1 сентябрдан бошлаб объектларни қўриқлаш тизимига янги механизм татбиқ этилади

    Мамлакатимизда 22 август 2020 3191

    Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга ўтказиш чора-тадбирлари қабул қилинади.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

    2020 йил 1 сентябрдан бошлаб:

    а) объектларни қўриқлаш тизимига, қуйидагиларни назарда тутувчи, Қўриқлаш бош бошқармаси фаолиятни ташкил этишнинг мутлақо янги механизми татбиқ этилади:

    бир қатор объектларнинг қўриқлаш функцияларини шаҳодатланган таркибдан Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳарбийлаштирилган бўлинмаларига ўтказиш;

    мақбуллаштирилган аралаш қўриқлаш турларини жорий қилиш;

    замонавий техник қўриқлаш воситаларини жорий этиш орқали жисмоний қўриқлашдан воз кечиш;

    б) жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, айрим тоифадаги объектларни босқичма-босқич қўриқлашнинг юқорида қайд этилган янги механизмларини жорий этиш орқали Қўриқлаш бош бошқармасининг кўрсатилаётган қўриқлаш хизматларини такомиллаштириш бўйича, 2022 йилнинг 1 январига қадар якунланиши кўзда тутилган қуйидаги босқичлар белгиланади:

    биринчи босқич – вазирлик, давлат қўмиталари, идоралар, ҳокимиятларнинг маъмурий бинолари, ўқув ва маданий муассасалар, чакана амалиёт кассалар, банк хизматлари марказлари;

    иккинчи босқич – ишлаб чиқарувчи объектлар, бозорлар, савдо марказлари, телерадиоузатув объектлари, сув иншоотлари;

    учинчи босқич – судлар ва банк бинолари;

    в) “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт бартараф этиш тизимида, маҳаллаларда Қўриқлаш бош бошқармасининг шартнома асосидаги стационар постлари ва тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг патруллиги жорий этилади.

    Қўриқлаш бош бошқармаси куч ва воситаларини бошқаришнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилиб, бунда қуйидагилар назарда тутилади:

    бўлинмаларнинг куч ва воситаларини бошқаришни такомиллаштириш, иқтисодий самарадорликни таъминлаш мақсадида ҳудудий бўлинмаларни мақбуллаштириш;

    саф бўлинмаларини шаҳар, туман қўриқлаш бўлимлари сифатида қайта ташкил этиш;

    қўриқлаш хизмати кўрсатилаётган объектлар ва шахсий таркиб сонини инобатга олган ҳолда туманлараро қўриқлаш бўлимларини ташкил этиш.

    Белгиланишича, 2020 йилнинг 1 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчи ва ходимлари лавозимларини жамлаш устувор тарзда Қўриқлаш бош бошқармаси ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг тегишли касбий тайёргарликка эга, тайёргарлик машғулотлари ва танлов босқичларидан ўтган ишчилари орасидан танлаб олиш орқали амалга оширилади.

    Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

    Қўриқлаш бош бошқармасининг шаҳодатланган таркиби Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ходимлари ҳисобланиб, ҳуқуқий мақоми бўйича ички ишлар органлари ходимларига тенглаштирилади;

    қайта ташкил этилиши муносабати билан ва моддий қўллаб-қувватлаш, мақсадида Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларига уларнинг лавозим маошидан 20 фоиз миқдорда ойлик устама белгиланади;

    ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра, Қўриқлаш бош бошқармаси ишчи ва хизматчиларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентлари ўртача икки баробаргача оширилган миқдорда қўлланилади.