Инсон бор экан, у билан бирга тил ҳам бор. Тил — миллатнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, унинг қалб ойнаси, маънавияти ва маданиятининг асосидир. Миллат тарихи қоғозларда эмас, балки она тилида ёзилган асарларда, эл оғзида юрган достонларда ва халқ тилида айтилган шеър ҳамда насиҳатларда намоён бўлади.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 36 йиллиги муносабати билан 2025 йил 21 октябрь куни Тошкент давлат тиббиёт университети 1-сон академик лицейида “Фахримсан, ғуруримсан, бетакрор Она тилим!” шиори остида Ўзбек тили байрамига бағишланган тантанали тадбир ва маънавий-маърифий ҳафталик бўлиб ўтди.
Тадбирнинг асосий мақсади ёшларда она тилига бўлган муҳаббат ва ҳурматни мустаҳкамлаш, ўзбек тилининг нуфузини ошириш ҳамда унинг давлат тили сифатидаги ўрнини кенг ёритишдан иборат бўлди.
Лицей ҳовлисида ўтказилган байрамда раҳбарият, устозлар, меҳмонлар ва ўқувчилар фаол иштирок этдилар. Лицей директори А. Ғаниев ўз нутқида ўзбек тилининг тарихий ривожи, замонавий жамиятдаги аҳамияти ва унинг авлодлар онгидаги ўрни ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, устозлар З. Маликов ва Д. Исмоловалар тилимизнинг бой тарихи, адабий мероси ва унинг давлат тили сифатидаги нуфузи ҳақида фикр билдирдилар.
Байрамда ўқувчилар томонидан бадиий чиқишлар, рақслар ва шеърлар намойиш этилди. “Она тили”га бағишланган саҳнавий кўринишлар ва мусиқий чиқишлар йиғилганлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Ҳафталик доирасида “Оммавий диктант” танлови ўтказилиб, ўқувчилар ўз саводхонлик даражаларини намоён этдилар. Шунингдек, “Фахримсан, ғуруримсан, бетакрор Она тилим!” мавзусида деворий газеталар танлови ташкил этилди. Унда ўқувчилар ўз ижодий маҳорати ва она тилига бўлган меҳрини ифода этдилар.
“Янги авлод” нашриёти ҳамкорлигида ўтказилган китоблар ярмаркаси ёшларда китобсеварликни тарғиб этишга хизмат қилди. “Мен кутубхонамга китоб совға қиламан” челленджи лицей жамоаси томонидан қизғин қарши олинди.
Тадбирлар якунлангач, ғолиблар ва фаол иштирокчилар эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирландилар.
Зеро, бундай тадбирлар ёш авлод онгида она тилига нисбатан ҳурмат, фахр ва масъулият туйғусини мустаҳкамлайди, миллий ўзликни асрашга хизмат қилади.
Зулхумор Акбарова
Ҳамкорилк материали









