Ушбу Қонунда автомобилни сотиб олганлик учун йиғим назарда тутилмаган. Демак, ушбу йиғим 1 январдан тўлиқ бекор қилинди.
Бунгача амалда бўлган тартибга кўра, автосалондан янги машина сотиб олганда шартнома нархининг 3%и миқдорида йиғим тўланарди (масалан, 100 млн сўмлик машина учун 3 млн сўм, 300 млн сўмлик бўлса 9 млн сўм).
Агар иккиламчи бозордан машина сотиб олинганда ишлаб чиқилган йилига қараб ҳар бир от кучи учун 29 минг 700 сўмгача йиғим олинарди. Масалан, ишлаб чиқарилганига 3 йил тўлмаган 100 от кучига тенг машинани сотиб олганлик учун деярли 3 млн сўм йиғим тўланарди.
Энди шу йиғимлар 1 январдан тўлиқ бекор қилинди.
Агар кимдир машина сотиб олгану, лекин ўз номига расмийлаштиришдаги катта харажатдан қочиб, "генеральная доверенность" олиб ҳайдаб юрган бўлса, унда эндиликда машиналарини ўз номларига ўтказиб олишлари мумкин. Тўғри, ҳозир нотариусда тўланадиган давлат божининг юқори ставкалари ўз кучида турибди, аммо тез орада давлат божлари ҳам камайтирилиши кутилмоқда. Янада аниқроқ айтганда машинанинг от кучи ва йилидан қатъи назар базавий ставканинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланиши режалаштирилмоқда.
Қуйидаги расмда давлат божининг амалдаги ставкалари келтирилган. Агар бу нархлар сизга маъқул келса, унда тезда машинангизни ўз номингизга ўтказиб олинг. Ёки божлар ҳам камайтирилишини кутиб турсангиз бўлади.