Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва ИИБ ЖҚБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд тумани “Қозиариқ” маҳалласидаги хонадонлардан бирида яшовчи З.У. ўз уйи омборхонасида қалбаки акциз маркалар билан елимланган 25 000 дона “Водка Русская премиум” номли ароғини, 9 000 дона “Самарқанд” коньягини, 8 760 дона “Портвейн 53” номли виносини ҳамда 468 дона “Старый Самарканд” номли коньягини сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланган.
Ушбу қалбаки акциз маркали маҳсулотларнинг келиб чиқиш манбасини аниқлаш мақсадида давом этган тадбирда, фуқаро З.У.га алкоголли маҳсулотларни “Ховренко” номидаги Самарқанд вино комбинати АЖнинг директори ўринбосари А.О. етказиб берганлиги маълум бўлгач, АЖнинг омборхонаси кўздан кечирилганда ушбу омборхонадан қалбаки акциз маркали 8 940 дона “Портвейн 53” виноси, 5 000 дона қопқоқ, 9 000 дона ёрлиқ ва 20 150 дона алкоголь шиша идишлари мавжудлиги аниқланиб, тадбир якунида жами 631,7 млн сўмлик товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.