Ўзбекистон ва Eвропа давлатлари ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

    2024 йил 25 апрель куни Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳамда Прогрессив ислоҳотлар маркази ҳамкорлигида давра суҳбати ўтказилди.

    Унда Ўзбекистон ва Европа давлатлари ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

    Давра суҳбатида давлат ташкилотлари ва идоралари, Европа давлатлари элчихоналари, ақл марказлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим ва илмий муассасалари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди.

    Тадбирда Ўзбекистоннинг хусусий сектор, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат идоралари вакиллари ўртасида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш, ўзаро таълим дастурларини ўтказиш ва экологик барқарорликни таъминлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тажриба алмашиш бўйича ташаббусларни илгари суриш борасида фикр алмашилди.

    Хусусан, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз нутқида барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурган глобал экологик муаммоларга тўхталиб, минтақамизда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп эканлиги, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида республикада экологик вазиятни тубдан яхшилаш, инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи атроф-муҳит муаммоларини бартараф этиш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини олдини олиш каби мақсадларга алоҳида эътибор қаратилгани ва ҳужжатда белгиланган вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди.

    «Ушбу йўналишда «Яшил иқтисодиёт»га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг МВт ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш, саноатда «яшил сертификат»лар бозорини ривожлантириш ва «экологик маркировкалаш» амалиётини жорий қилиш, шаҳарларда жамоат транспортини экологик тоза ёқилғига ўтказиш режалаштирилган», — деди Элдор Туляков.

    Шунингдек, Стратегияга кўра республикада экологик вазиятни тубдан яхшилаш, инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи экологик муаммоларни бартараф этиш мақсад қилинган. Бунда, шаҳарлар бош режаларини тузишда улар ҳудудининг камида 30 фоизини яшил майдонлар ташкил этиши, турар жой биноларини қуришда «яшил майдон»ларни аҳолининг сонига мутаносиб бўлишини таъминлаш долзарб масалалардан бири эканлигини алоҳида қайд этди.

    Мулоқот жараёнида мазкур йўналишда амалиёт ва технологияларни рағбатлантириш, экологик таълим ва аҳолининг хабардорлигини ошириш, яшил инфратузилма ва маҳаллий барқарор ташаббусларга инвестициялар жалб қилиш каби қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди.

    Якунда Европа ишбилармон доиралари билан 2024 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган ҳамкорлик ва батафсил ҳаракатлар режасини, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда муҳокама қилинган масалаларни ҳал этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates