Юз билан юзлашган “Jadid”

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклиф ва ташаббуси билан “Тилда, фикрда, ишда бирлик!” ғоясини ўзига шиор қилиб майдонга кирган адабий, илмий-маърифий ва ижтимоий ҳафталик газетамиз – “Jadid”нинг кечагина юзинчи сони нашрда чиқди.

    Газета таҳририяти сал кам икки йилдан буён шиддат билан ишламоқда. Газета саҳифаларида зиёлилар, ижод аҳли, таниқли олимлар, санъаткорлардан тортиб оддий мухлисларгача қатнашиб, республика ҳаётининг барча жабҳалари қамраб олинмоқда.

    Бугун “Jadid” эътибор қозонди, ўзининг чинакам ўқувчиларини топди. Юзлаб ташкилотларга, минглаб хонадонларга кириб борди. Бунинг ўз сабаблари бор, албатта. Зотан, “жадид” сўзи луғат эътиборидан “янги” маъносини англатар экан, газетада босилган ҳар бир манба ўзининг янгилиги билан диққатни тортади. Хусусан, бир муддат назардан четда қолган истиқлол фидойилари, миллатпарвар жадидлар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган жуда кўплаб янги мақолалар айнан “Jadid”да нашр бўлди.

    2024 йил биринчи январь куни босилган илк сонда менинг ҳам мақолам чиққан эди. Юзинчи сонини варақладим – “Чўлпон ва “Гулистон” мақоламни кўриб қувондим. Икки йилдан буён “Жадид”чилар ёнидаман, қўлимдан келгунича, ақлим етгунича ёрдамчиман...

    Айтмоқчи, юзинчи соннинг биринчи саҳифасида берилган “Огоҳлик қўнғироғи” номли сарлавҳага кўзим тушди. Бамаъни, яхши сарлавҳа. Тўхтадим. Ўйладим. Дарвоқе, “Jadid” шунча сони давомида айнан огоҳлик қўнғироғи бўлиб жаранглади. Бу овоз моҳиятида ҳар бир инсоннинг ўз қалбига назар қаратишдан тортиб, ташқи дунёнинг турли минтақаларида бўлаётган ҳодисаларни теран англатишдек, олис мозийнинг шонли саҳифаларини билдиришдан то кечаги кун алам ва сурурларидан хабар беришдек сайҳа-ҳайқириқ бор.

    Огоҳлиқ қўнғироғини ўз вақтида жадидлар ҳам чалишга ҳаракат қилишди; “Тараққий” ва “Ойина”да, “Ҳақиқат” ва “Садо”ларда бонг уришди улар. Эзгулик ва саодат йўлида бирилашмоққа, уйғонмоққа, тараққий этмоққа, олам аҳли билан ҳамнафас бўлмоққа, энг муҳими, улуғларимиз мадфун муқаддас Ватан тупроғини кўз қорачиғидек асрашга чорлашди улар.

    “Jadid” газетаси ҳар жиҳатдан Истиқлолдек бабаҳо неъматни ўз жон ва таналарида яшатиб-яшнатиб кўришга мушарраф бўла олмаган жадидлар руҳини шод қилди. Уларнинг эл ободлиги, юрт фаровонлиги, Ватан тараққиёти йўлидаги жонфидо хизматларига холис, одил ва ҳаққоний баҳоларни берган мақолаларни чоп этди. “Хотира азиз” рукнида қатағон қурбонларини ёдга олди ва бу рўйхат ҳали ҳамон давом этмоқда.

    Икки йил давомида “Jadid”нинг географик қамрови кенгайди. Қўшни ва қардош республикалардаги нуфузли олимлар, Туркия, Озарбайжон, Германия, АҚШ, Японияда истиқомат қиладиган жадидшунослар ўз нуқтаи назарлари, жиддий мақола ва суҳбатлари билан газетада қатнашдилар. Газета саҳифаларида жадидларнинг авлодлари, набира-абиралар боболарига кўрсатилаётган эҳтиром учун чин дилдан самимий эътирофларини баён қилишди.

    Шу қисқа фурсатда “Jadid” газетаси мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, адабий-илмий ҳаётининг чинакам кўзгусига, таклифлар, ташаббуслар, зарур бўлганида танқидий мулоҳазалар минбарига айланди.

    Инсон бошидан ўтган ҳар бир кун тарихга айланади. Яқин ва олис тарих воқеа-ҳодисаларини бизга вақтли матбуот эслатади. “Jadid”нинг “Табдил” рукнида берилган, бундан бир аср муқаддам чоп қилинган газета ва журналлар саҳифаларидан олинган манбалар ўқувчини ўша давр об-ҳавоси билан ошно этади. Шу манбалар орқали маърифат, ислоҳот, озодлик, ҳурлик, миллатни уйғотишдек муҳташам дастур билан майдонга чиққан маънавият заҳматкашлари – жадид алломаларининг орзу-ниятлари, кўнгил дардлари, иш фаолияти билан яқиндан танишмоқ мумкин.

    Алоҳида таъкидлашни истардимки, газетанинг ҳар бир сонида берилган манбаларнинг шакл ва мазмуни, саҳифалар учун танланган рукн ва безаклар, бош муҳаррир, масъул котиб, бўлим муҳаррирлари, мусаҳҳиҳлар, безакчилар хизмати, назаримда, вақти келиб, келажакда журналистика соҳаси мутахассислари учун махсус илмий-тадқиқот объекти бўла олади. Бугуннинг ўзидаёқ юзта сони дунё юзини кўрган газетанинг мамлакатимиз маънавий ҳаётида тутган ўрнини, тезкорлиги ва ҳозиржавоблигини юксак баҳоламоқ лозим.

    “Jadid” халқимизнинг бунёдкорликлари, шукуҳли байрам онларини, қувончли кунларини олқишлади, айни дамда, ижтимоий-маиший турмушдаги муаммоларга ҳам асло бефарқ қарагани йўқ. Хусусан, ўз вақтида жадидлар кун тартибига қўйган тўй ёки аза маросимлари, урф-одат ва анъаналар қадри, илғор маорифчилар, янги замон ташаббускорлари ва ёшлар тарбияси каби қатор масалалар газетанинг доимий долзарб мавзулари саналади.

    Дарвоқе, “Жадид”чилар ташаббуси билан мамлакат миқёсида кенг қулоч ёйган биргина “Жадид бобомга мактуб” танлови ўқувчи-ёшлар қўлига қалам тутқазгани, илҳом бергани, газета жойлашган манзилга юз минглаб мактубларнинг оқиб келгани ва уларга таҳририят ходимлари вақт топиб муносиб жавоблар ёзганининг ўзиёқ таҳсинга муносибдир.

    Азизлар, тўғриси, “Jadid”нинг тугал шарҳи учун бел боғлаганим йўқ. Бу ҳозирда мен учун имконсиз ҳамдир. Аслида, ўнлаб мақолалари нашр бўлган бир қалам эгаси сифатида мен газета бош муҳаррири ва таҳририятнинг барча ходимларини, жумладан, минг-минглаб “Жадид”хонларни шу муҳташам юзта соннинг дунё юзини кўриши билан табрикламоқчиман. Муборак бўлсин! Вақти келиб, “Jadid” ҳам юз ёшга тўлсин!

    Баҳодир КАРИМ

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates