Масалан, янги асрда инсониятнинг жисмоний фаоллиги кескин чекланди. Кам ҳаракатлилик эса қатор хавфли касалликлар ривожланиши учун омил бўлмоқда. Устига-устак, нотўғри овқатланиш, хусусан, “фаст-фуд”, ярим тайёр маҳсулотлар, газланган ичимликларнинг кенг оммалашиши соғлом турмуш тарзини издан чиқаряпти.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг навбатдаги ҳисоботи айни шу глобал муаммога бағишланди. У ҳудуддаги 33 мамлакатдан тўпланган таҳлилларга асосланган. Тадқиқотда 6 ёшдан 9 ёшгача бўлган қарийб 411 минг нафар бола иштирок этди.
Қайд этилишича, минтақада яшовчи мактаб ёшидаги ҳар уч ўғил-қиздан бири ортиқча вазн ёки семизликдан азият чекмоқда. Қатор мамлакатларда бу кўрсаткич янада юқори. Аниқроқ айтганда, 7-9 ёшли болаларнинг 29 фоизи худди шу муаммога дучор бўлган. Вазн ортиши ҳолатлари қизларга нисбатан ўғил болалар орасида юқори. Буларнинг барчаси ёш авлод ўртасида юрак-қон томир, қандли диабет, саратон каби хавфли касалликларнинг ривожланиши учун имкон яратмоқда.
“Биз бу хавотирли кўрсаткичларни камайтириш бўйича янада фаолроқ ҳаракат қилишимиз керак, — дейди ЖССТ вакили К. Викрамасингх. — Вазиятни ўнглаш учун эса бизга самарали стратегиялар зарур".
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 53 давлатни бирлаштирган Европа минтақавий бюроси аъзоси ҳисобланади, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.