28 ноябрь куни Мудофаа вазирлигида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёровнинг «Янги Ўзбекистон орзуси» китоби тақдимоти ҳамда «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газетаси кунлари ўтказилди.
Тадбирда ҳарбий округлар, олий ҳарбий таълим муассасалари ва бошқа бўлинмалар ҳарбий хизматчилари ҳамда Қуролли Кучлар хизматчилари видеоалоқа орқали иштирок этди.
Тақдимотни мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Олимжон Ўсаров очиб берди ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, очиқ ва прагматик давлат сиёсатини амалда қарор топтириш, инсон қадрини юксалтириш каби устувор йўналишлар китобда атрофлича акс этганини, мазкур асарнинг жамият ҳаётидаги ўрни, янги даврда мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларни холис ва самимий тарзда ёритганини алоҳида таъкидлади.
Икки қисмдан иборат мазкур асарнинг биринчи қисмида муаллиф томонидан давлат ва жамоат арбоблари билан олиб борилган суҳбатлар берилиб, кенг қамровли фикрлар, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти очиб берилган.
Иккинчи қисмда эса Ватан ва миллат истиқболи, мамлакат шаъни ва нуфузини юксалтиришга қаратилган ишлар батафсил таҳлил қилинган.
Китобга киритилган мақола ва суҳбатлар 2020–2025 йилларда «Янги Ўзбекистон» газетасида чоп этилган материаллар асосида тузилган.
Тадбирда иштирок этган Ҳарбий хизматчилар китобдан ўрин олган мақолалар бўйича ўзларини қизиқтирган савол ва таклифларини билдириб, самимий суҳбат қуриш имконига эга бўлди.












