Навоий вилоятининг Нурота туманидаги айрим боғчаларда гўшт истеъмолга яроқсизлиги аниқланди.
Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси хабар берди.
Хабарда айтилишича, тумандаги мактаб ва боғчаларда ўқувчи ҳамда тарбияланувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш ҳолати жамоатчилик назорати тартибида ўрганилган. Жараёнда қатор камчиликларга дуч келинган. Жумладан, ўрганишлар натижасида айрим мактабгача таълим муассасаларида болалар учун ажратилган озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш қоидаларига риоя қилинмаётгани кузатилган. Айрим боғчаларда эса гўшт маҳсулотларининг 4/1 қисми яроқсиз ҳолатда экани қайд этилган.
Федерация тумандаги айнан қайси боғчаларда бундай ҳолат қайд этилганига аниқлик киритмаган. Ўрганиш ишлари давом этаётгани, унинг якунлари ва аниқланган камчиликлар бўйича тегишли ташкилотларга маълумот тақдим этилиши билдирилган.