Қорақалпоқ қўбиз санъати ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди

    Қорақалпоқ қўбизини ясаш ва унда ижро этиш санъати расман ЮНЕСКОнинг Зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди.

    Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

    Тарихий қарор шу кунларда Ҳиндистон пойтахтида бўлиб ўтаётган ЮНЕСКО Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитасининг 20-сессияси иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди.

    Мазкур муҳим воқеа Ўзбекистоннинг мақсадли саъй-ҳаракатлари натижаси бўлиб, Қорақалпоғистоннинг ноёб маданий анъанаси халқаро миқёсда эътироф этилганини яққол намойиш этмоқда.

    Қўбиз санъати Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО рўйхатларига киритилган маданий мерос элементлари сонини ўн олтитага етказди. Бу эса мамлакатимизнинг қадимий цивилизация ва бой маданиятнинг халқаро марказларидан бири сифатидаги мақомини тасдиқламоқда.

    Қўбиз қадимги торли-камонли мусиқа асбоби бўлиб, туркий халқлар, айниқса, қорақалпоқлар, қозоқлар ва қирғизлар орасида кенг тарқалган. Қорақалпоқ қўбизи анъанавий тарзда яхлит ёғочдан (кўпинча тутдан) ясалади, отнинг ёлидан қилинган иккита торга эга бўлиб, чуқур ва бетакрор оҳанг ҳосил қилади.

    Жиров – қорақалпоқ достончилари ва шоирларидир. Улар қўбиз жўрлигида достонлар ва тарихий ривоятлар ижро этади. Жировчилик анъанаси қорақалпоқ халқининг тарихи, фалсафаси ва маънавий қадриятларини етказувчи мусиқий ва шеърий санъатнинг ноёб уйғунлиги ҳисобланади.

    Қўбиз ясовчи усталар ва унда ижро этадиган созандалар сафининг камайиб кетаётгани оқибатида ушбу санъат элементининг йўқолиш хавфи мавжуд. Шу сабабли уни Зудлик билан муҳофаза остига олиш рўйхатига киритиш зарурати пайдо бўлган.

    Сессия иштирокчилари мазкур ноёб анъанани келажак авлодлар учун сақлаб қолиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

    Ҳукуматлараро қўмита сессияси давом этмоқда ва унинг доирасида Ўзбекистоннинг маданий мероси аҳамиятини намойиш этувчи қатор тадбирлар режалаштирилган.

    Хусусан, бугун «Муқаддас мероснинг қайта тикланиши: қўбиз ва қорақалпоқ жировларининг эпик анъанаси» мавзусида сайд-ивент бўлиб ўтади. Унинг дастурига таниқли жировлар Бақберген Сиримбетов ва Давронбек Ендирбековнинг жонли ижроси, қўбиз ва жировга бағишланган ҳужжатли фильм намойиши, шунингдек, уста Марат Жақсимуратов томонидан қўбиз мусиқа асбобини ясаш жараёнининг жонли кўргазмаси киритилган.

    Жума куни сессияда қорақалпоқ, қозоқ ва қирғиз ўтовларининг биргаликдаги номинациясини Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритиш масаласи кўриб чиқилади. Бу минтақавий маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлади.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates