баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Глобал инқироз ва меҳнат бозори 

    Ҳар бир инсоннинг эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлаш демократик жамиятнинг муҳим талабларидан биридир. Айниқса, бугунги глобал пандемия шароитида бу борадаги вазифаларни тўлақонли амалга ошириш ҳар бир давлат олдидаги долзарб вазифага айланмоқда.

    Бу масала юртимиз учун ҳам устувор аҳамиятга эга. Зеро, мамлакатимиз бой меҳнат русурсларига эга бўлиб, ҳар йили меҳнат бозорига минглаб ёшлар кириб келади. Уларнинг бандлигини таъминлаш, жамиятга фаол интеграциялашишига кўмаклашиш доимий эътибор ва узлуксиз сайъ-ҳаракатларни тақозо этади.

    Президентимиз ташаббуси билан бу борадаги долзарб вазифалар ечимига устувор аҳамият қаратилаётгани фаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати бўлаётир. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш орқали ишсизликни камайтириш, оилалар фаровонлигини ошириш бўйича кўплаб амалий ишлар бажарилди. Жумладан, Президентимизнинг бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасига оид 12 та фармони ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга оид 40 дан зиёд ҳуқуқий-меъёрий ҳужжати қабул қилинди.

    Жорий йил 20 январдан кучга кирган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги  қонун бу борадаги муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлди. Қонунда аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, хусусан, иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш, ишсиз шахсларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, ишсизликни камайтириш чораларини кўриш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

                       Аҳоли фаровонлигига йўналтирилган ишлар

    Коронавирус пандемиясининг мамлакатимиз меҳнат бозорига салбий таъсирининг олдини олиш борасида изчил ишлар давом этмоқда. Глобал инқирознинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилалар ва тадбиркорлик субъектларини манзилли қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари юзасидан кечиктириб бўлмайдиган ва ўта муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда белгиланган вазифаларнинг ижроси ўз вақтида таъминланиши натижасида жойларда “Ишга марҳамат” мономарказлари фаолият бошлади, маҳаллаларда касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди. Президентимиз ташаббуси билан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” бўйича маҳаллабай ва фуқаробай ишлаш тизими йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2020-2021 йилларда юртимизда иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси ҳамда “йўл харитаси” тасдиқланди. 

    Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги тизимли ишларнинг давоми бўлди. Қарорнинг асосий мақсади аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар, меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича янги таъсирчан механизмларни жорий этиш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада рағбатлантиришга қаратилган.

        Ишсизлик ва миграция: муаммолар ечимига ўзига хос ёндашув

    Мамлакатимизда бугунги кунда 19,1 миллион меҳнат ресурси бўлиб, шундан иқтисодий фаол аҳоли 14,7 миллион, банд аҳоли 13,2 миллион кишини ташкил қилмоқда. Банд аҳолимизнинг 5,7 миллион нафари расмий, 5,6 миллиони норасмий секторда фаолият юритяпти. Республикамиздан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётганлар сони 1,8 миллион, ишга жойлашишга муҳтожлар сони 1,5 миллиондан зиёддир. Ишсизлик даражаси эса 10,5 % бўлиб турибди.

    Жорий йилнинг биринчи чорагида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 281 195 нафар фуқарога турли хизматлар кўрсатилган. Жумладан, иш сўраб мурожаат қилган 71 361 киши бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилган. 33 330 нафари жамоат ишларига жалб этилган. 43 917  нафар фуқаро касбга ўқишга юборилган. 49 253 нафарига эса ишсизлик нафақаси тайинланган. 8 759 кишига субсидиялар ажратилган.

    Ташқи миграция масалаларига ҳам эътибор кучайтирилмоқда. Бу борада Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, меҳнат мигрантлари бугунги кун талаби асосида касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилмоқда. Шунингдек, келажакда мигрантларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида хорижда ишлаётган фуқароларнинг меҳнат стажи ҳисобга олиниб, уларга ҳам ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш ва меҳнат стажини ҳисоблаш тизими татбиқ этилмоқда. Меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун паст фоизда 10 миллион сўмгача кредитлар ажратилмоқда. Хориждаги фуқароларимиз ҳуқуқий ҳимоясини тўлақонли таъминлаш учун онлайн платформа ва колл-марказ ташкил этилиб, малакали адвокатлар хизмати йўлга қўйилди. Бу борадаги ишларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

    Жорий йилда 457 127 та доимий янги иш ўрни яратилади

    Бу рақамлар Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарорида ўз аксини топган. Шунингдек, мазкур ҳужжатда 2021 йилда меҳнат органлари томонидан 513 575 нафар фуқарога бандлигига кўмаклашиш ва иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича хизматлар кўрсатилиши белгиланган. Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2021 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш учун субсидия, нафақалар ва микрокредитлар ажратиш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланган. Хусусан, жорий йилда субсидиялар учун 92,3 миллиард сўм, ишсизлик нафақалари тўлаб бериш учун 65,1 миллиард сўм, ишсиз, иш излаётган фуқароларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш харажатларини қоплаш учун 40,6 миллиард сўм маблағ ажратилади. Жорий йилда янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банкларига 125 миллиард сўм ресурс ажратиш кўзда тутилмоқда.

    Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, давлат дастурини ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари тегишли йўналишлар бўйича масъул этиб белгилаб қўйилди. Бу эса дастур параметрларини қоғозда эмас, амалда бажаришга замин яратади.  

    Эндиликда вақтинча, мавсумий ва бир марталик ишларда (вақтинча ишларда) банд бўлган фуқароларнинг меҳнат фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича янги тизим яратилади. Унда вақтинча ишларда банд бўлган фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, иш берувчи жисмоний ва юридик шахсларга вақтинча ишларда банд бўлган фуқароларни ёллаш бўйича хизматлар кўрсатиш, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш масалаларида маслаҳат ва услубий ёрдам бериш, вақтинча ишларда банд бўлган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилиш, уларга меҳнат қуроллари, шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимлар билан таъминлаш хизматларини кўрсатиш каби масалалар назарда тутилган.

    Шунингдек, “барча учун иш” тамойили асосида вақтинча ишларни ташкил этишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, иш берувчилар ва ишловчиларга масофадан туриб хизматлар кўрсатиш тизимини  жорий этишга эътибор қаратилади. Вақтинча ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш жараёнларига давлат-хусусий шериклиги шартлари асосида тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, бунда иш изловчиларни ётоқхона ва транспорт билан таъминлаш, тезкор буюртмалар олиш ва бошқа қўшимча хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш белгиланмоқда.

    Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида фаолият юритаётган вақтинча бир марталик иш билан таъминлаш бюролари кунлик меҳнат марказлари сифатида қайта ташкил этилади. Марказларни ташкил этиш, сақлаш ва моддий-техник таъминлаш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уларда видеокузатув ва огоҳлантирувчи алоқа тизимларини ўрнатиш Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Қарорда белгиланганидек, бир ой муддат ичида кунлик меҳнат марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинади.

    Тегишли вазирликлар томонидан 2021 йил 1 июлга қадар янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича ҳисоботларни юритиш, уларни реал вақт режимида Давлат солиқ қўмитасининг ягона интеграциялашган ахборот-ресурс базаси билан мониторинг қилишга мўлжалланган электрон дастур ишлаб чиқилади.

    Муҳим жиҳатлардан яна бири шуки, уч ой муддатда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарори билан белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ва иш берувчилар томонидан иш ўринлари захирага қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотлар “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида акс эттирилиши таъминланади.

    Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бу йилги дастур бошқа дастурлардан тубдан фарқ қилган ҳолда, мутасаддилар зиммасига катта вазифаларни юклаш билан бирга, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга,  мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишсизлик даражасини камайтиришга, тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида аҳоли фаровонлиги янада ошиб, турмуш даражаси кўтарилишига эришилади.

    Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик  палатасининг

        Меҳнат ва  ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

    No date selected
    June 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates