баннер
30 мар 2025
08:26

    “Бу операцияни ҳеч қаерда қилиб бўлмайди” дейишганди...”

    Болалар миллий тиббиёт марказида яна бир ноёб операцияга қўл урилди.

    Яъни кардиохирургия бўлими мутахассислари қашқадарёлик 13 ёшли беморда дунё миқёсида кам кузатиладиган юрак нуқсони, яъни эбштейн аномалияси бўйича жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказишди.

    Бу хасталик барча юрак нуқсонларининг 0,5 фоизида учраши билан ҳам ажралиб туради. Бу ҳолатда трикуспид қопқоқ, яъни юракнинг учта пардаси нотўғри ривожланади ва натижада қон айланиши бузилади.

    Юқори малака ва юксак технологияларни талаб қиладиган ушбу амалиёт усули орқали юрак қопқоғи тикланиб, унинг тузилмаси ва фаолияти меъёрий ҳолатга келтирилди.

    Бемор ҳозирги пайтда ўзини яхши ҳис этяпти. Табиийки, бундан унинг онаси Наргиза Султонова жуда бахтиёр.

    — Боламнинг касаллиги 4 ёшида маълум бўлган эди, — дейди она. — Шундан буён кўп жойларга мурожаат қилдик. Ҳатто, “Бу операцияни ҳеч қаерда қилиб бўлмайди”, деганлар ҳам топилди. Мана, қилса бўларкан-ку. Биз вилоятдаги шифокорлар тавсияси билан пойтахтга, бу марказга келдик. Келиб тўғри қилган эканмиз. Болам ҳозир жуда яхши. Бундан шодман. Фарзандим тузалишига сабабчи бўлаётган барча тиббиёт ходимларидан миннатдорман...
    Телеграм каналимиз
    Text to speech