Лого Лого-пв-уз

    Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 20 апрел 2022 1623

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

    Республикада давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган ва замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

    Жумладан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан 73 турдаги маълумотнома ва ҳужжатлар тақдим этилиши талаби бекор қилиниб, давлат органлари томонидан ушбу маълумотларни “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда олиш тизими жорий этилди.

    Шу билан бирга, аҳолига давлат хизматларини қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини ошириш ва фуқароларнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олиш, давлат органлари ахборот тизимида мавжуд маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарур.

    Жисмоний ва юридик шахслар учун давлат хизматлари кўрсатиш кўламини ошириш, аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, бу борада барча учун тенг шароитларни яратиш орқали инклюзив муҳитни шакллантириш мақсадида:

    1. 2022 йил 1 августдан бошлаб:

    а) давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими (кейинги ўринларда – Мобил-ID тизими) жорий этилсин;

    б) шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

    Мобил-ID тизими “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича  ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади;

    шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ёки нотариал идора томонидан ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг (кейинги ўринларда – ЯИДХП) мобил иловаси орқали амалга оширилади;

    Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан бевосита Марказ ёки нотариал идорага мурожаат қилинганда шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асли тақдим этилади ҳамда Марказ ёки нотариал идора ходими томонидан фуқаронинг юзи рақамли форматда расмга туширилади, электрон шаклда қўл бармоғи изи олинади ва мобил телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга боғланади;

    Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан ЯИДХПнинг мобил иловасидан фойдаланилганда масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо қўлланилади ҳамда мобил телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга бепул боғланади;

    бевосита Марказлар ёки нотариал идора орқали фуқароларни Мобил-ID тизимига идентификация қилиш 2022 йил 31 декабрга қадар тўлов ундирилмасдан2023 йил 1 январдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилган ҳолда амалга оширилади;

    Мобил-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан (бундан молиявий хизматлар мустасно) фойдаланиши мумкин;

    фуқаронинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юбориладиган барча хабарномалар унинг хоҳишига кўра ва белгиланган тўловлар асосида Мобил-ID тизими орқали идентификацияланган мобил телефон рақамига SMS-хабар шаклида юборилади.

    2. Белгилаб қўйилсинки, Мобил-ID тизимини жорий қилиш ва келгусида техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тенг миқдорда ёхуд қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

    3. Қуйидагилар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича вазифаларни амалга оширишда Адлия вазирлигининг келгуси беш йилликдаги устувор фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

    “Давлат хизматларини кўрсатишда фуқаро эътибор марказида” (Citizen – centric service) тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини модернизация қилиш;

    Марказлар фаолиятида қўлланилаётган ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларини кенгайтириш, аҳолининг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш даражасини кескин ошириш ҳамда иш юритишни “қоғозсиз” тамойил асосида олиб бориш;

    бизнес жараёнларини модернизациялаш усуллари (Business Process Reengineering) асосида ҳар бир давлат хизматини мақбуллаштириш, шу жумладан, муддатлар ва талаб этиладиган ҳужжатлар сонини максимал даражада қисқартириш орқали “бир дарча” тамойилини амалиётга тўлиқ татбиқ этиш;

    ижтимоий-иқтисодий ва технологик ривожланишнинг жорий ҳолати, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг эҳтиёжи ва талабларидан келиб чиқиб давлат хизматларининг янги турларини йўлга қўйиш ҳамда ўз аҳамиятини йўқотган давлат хизматларини бирлаштириш ёки бекор қилиш;

    жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда инклюзив муҳитни яратиш;

    давлат органларининг ташаббуси асосида проактив давлат хизматлари ҳамда битта сўров бўйича ўзаро боғлиқ композит давлат хизматлари кўрсатиш амалиётини кенгайтириш;

    ўзига ўзи хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш кўникмаларини ошириб бориш.

    4. Қуйидагилар:

    Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси 1-иловага мувофиқ;

    Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган миллий стратегиясини 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;

    2022 йил 1 июлдан айрим талаб ва шартлари бекор қилинаётган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхати 3-иловага мувофиқ;

    2022 йил 1 июндан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайдиган давлат хизматлари рўйхати 4-иловага мувофиқ;

    “Электрон ҳукумат” доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган давлат хизматлари тўғрисида электрон хабардор қилиш тизимига давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш жадвали 5-иловага мувофиқ;

    Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш ва кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган давлат органларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини Ягона биллинг тизимига босқичма-босқич интеграция қилиш жадвали 6-иловага мувофиқ;

    2022-2026 йилларда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    5. Белгилансинки, 2022 йил 1 июлдан бошлаб коммунал ташкилотлар томонидан аҳолидан, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон фармонининг 4-банди ҳамда 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон фармонининг 5-бандида назарда тутилган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади.

    “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва “Тошиссиққуввати” ДУК Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар ўз ахборот тизимларининг “Электрон ҳукумат” тизими доирасида ишловчи Рақамли маълумотлар платформасига интеграция қилинишини таъминласин.

    6. Хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, фуқаролар ва хусусий секторга янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги нодавлат ташкилотларга “Электрон ҳукумат” тизими орқали олиниши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилсин:

    тижорат банклари;

    телекоммуникация ташкилотлари;

    хусусий тиббиёт муассасалари;

    нодавлат таълим ташкилотлари;

    суғурта ташкилотлари.

    Белгилансинки, “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланишга рухсат берилган нодавлат ташкилотлар шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда учинчи шахсларга маълум қилмаслик бўйича зарур ташкилий ва техник чораларни кўриши шарт. Бунда, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиш тегишли лицензиянинг талаб ва шартларидан бири ҳисобланади.

    7. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

    бир ой муддатда “Электрон ҳукумат” тизими доирасида маълумотларни нодавлат ташкилотларга тақдим этувчи Рақамли маълумотлар платформасини ишлаб чиқсин;

    икки ой муддатда нодавлат ташкилотларни Рақамли маълумотлар платформасига улаш ҳамда барча давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимларида мавжуд бўлган маълумотлар нодавлат ташкилотларга фақат Рақамли маълумотлар платформаси орқали тақдим этилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

    2022 йил 1 июнга қадар ушбу фармонга 4-иловада кўрсатилган давлат хизматларидан ЯИДХПда электрон рақамли имзо билан тасдиқламасдан фойдаланиш имкониятини яратсин;

    2022 йил 1 августга қадар давлат хизматларидан фойдаланиш учун Мобил-ID тизимини, шунингдек, шахсга доир маълумотларни “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланган ҳолда тақдим этишнинг янги тартибини жорий этиш бўйича ташкилий-техник чораларни амалга оширсин.

    8. Шахсга доир маълумотларнинг конфиденциаллигини ва ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида 2022 йил 1 августдан бошлаб шахсга доир маълумотларни “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланган ҳолда олишнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:

    давлат органлари томонидан шахсга доир маълумотлар “Электрон ҳукумат” тизими орқали сўраб олинганда шахсга доир маълумотлар субъектининг ЯИДХПдаги шахсий кабинети ёки Мобил-ID тизими орқали идентификациядан ўтган мобил телефон рақамига бу ҳақида хабарнома юборилади (бундан давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган ҳолатлар мустасно);

    хўжалик бирлашмалари, давлат ташкилотлари ва муассасалари, “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланишга рухсат берилган нодавлат ташкилотлар томонидан ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатишда шахсга доир маълумотлар унинг субъекти розилиги билан “Электрон ҳукумат” тизими орқали тақдим этилади. Бунда, маълумотлар тегишли ташкилотга шахсга доир маълумотлар субъектининг ЯИДХПдаги шахсий кабинети ёки Мобил-ID тизими орқали идентификациядан ўтган мобил телефон рақамидан тасдиқ олингандан сўнг “Электрон ҳукумат” тизими орқали тақдим этилади.

    Давлат персоналлаштириш маркази Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ваколат, функция ва фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда, “Электрон ҳукумат” тизими орқали шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш доираси ва чегараларини белгилаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    9. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 июндан бошлаб:

    “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилади;

    Марказларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи жойлар ташкил этилади. Бунда, Марказларда фаолият олиб бораётган операторларнинг камида 1 нафари давлат хизматларидан мустақил фойдаланмоқчи бўлган шахсларга бевосита ёрдам кўрсатишга жалб этилади;

    давлат хизматидан фойдаланишда ундириладиган тўловларни Марказларда жойлашган тижорат банклари шохобчасидан нақд ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширганда икки фоизгача бўлган тижорат банкининг комиссия суммаси учун алоҳида тўлов ундирилмайди (бундан давлат божи тўловлари мустасно). Бунда, маблағларни олувчиларнинг ҳар бирига йўналтириладиган суммалар пропорционал равишда камайтирилган ҳолда, тижорат банкининг комиссия тўлови хизматдан фойдаланиш учун тўланадиган тўлов ҳисобидан ўтказиб берилади;

    ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар давлат хизматларини кўрсатиш ёки бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш функциялари юклатилган ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва масъул ходимлари давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгар ҳисобланади.

    10. Адлия вазирлиги 2022 йил 1 июлга қадар:

    Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Электрон технологияларини ривожлантириш маркази ва Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда шахсни Мобил-ID тизими орқали идентификациялаш тартибини жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

    Марказларда давлат хизматлари учун тўловларни қабул қиладиган тижорат банклари шохобчаларини ижара тўловларини ундирмаган ҳолда беш йилгача бўлган муддатга жойлаштириш бўйича танлов ўтказсин;

    қонунчилик ҳужжатларига мазкур фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 8-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

    12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 9-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

    13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

    14. Мазкур фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб адлия вазири Р.Қ.Давлетов ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Х.Шерматов белгилансин.

    Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

    Амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида 2022 йил 1 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

     

    Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 20 апрель

    No date selected
    июл, 2022
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates