миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
BRT тизимининг жорий этилиши жамоат транспорти самарадорлигини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда. Энг муҳими, автобусларнинг белгиланган манзилга етиб бориш вақти қисқаради.
Бахтиёр Раҳмоновнинг қайд этишича, автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлиги ортади, қатновлар орасидаги интервал эса ҳозирги 20 дақиқадан 8–10 дақиқагача қисқаради. Бу ўзгаришлар натижасида жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони ортиши прогноз қилинмоқда.









