Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Божхона бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида, сифати кафолатланмаган ҳамда қалбаки тиббиёт дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Хусусан, Олтинкўл туманида яшовчи, 1987 й.т. фуқаро бошқарувидаги “BYD” русумли автомашина Андижон шаҳридаги “Янгибозор” савдо мажмуаси олдида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 171 қути “Ферроуз” номли дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахснинг яшаш хонадонида жами 5593 қутида 8 хил турдаги қалбаки дори воситалари ва уларни қадоқлашда фойдаланиладиган бўш қутилар, турли хилдаги дори воситаларининг йўриқнома ва ёрлиқлари борлиги маълум бўлди.
Шунингдек, мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган 3 нафар фуқаронинг яшаш хонадонлари ҳамда уларга тегишли бўлган манзилларда ҳам кўп миқдордаги қалбаки дори воситалари борлиги аниқланди.
Олиб борилган тезкор-тинтув тадбирлари натижасида умумий қиймати 700 млн. сўмдан ортиқ бўлган, жами 14 турдаги 10686 дона дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Мазкур шахслар ўзаро келишган ҳолда яшаш хонадонларида қалбаки дори воситаларини тайёрлаб, келгусида сотиш мақсадида Андижон шаҳридаги туғруқхоналар, шифохоналар, хусусий клиникалар ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига етказиб беришган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 5000 қутидан ортиқ қалбаки дори воситалари қайтариб олиниб, аҳоли орасида тарқалишининг олди олинди.
Бошқа ҳолатда эса Андижон шаҳрида яшовчи, 1990 й.т. фуқаро сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситаларини Андижон ва Қашқадарё вилоятларидаги дорихоналарга юбораётган вақтида қўлга олинди.
Шунингдек, ушбу шахснинг яшаш хонадонида ўрнатилган талаблар даражасида сақланмаётган, умумий қиймати 250 млн. сўм бўлган 5000 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда қадоқлашда фойдаланиладиган бўш қутилар, турли хилдаги дори воситаларининг йўриқнома ва ёрлиқлари борлиги маълум бўлди ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 186 прим 3-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.