Юртимизда фуқароларнинг ўзига тегишли, аммо ҳужжатсиз ёки ўзбошимчалик билан ўзлаштирилган минглаб ер майдони ва унда қурилган уй-жой мавжуд. Одамлар ўзи фойдаланиб келаётган хусусий мулкни расмийлаштириб олиши йиллар давомида энг катта муаммолардан бири бўлиб келди. Бунга уй-жой ёки ерга оид ҳужжатлар йўқолиб кетгани ёки нотўлиқ экани, фуқароларнинг ўз вақтида мурожаат қилмагани, қолаверса, ушбу йўналишда тизимли ишлар бажарилмагани каби кўплаб омиллар сабаб. Қолаверса, бу борада аниқ ҳуқуқий асос мавжуд эмас эди.
Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбари 2024 йил 5 августда имзолаган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун минглаб юртдошларимиз кутаётган тарихий ҳужжат бўлди. Ўтган йили ноябрдан кучга кирган қонун асосида қисқа муддатда Кадастр агентлиги масъуллигида мамлакатимиз бўйлаб ўрганиш ишлари бошлаб юборилди. Дастлабки натижаларга кўра, ҳуқуқий ҳужжати йўқ ёки нотўлиқ 3 миллион 600 мингдан ортиқ ер участкаси мавжудлиги аниқланган эди. Шундан сўнг Кадастр агентлиги томонидан вилоят ҳокимликлари таклифига кўра тасдиқланган режа-график асосида ташкилот ходимлари жойларга чиқиб, хатлов жараёнини бошлаб юборди.
Одамлар бу жараёнда катта қизиқиш билан иштирок этяпти, минглаб юртдошимиз ўз мулкларини қонуний расмийлаштириш иштиёқида. Ниҳоят саъй-ҳаракатнинг дастлабки ижобий натижалари ҳақида хабарлар тарқалди. Шу йил 1 апрелда Бухоро вилояти Жондор туманида 5 фуқаронинг уй-жой ва ер участкасига эгалик ҳуқуқи расман эътироф этилиб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди. Бу бўйича Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг қарори қабул қилиниб, кадастр ҳужжатлари ўз эгаларига тантанали топширилди.
Бу нафақат мулк эгалари, балки бошқа юртдошларимизни ҳам қувонтирди. Хабар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, кўпчилик “Мана буни янгилик деса бўлади! Энди ҳамма ўз уйига эгалик қиладиган бўлибди. Шундай хушхабарни бошқа ҳудудлардан ҳам кутиб қоламиз”, деган изоҳлар қолдирмоқда.
— 2005 йилдан буён оиламиз билан бирга шу хонадонда яшаб келамиз, — деди Жондор тумани “Оқтепа” МФЙда яшовчи Озод Ҳакимов. — Уйимиз борлигига қарамай, унга эгалик ҳуқуқимиз йўқ эди. Шу боис, 20 йилдан буён уй-жойимиз, томорқамизнинг хат-ҳужжати йўқлигидан қийналиб келаётгандик. 2019 йилда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган турар жой ва ерларга кадастр ҳужжати бериш бўйича акция ўтказилганди, бундан фойдалана олмадик. Кейинроқ Президентимиз томонидан қонун имзоланиб, кучга кирди. Кадастр ходимларининг ўзи хонадонимизга келиб, хатлов ишларини бажарди. Бунинг учун биз ҳеч қаерга югуриб, овора бўлмадик. Бир муддат ўтиб, 396,25 квадрат метр бино-иншоот майдони учун мулк ҳуқуқи эътироф этилган қарор қўлимизга топширилди. Йигирма йиллик ниятимиз амалга ошганидан жуда қувондик.
Бошқа ҳудудларда жараён қандай?
Энди бу фуқаролар ўз мулкининг қонуний эгаларига айланди. Шу билан бирга, уларда ўз уй-жойини бошқа шахсга ҳадя қилиш ёки сотиш, оила аъзоларини доимий рўйхатга қўйиш каби ҳуқуқлар ҳам пайдо бўлди. Қолаверса, уйини таъмирлаш ёки қўшимча қурилиш қилиш учун имтиёзли кредитлар олиши, уй-жой жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилса, қонунга мувофиқ компенсация талаб қилиши мумкин.
Минглаб юртдошимиз ана шундай ҳуқуққа эга бўлиш истагида. Қонунда ҳам бу жиҳат назарда тутилган бўлиб, 2028 йилга қадар ҳужжатлаштириш ишларини тўлиқ якунлаш белгиланган. Бунинг учун Кадастр агентлиги ходимлари маҳаллаларда бўлиб, ҳар қандай об-ҳаво шароитига қарамай, хатлов ишларини бажаряпти. Қонун билан 8 тоифадаги объектлар учун мулк ҳуқуқини расмийлаштиришга рухсат берилган. Улар 2018 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотлар, майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган уй-жойлар, “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган мулклар ва ҳоказони ўз ичига олади.
Қонунда “ўзбошимчалик билан эгалланган” деган жумла алоҳида қайд этилган бўлиб, бу кўпчилик тушунганидек, ноқонуний эгаллаб олинган ер ёки уй-жойни англатмайди. Гап шундаки, қонунчиликда ҳужжатлари сақланиб қолмаган ер ёки бино-иншоотларга нисбатан ҳам “ўзбошимчалик билан эгалланган” деган таъриф қўлланади. Масалан, ўтган асрда ажратилган ернинг кўпи шундай ҳолатда, яъни қайсидир сабабга кўра ҳужжати сақланиб қолмаган, бутунлай йўқ бўлиб кетган. Уларнинг барчаси тегишли тартибда ўрганилиб, қонуний ечимлари берилади.
Бироқ бу барча ҳужжатсиз мулкка эгалик ҳуқуқи эътироф этилади, дегани ҳам эмас. Бу бўйича қонунда асосий шартлар ва талаблар аниқ белгиланган. Масалан, ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши, ер бўйича низо бўлмаслиги, бош режа талабларига зид эмаслиги ва бошқа омиллар ҳисобга олинади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга тааллуқли маълумотлар ҳамда ҳужжатларни келишиш Кадастр агентлигининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда. Бу тизимга 18 та ваколатли ташкилот ҳам тегишли маълумотларни киритади. Тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги вилоят адлия бошқармаси томонидан текшириб чиқилади. Уларнинг натижаси маҳалла бурчаклари, Кадастр агентлигининг сайти орқали жамоатчиликка эълон қилинади. Ижобий хулоса чиққан фуқароларга SMS хабарнома юборилади. У асосида бир марталик тўлов тўлаганларнинг эгалик ҳуқуқи ҳар чоракда Халқ депутатлари вилоят кенгаши қарори асосида эътироф этилади.
Ҳужжатсиз мулкка кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш аниқ тартиб асосида ўрганилиб, бир неча босқичда кўриб чиқилади. Маълумотларга кўра, айни пайтда муҳокамадаги ҳужжатлар сони 59 минг 30 та, жамоатчиликка эълон қилинганлари 11 минг 56 та, кўриб чиқилаётганлари 438 та, жараёндаги ерлар сони 637 та, эътироф этилганлари эса 5 та.
— Қонун асосида юртимиз бўйлаб хатлов ишлари мунтазам ва фаоллик билан бажариляпти, — дейди Кадастр агентлиги директорининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Неъматжон Отамуродов. — Бунинг учун 4 мингдан зиёд кадастр ходими жалб қилинган. Хатлов натижаси барча давлат идоралари интеграция қилинган ягона платформа — etirof.kadastr.uz сайтига киритиб борилмоқда. Юртдошларимиз мазкур очиқ тизим орқали жараённи бевосита кузатиши мумкин. Агар фуқаронинг маҳалласида хатлов ўтказилган бўлса, ана шу жараён ва бу бўйича давлат идораларининг хулосалари, очиқ харитадан ер майдонининг чегарасини кўриб, ҳатто ўз эътирозини рўйхатдан ўтган ҳолда ёки электрон калит орқали кириб қолдириши учун имконият яратилган. Боиси, хатлов жараёни ўз муддатида ўтиши нафақат кадастр ходимлари, балки юртдошларимизга ҳам боғлиқ. Улардан жараёнда фаол иштирок этиш сўралади. Жумладан, хатлов ўтказилаётган маҳаллалардаги хонадонларда ёши катта, кадастр ҳужжатларидан хабардор одамлар бўлса, маълумотларни тўғри ва тўлиқ олишда кадастр ходимларига ёрдамлашса, мақсадга мувофиқ бўларди. Сабаби, бир маҳаллани тугатмай туриб, бошқасига хатловга ўтилмайди. Маълумотлар қанча тез тўпланса, иш шунча тезлашади. Жараёнда минглаб юртдошимизнинг ўз мулкига эгалик ҳуқуқи қонуний эътироф этилиб, халқимиз хатлов натижаларидан мамнун бўлади.
Бу амалиётнинг қийматини йиллар давомида ўз уйида яшаб туриб, мулкнинг эгаси эканини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаганлар яхшироқ англайди. Эътиборлиси, юртимизда бундай одамлар ўн ёки юз киши эмас, балки минглаб экани ҳисоб-китоб қилинган. Бунинг ортидан бошқа йўналишларда ҳам юзага келган муаммоларнинг охири кўринмайди.
Мазкур қонун ижроси қатъий назоратга олингани, мақсад аниқ натижага эришиш экани боиси шунда. Мазкур тарихий ҳаракат ортидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулкка эгалик ҳуқуқи тан олинади. Бозорда қонуний капитал айланмаси пайдо бўлади. Одамлар ўртасидаги мулкий низолар, жумладан, мерос билан боғлиқ низоларга ечим топилади. Шунингдек, доимий рўйхатга қўйдириш, моддий ёрдам олиш, мактаб, боғчага жойлаштириш каби ижтимоий муаммолар ҳамда бино ва иншоотларни коммунал тармоқларга улаш бўйича масалалар ҳам ҳал бўлади. Бунда адолат ва шаффофликни таъминлашга бирламчи вазифа сифатида қаралмоқда.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири