46 ёшимда илк бор Президент сайловида овоз бераман

    Инсон қачон ўзини тўкис бахтли ҳис этади? Қандай туйғулар унинг қалбини шарафлантиради? Ватанли бўлиш, ўша Ватандаги ислоҳотларга ўзини дахлдор сезиш — буюк шараф, беқиёс бахт, деб ўйлайман.

    Мен 1975 йили Туркманистон Рес публикасининг Тошҳовуз вилоятида туғилганман. Хоразм ва Тошҳовуз аҳли азал-азалдан бир-бирига қариндош-уруғ, ёр-оғайни. Болалигимнинг энг чиройли хотиралари Хоразмнинг Гурлан тумани билан боғлиқ. Мактабларда дарслар тугаб, таътил бошланди дегунча Гурланга — қариндошларимизникига боришга шай турардик.

    Йиллар ўтиб, тақдирим ҳам айнан шу жой билан боғланди. 1995 йили Гурлан туманининг “ Навбаҳор” маҳалласига келин бўлиб тушдим. Тошҳовуздан маҳалламизга келин бўлган қизлар кўп. Ота-онамникигача бўлган масофа тахминан 30 километр. Бироқ шу масофа, мана, салкам 30 йилки, менга “борса келмас”дек туюлди. Умримнинг шу йилларида катта кемтик ҳосил бўлди.

    Ўзбекистонга келгач, хонадонимизга доимий рўйхатга қўйилдим, лекин фуқаролик берилмади. Ўзбекистон фуқароси бўлиш учун қанча ҳаракат қилдим, қанча эшикларга бош урдим — ўзимга аён. Фуқаросизлик мени тўй-ҳашам, маъракалардан айирди, яқинларимнинг ёнида бўлиш масъулияти ва бахтидан мосуво қилди. Айрим ҳолларда туғишган жигарларимнинг, ота-онамнинг дийдорини бориб кўра олмадим. “Фуқаролиги бўлмаганлиги учун” важи билан кўплаб имтиёзларни бой бердим. Бу ва бу каби бир қатор чекловлар, тақиқлар туфайли баъзан одамлар орасида қисиниб-қимтиниб яшашга маҳкум эдим. Энг аламлиси, бундан 10 йил аввал онаизорим тупроққа қўйилди. Орадан 4 йил ўтиб жигарим — укам вафот этди. Уларни сўнгги йўлга кузатиш менга армон бўлиб қолди.

    Баъзан қўни-қўшни, қариндош- уруғларим фойдаланган имкониятларга ҳавас билан қарардим. Сайловда иштирок этиш шу кунгача орзуим бўлиб келди. Мен шундай яшашга кўникдим.

    Бироқ ҳаёт бир хил давом этмас экан. Орада ўтган йиллар, ҳодисалар мен каби қалби яримларнинг ҳаётига хушхабарлар келтирди. Кўнглимиздаги кемтиклар тўлди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев нинг сиёсий иродаси билан кейинги йилларда мен каби минглаб юртдошларимиз юксак мақомга эришди — Ўзбекистон фуқароси бўлди. Фуқаролик олган кунимиздан ҳаётимиз дафтарида янги саҳифа очилди, нафас олаётган ҳар бир дақиқамизга ранг кирди, ҳаётимиз жўшқинлашди. Бу янги Ўзбекистонимизнинг халқчил ислоҳотлари самараси эди.

    Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан фуқаролик масалаларига оид қонунчиликнинг такомиллаштирилгани ҳаётимдаги тўсиқларни бартараф этди.

    Ниҳоят, 46 ёшимда, умримда илк бор Президент сайловида овоз бераман. Энди менда ҳам сайлаш ҳуқуқи бор! Ҳар гал сайловда иштирок этиб келаётган юртдошларимиз учун бу одатий ҳол, бироқ мен учун ҳаётимда ўзига хос кун бўлишига, менинг овозим ҳам аҳамиятга эга эканига ишонаман.

    Дилором Дўсматова