8150 та янги стандарт қабул қилиниб, 2013 та мезон амалиётдан чиқарилади

    Соҳанинг юқори аниқликдаги асбоблар билан таъминланиши 2,1 баробарга ортиб, 10 та янги калибрлаш лабораториялари фаолияти йўлга қўйилди.

    Маҳсулотлар сифати ва рақобатдошлигини ошириш учун миллий стандартларни жаҳон талабларига мослаштириш ҳамда корхоналарга жорий қилиш жуда муҳим ҳисобланади. 2020 йилнинг ўзида халқаро талаблар билан уйғунлашган 6 минг 79 та стандарт қабул қилиниб, 3 минг 837 таси қайта кўриб чиқилди. Натижада бундай стандартлар сони 14 минг 858 тага етказилди. Ўз навбатида, тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида бозор иқтисодиёти механизмларига салбий таъсир кўрсатадиган ва маънан эскирган 6 минг 81 та стандарт амалиётдан чиқарилди ва 3 минг 837 таси қайта кўриб чиқилди.

    Чунки, замонавий иқтисодий тараққиётда истеъмолчиларга тақдим этилаётган маҳсулотларнинг сифатини кафолатлаш талаби кескин ортиб бормоқда. Улар билан узвий боғлиқ бўлган маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлиги масалалари ҳам долзарб аҳамият касб этяпти. Бинобарин, ички бозорни сифати ва хавфсизлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжат талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлардан ҳимоя қилиш ҳар қандай давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

    Институционал негизлар

    Сўнги йилларда Ўзбекистонда ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши натижасида техник жиҳатдан тартибга солиш тизимининг институционал асослари яратилди. Президентимизнинг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўляпти. Мазкур ҳужжат асосида ISO халқаро ташкилоти стандартларини қабул қилиш янада мустаҳкамланди, синов ва ўлчаш лабораторияларининг моддий-техник базаси яхшиланди.

    Миллий эталонлар базасини ривожлантириш учун эса 248,87 минг АҚШ долларилик фотометирик ўлчашлар учун қурулма харид қилинди. Бу билан тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида фойдаланиладиган қон ва иммуно-фермент анализатор, колориметр, рефрактометр ва люксметрларни метрологик текширувдан ўтказиш йўлга қўйилди. Умуман олганда, мазкур соҳанинг юқори аниқликдаги асбоблар билан таъминланиши 2,1 баробарга ортиб, саноат корхоналари метрологик текширувни тўлиқ қамраб олиш самарадорлиги тубдан яхшиланиб боряпти. Шунинг баробарида, 10 та янги калибрлаш лабораториялари фаолияти йўлга қўйилди.

    2017 йилда ташкил этилган Ўзбекистон миллий метрология институти бугунги кунда халқаро ташкилотлар BIPM (халқаро ташкилот), COOMET (Евро-осиё ташкилоти), APMP (Тинч океан минтақаси ташкилоти), ILAC (Аккредитация бўйича халқаро ташкилот) томонидан тан олинди.

    2020 йилнинг апрель ойида “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги қонун қабул қилинди. Бу билан метрологияга оид қоидалар халқаро талаблар билан мувофиқлаштирилди ҳамда хусусий бизнес субъектларини метрологик хизматлар кўрсатиш фаолиятига жалб этиш, жумладан, ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш имконияти пайдо бўлди.Халқаро экспертлар жалб қилиниб, калибрлашнинг янги услублари бўйича 35 та мутахассиснинг тайёрланиши ҳисобига янги метрологик инфратузилма асослари яратилди.

    2018 йилда ташкил этилган Стандартлаштириш институтида сўнгги икки йилда 14 мингдан кўпроқ стандартлар халқаро нормалар билан уйғунлаштирилиб, 5,3 мингта маънан эскирган стандартлар бекор қилинди.

    Шунингдек 2019 йилдан буён фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон Аккредитация маркази қисқа вақт давомида – мувофиқликни баҳолаш идораларини аккредитация қилиш Бутун жаҳон уюшмаси IAF нинг тўлақонли ва лабораторияларни аккредитациялаш бўйича халқаро ташкилот ILAC нинг мухбир аъзоси бўлди.

    Бугунги кунда Ўзбекистонда Аккредитация тизимида 64 та халқаро стандарт қабул қилинган бўлса, 32 та малакали мутахассис тайёрланди. Халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, 82 та асосий ҳужжат ишлаб чиқилди. Бу эса аккредитация бўйича миллий идоранинг халқаро ҳамжамиятда тўлақонли фаолият кўрсатишига имконият яратди.

    Техник тартибга солиш ва стандартлар

    Маҳсулот сифати ва хавфсизлиги яқин пайтга қадар стандартлар асосида белгиланган. Шу билан бирга, маҳсулотларнинг хавфсизлигига ягона талабларни ўрнатилишини таъминланиши халқаро ташкилотларга уйғунлашув жараёнинг кучайиши билан алоҳида долзарблик касб этмоқда.

    Шу муносабат билан ислоҳотларнинг мазкур босқичида маҳсулот хавфсизлиги назоратига асосланган техник жиҳатдан тартибга солиш тизими норматив базасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис кейинги йилларда халқаро норма ва стандартлар негизида 36 та техник регламент ишлаб чиқилиб, уларнинг умумий сони 53 тага етказилди. Уларнинг қабул қилиниши билан қарийб 2 мингга яқин стандарт ихтиёрийликка ўтказилди ва маҳсулотларнинг ушбу турларининг сифат назорати, ишлаб чиқарувчи ва савдо тармоқлари томонидан харидорлар эҳтиёжидан келиб чиқиб амалга оширилади.

    Президентимиз 2020 йилнинг 28 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда агентлигимизнинг бошқа йўналишлари каби техник жиҳатдан тартибга солишни Европа ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи талабларига мослаштиришни асосий вазифа сифатида белгилаб берган эди. Мазкур вазифани бажариш борасида қабул қилиш учун 27 та техник тартибга солиш лойиҳалари халқаро (Европа иттифоқи, Евроосиё иқтисодий иттифоқи) ҳужжатлари негизида ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

    Синов лабораториялари ва менежмент тизимлари

    Сертификатлаштириш ва синовлар бўйича хизмат кўрсатувчи миллий инфратузилма яратилганлигига кўп вақт бўлгани йўқ. Бугунги кунда юртимизда 51 та хусусий сертификатлаштириш идораси ҳамда 268 та синов лабораторияси фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хориж бозорларига олиб чиқиш учун шароит яратиш мақсадида 12 та синов лабораторияси халқаро даражада аккредитланган.

    Ўзбекистон Республикасида ваколатхонаси мавжуд бўлган 9 та менежмент тизимларини сертификатлаштириш идоралари халқаро ҳамкорлик доирасида фаолият кўрсатмоқда. Улар жумласига SGS (Швейцария), TUV (Германия), Control Union (Нидерланды), RINA, DQS Quality Systems (Италия), EuroCert (Греция), Astraia Manajment, Sert Manegement (Словакия), Русский Регистр (Россия) киради.

    Юртимизнинг 3 та менежмент тизимларини сертификатлаштириш идораси – “Management Certification”, “Central Asia Certification”, “Cert International” компаниялари халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди. Хусусан, “Cert International” Қирғизистон, Қозоғистон ва РоссияФедерацияси менежмент тизимларини сертификатлаштириш бўйича иш олиб бормоқда.

    Менежмент тизимларига тегишли амалдаги барча стандартлар (ИСО 9001, 14000, 22000, 45001, Global G.A.P., Sedex, BSCI, GOTS) Ўзбекистонда қабул қилинган бўлиб, тадбиркорлик субъектлари томонидан жорий қилинмоқда. Натижада 10 мингта корхонада маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжири бўйича жараёнлар назоратига асосланган сифат менежменти тизимлари жорий қилинди. Уларнинг 305 таси озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги стандартларига, 229 та фермер хўжалиги Global G.A.P. ва Organic стандартига ва 63 та корхона газлама тармоғида қўлланиладиган Sedex, BSCI, Oeko-Tex-100, GOTS стандартларига мувофиқлик сертификатига эга бўлди.

    Тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида халқаро тажриба ҳисобга олинган ҳолда, республикада Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик ташкилотининг 37 мамлакатидан импорт қилинадиган хом ашё материаллари, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун материаллар ва бошқа маҳсулотларни сертификатлаштириш бекор қилиниши ҳисобига унинг соддалаштирилган тартиблари жорий қилинган.

    Қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишлар

    Фаолиятнинг у ёки бу соҳасидаги ҳар қандай ислоҳот қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ёки такомиллаштиришни талаб қилади. Шу боис мамлакатимизнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш борасидаги ишлар бошлаб юборилди. Шу муносабат билан USAID (АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги) ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ва Халқаро савдо маркази каби халқаро ташкилотлар мутахассислари жалб қилинди.

    Ҳамкорликдаги фаолият натижасида юқорида қайд этилган “Метрология тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди, халқаро нормалар негизида ишлаб чиқилган “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтди ва шу кунларда қ халқаро экспертлар томонидан кўриб чиқиляпти.

    Бундан ташқари халқаро экспертлар жалб қилинган ҳолда, техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш ва аккредитация соҳаларида учта қонун ҳужжати янги таҳрирда тайёрланди. Уларда принципиал янгича ёндошувлар кўзда тутилган бўлиб, асосий урғу тайёр маҳсулотни сертификатлаштиришдан, тегишли ўтиш даврини беогилашдан тортиб,,таҳдидларни тоифалаштирган ҳолда, бозорни назорат қилишнинг амалий механизмларининг ҳуқуқий асосларини яратишгача бўлган жараёнларнинг назарда тутилган.

    Қонунларнинг янги таҳрирда қабул қилиниши ва уларнинг амалга киритилиши ваколатли органлар ташкилий тузилмасини халқаро тан олинган тажриба ва талаблар, шу жумладан, тартибга солувчи органлар ваколатларини Жаҳон савдо ташкилотнинг савдодаги техник тўсиқлар ва санитар ва фитосанитар чоралар бўйича келишувлари нормаларига мувофиқ қонунчилик доирасида аниқ белгиланишига ҳам имкон беради.

    Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида фаолият турларини институционал такомиллаштирилиш ва мувофиқликни баҳолаш органларининг аккредитация соҳасидаги муносабатларини халқаро стандартлар негизида мукаммаллаштирилишини таъминлайди. Шунингдек, маҳсулот мувофиқлигини тасдиқлашнинг амалдаги тартиботларини ЖСТ, ЕИ ва ЕОИИ халқаро меъёрлари нуқтаи-назаридан қайта кўриб чиқишда кўмаклашади.

    Умуман олганда, техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш йўналишида бошланган ва амалга оширилаётган ҳатти-ҳаракатлар Ўзбекистонга жаҳон маҳсулот ва хизматлар бозори билан фаол ҳамкорлик қилиш ва иқтисодиётни самарали ривожлантиришга кенг йўл очади. Энг асосийси, ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф қилиш, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини ошириш, саноатни замонавийлаштириш, ишлаб чиқариш ва истеъмол жараёнлари хавфсизлигини таъминлаш, мамлакат ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга имконият яратади.

    Президентимизнинг маҳсулотлар сифати ва рақобатдошлигини ошириш учун миллий стандартларни жаҳон талабларига мослаштириш ҳамда корхоналарга жорий қилиш бўйича берган топшириқлари юзасидан белгиланган вазифалар давом этирилади. Жорий йилда 8150 та янги стандартни қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, уларниг барчаси халқаро меъёр ва қоидалар билан уйғунлаштирилади. Бозор иқтисодиёти механизмларига салбий таъсир кўрсатадиган ва маънан эскирган 2013 та стандарт эса амалиётдан чиқарилади. Бу билан амалда фойдаланилаётган стандартларни халқаро стандартлар билан уйғунлашиш даражаси 50 фоиздан ошади ва маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари янги босқичга кўтарилади, экспорт салоҳиятининг ошишига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатади.

    Дилшод САТТОРОВ,

    “Ўзстандарт” агентлиги бош директори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates