Шу сабабли Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Миробод туман бўлими мутахассислари томонидан мазкур мактабларда эпидемиологик суриштирув ҳамда санитария назорати ўтказилди.
Қайд этилишича, назорат давомида ўқувчилар ва ишчи ходимларнинг ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтганлик хулосалари, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш тартиби ҳамда мактаб биносида, синф хоналарда жорий тозалик ишларининг олиб борилиши, жиҳозларнинг созлиги кабилар текширилган.
«Текширувлар натижасида, мактабнинг санитария ҳолати талабга жавоб бермаслиги маълум бўлганидан сўнг, аниқланган камчиликлар юзасидан мактаб раҳбарига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди», – дейилади Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси хабарида.
Мактаб ўқувчилари ўртасида учраётган гепатит А касаллиги қанчалик хавфли?
Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Ахборот хизмати бу ҳақда батафсил маълумот берди.
Вирусли гепатит А (сариқ касал) асосан 14 ёшгача болалар ўртасида учрайдиган, асосан, куз-қиш мавсумида бошқа мавсумларга нисбатан кўпроқ аниқланадиган касаллик ҳисобланади.
Гепатит А — касалликнинг энг кўп учрайдиган, аммо бошқа гепатит турларига нисбатан хавфсизроқ тури ҳисобланади. У деярли доим ўткир кечади ва сурункали бўлмайди, ўлимга ва бошқа турларга нисбатан жиддий оқибатларга олиб келмайди.
Нисбатан юқори касалланиш аҳоли сифатли ичимлик сув билан яхши таъминланмаган, санитария-гигиена шароити ночор бўлган ҳудудларда кузатилади. Шу билан биргаликда, болалар мактабгача таълим муассасаларида ва мактабларда ўзаро мулоқот жараёнида гепатит А касаллигини юқтириб олиш эҳтимоли мавжуд.
Ушбу касаллик «кир қўллар касаллиги» деб ҳам аталади. Вирусни, асосан, вирус билан зарарланган кирланган сув, очиқ сув ҳавзалари, таом, яхши ювилмаган идиш, ҳўл мева маҳсулотларини ювмай истеъмол қилиш ҳамда касалланган одам билан контактда бўлиш орқали юқтириш мумкин.
Вирусли гепатит А касаллиги мактаб шароитида аниқланган тақдирда эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилади. Агар ҳудудда санитария ҳолати қониқарсиз, сув тизими йўлга қўйилмаган ва ҳожатхоналар носоз ҳолатда бўлиб, касаллик тарқалишига шароит яратилаётган бўлсагина мактабда таълим жараёнларини вақтинча тўхтатиш мумкин бўлади.
Касалликни болалар ўртасида аниқланмаслиги ва тарқалмаслиги учун мутахассислар томонидан нафақат мактаб, балки уюшган жамоалар, уй ўчоқларида эпидемияга қарши чора-тадбирлар олиб борилади. Шунингдек, болаларни ушбу касалликка қарши эмлатиш энг самарали усул ҳисобланади. Ҳар йили пойтахтимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари бепул равишда, хусусан ота-оналар ҳисобидан ўртача ҳисобда пойтахтимизда 50 мингдан зиёд болалар эмланмоқда. Бу эса касалликнинг аниқлаш кўрсаткичларини йилдан йилга камайишига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли касалликдан ҳимояланиш учун аввало шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш ва эмлаш ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ.