Назарбекдаги йўл ўтказгич қачон фойдаланишга топширилиши маълум бўлди

    Поезд қатнови туфайли автомобиль йўли шлагбаум билан ёпилади, йўллар тўсилади. Баъзида тепловознинг йўлни алмаштириб олиши учун қарийб 10 дақиқа вақт кетади.

    Бугунги кунда қарийб ҳар бир хонадонда автомобиль бор. Одамлар уни асосан ишга, ўқишга, бозор-ўчарга миниб боришади. Автомобиллар кўпайгани сайин эса йўлларимизнинг ўтказувчанлик хусусияти пасайиб, йўлларни кенгайтириш, кўприклар барпо этишга эҳтиёж ортиб бораверади. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сўнгги йилларда кўплаб иншоотлар барпо этилаётганининг бош сабаби ҳам одамларнинг вақтини тежаш, узоғини яқин қилиш, тирбандликларни олдини олишдан иборатдир.

    Сўнгги йилларда Зангиота туманидаги Назарбек шаҳарчасида аҳоли сони ортди. Бугунги кунда унинг ҳудудидаги тўққизта маҳаллада 32 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларни бир неча йилдан буён қийнаётган масала эса ушбу ҳудуддан ўтувчи темир йўл ва автомобиль магистрали кесишмасининг вақти-вақти билан ёпилиб туриши ва узундан-узоқ тирбандликларнинг келиб чиқиши оқибатида шаҳар маркази ва шаҳарчага етиб олиш масаласининг қийинлашиб бораётгани эди.

    Маълумки, 4Р253 автомобиль йўналиши билан кесишган темир йўлдан ҳар куни юк поездлари ўтиб туради. Поезд қатнови туфайли автомобиль йўли шлагбаум билан ёпилади, йўллар тўсилади. Баъзида тепловознинг йўлни алмаштириб олиши учун қарийб 10 дақиқа вақт кетади. Айниқса, эрталаб ва кечқурун йўлнинг ёпилиши натижасида Тошкент шаҳрига ишга бораётган ва қайтаётган аҳолининг автотранспортларидан иборат узун тирбандлик ҳосил бўлади.

    Ушбу ҳудуддаги аҳолидан тушган кўплаб мурожаатлар натижасида Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 198-Ф-сонли фармойишига асосан, “4Р253 “Тошкент шаҳри — Туркистон ш/х — Қозоғистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг 3 километридаги темир йўл устидан йўл ўтказгич қуриш” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

    Унга кўра, “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси буюртмачи сифатида белгиланди. Лойиҳани эса “Йўл – лойиҳа бюроси” масъулияти чекланган жамияти тайёрлади. Бош пудрачи этиб эса “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси таркибидаги 13-кўприкқурилиш отряди танланди.

    Мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага асосан, янги йўл ўтказгични темир йўл остидан тоннель шаклида ўтказиш лойиҳаси мураккаб бўлса-да, аммо жуда самарали бўлиши белгиланди. Шундан сўнг лойиҳа доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилиши режалаштирилди. Биринчиси — умумий узунлиги 398 метр, кенглиги 22 метр, кўприк ости баландлиги эса 7 метр бўлган тоннель типидаги йўл ўтказгич қурилиши амалга ошириш, Иккинчиси — тоннель устидан ўтувчи 3 изли узунлиги 32.25 метр, кенглиги 18.5 метрли бўлган темир йўл кўприги қуриш. Учинчиси — 28 метр узунликда ҳамда 12,5 метр кенгликдаги автомобиль йўли кўприги қурилиш лойиҳаси пухта ва ҳар бир ҳолат жиддий ўрганиб чиқилгач тасдиқланди.

    — 2021 йилнинг сўнгги ойларида эса ушбу йирик лойиҳанинг дастлабки қурилиш ишлари бошлаб юборилди, — дейди 13-кўприкқурилиш отряди муҳандиси Зафаржон Иргашев. –— Дастлаб тажрибали мутахассисларимиз билан лойиҳанинг ҳар бир жиҳатини пухта ўрганиб, замонавий техникаларда тупроқ ишларини бажардик. Шундан сўнг мустаҳкам темир-бетон пойдеворлари босқичма-босқич тайёрланди. Айни пайтда ер ости йўл ўтказгичининг пойдеворларида қурилиш ишлари тугатилиб, лойиҳа доирасида навбатдаги юмушлар бажарилмоқда. Ҳозирда бу ерда 50 нафарга яқин тажрибали мутахассис билан янги кўприк қуриш ишларини олиб боряпмиз. Қурилиш объектига зарур бўлган темир-бетон маҳсулотлари “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонасига қарашли такшилотларда ишлаб чиқарилган сифатли махсулотлар ўз вақтида етказиб берилмоқда. Бугунги кунгача лойиҳа доирасида геодезия ишлари ҳам амалга оширилиб, қурилиш худудига тушган комуникацияларни кўчириш ҳамда вақтинчалик темир йўл изини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Иншоотнинг тоннель қисмида пойдевор қазиш ишларининг тўртдан бир қисми бажарилиб, 94 дона темир-бетон блоклари монтаж қилинди. 12 та манзилда котлованларни қайта кўмиш ишлари бажарилмоқда.

    Мухтасар қилиб айтганда, айни пайтда Назарбек шаҳарчасига олиб боручи 4Р253 автомобиль йўли билан кесишган темир йўл ҳудуди катта қурилиш майдонига айланган. 2023 йилда якунланиши режалаштирилаётган ушбу замонавий кўприклар фойдаланишга топширилгач, 32 мингдан зиёд маҳаллий аҳоли ва ушбу йўлдан ўтиб қайтаётган бошқа ҳайдовчиларнинг қимматли вақтлари тежалади, автомобиллар тирбандлигини хосил бўлмаслиги натижасида атроф-муҳит экологиясининг ҳолати янада яхшиланади.

    Рустам ҲАЙДАРОВ,

    журналист

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates