Бу ҳақда Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги савдо вакили Константин Злыгостев маълум қилди.
«Икки давлат етакчилари томонидан 10 миллиард долларга етказиш бўйича қўйилган вазифа, ишончим комилки, бу йил амалга оширилади», – деди К. Злыгостев Тошкентда UzBuild-2023 халқаро қурилиш кўргазмаси доирасида Made in Russia экспозициясининг очилишида.
Савдо миссияси раҳбари 2022 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 9,3 миллиард долларга етганини эслатди, деб ёзади «Прайм» Иқтисодий ахборот агентлиги.
Злыгостев Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги яна бир муҳим вазифа икки мамлакат компанияларининг соф экспорт-импорт операцияларидан ҳақиқий саноат кооперациясига ўтиши эканлигини таъкидлади.
«Биз савдо айланмамиз ўсиши кафолатини айнан мана шунда кўрамиз», — дея қўшимча қилди дипломат.
Россия Ўзбекистондаги энг йирик инвесторлардан бири бўлиб қолади, Россия компаниялари ушбу мамлакат иқтисодиётига 10 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган. 2022 йил якунига кўра Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг асосий
ташқи савдо ҳамкорлари рўйхатида яна биринчи ўринга қайтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш 2021 йилга нисбатан 23 фоизга,
яъни – 9,28 миллиард долларгача ошган. Бу эса Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасининг 18,6 фоизини ташкил этади, деб хабар беради Ҳамдўстлик мамлакатлари ижроия қўмитаси.