Ҳокимликлар томонидан давлат ва жамият эҳтиёжи учун олиб қўйилган ерлар баъзида бутун бошли оила аъзоларини ноҳақликлар гирдобига ўраётганини ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар орқали кузатиб турибмиз.
Агар қонунчиликда бузилган уй-жойи жойлашган ер участкаси эвазига компенсация пули ёки ўрнига аввалги ҳуқуқ турлари сақланган ҳолда тенг миқдорда ер участкаларини ажратиш белгиланган бўлса хўп-хўп. Берилмаётган бўлсачи?
Тошкент шаҳар Бектемир тумани адлия бўлимига шу масалада мурожаат қилаётган фуқаролар сафи кенгаймоқда. Масалан, аэропорт комплекси қурилиши лойиҳасини амалга оширишда бир неча фуқаролар, шу жумладан, Мейер Турсунбаевга тегишли бўлган уй-жойи жойлашган ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун тегишли тартибда олиб қўйилган ҳамда ушбу уй-жой бузилишга тушган.
Эвазига, компенсация пули ёки ер участкаси ўрнига аввалги ҳуқуқ турлари сақланган ҳолда тенг миқдорда ер участкаларини ажратиш белгиланган бўлсада, ушбу масала айрим сабабларга кўра очиқ қолиб келган. Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Мейербек Турсунбаев мурожаати натижасида судга Бектемир тумани адлия бўлими даъво аризаси киритди.
Адлия ходимлари Ер кодекси, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, ер участкаларини олиб қўйилишига оид қатор фармонлар ва қарорлардаги талабларини амалда бажарилишини суддан талаб қилиб, фуқаро фойдасига 1,5 миллиард сўм миқдордаги компенсация тўлаб беришга эришди.
Суднинг адолатли қарори билан бир оила кўнглига ёруғлик кирди. Бироқ, бу ҳали Мейер Турсунбаевлар оиласи янги хонадонга кўчди дегани эмас. Воқеалар ривожини кузатамиз.
Охунжон Эшонкулов,
Бектемир тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси