Гап шундаки, ҳукумат қарори билан келаси йилдан кучга кирадиган янги амалиёт — мустақил тайёрланиш орқали айрим тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш мумкинлиги, айрим тоифалар учун эса автомактабларда фақат амалий машғулотларни мажбурий ўташ тартибини юртдошларимиз турлича талқин қилмоқда. Ҳатто 2026 йилдан автомактабда ўқимай ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мумкин деган хабарлар тарқалди.
Буни эшитганларнинг кўпи энди ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш осон бўлиши, бунинг учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлашга тўғри келмаслигини қувониб гапираётган бўлса, баъзилар яқиндагина автомактабда ўқий бошлагани ва бир оз шошиб қолгани, илгарироқ хабар топганида ҳайдовчилик гувоҳномаси олишни келаси йилга қолдирган бўлишини афсус билан маълум қилмоқда.
Хулоса чиқаришга ҳали эрта. Боиси, ҳайдовчиларни тайёрлаш мажбурий ўқув дастурини ўтамай туриб, назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш ҳамда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ҳуқуқи фақат “А1” тоифа учун амал қилади. Янги тартиб Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 25 октябрдаги “Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2026 йил 1 январидан кучга киради.
— Шу санадан бошлаб юртимизда “А1” кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилади, — дейди Республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати бошлиғи Зойир Йўлдошев. — Мазкур тоифа мопед ва скутерларни бошқариш ҳуқуқини беради. Белгиланган тартибга кўра, ушбу тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун автомактабларда ўқиш шарт эмас. Талабгорлар ўз ихтиёрига кўра ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқиши ёхуд мустақил тайёрланиши мумкин. Уларга назарий ва амалий имтиҳонларни тўғридан тўғри топшириш ҳуқуқи берилади.
2026 йил 1 февралдан бошлаб эса “A” ва “B” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ҳам янги тартиб жорий этилади. Фуқаролар ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин ва бунинг учун автомактабларда ўқиш мажбурий бўлмайди. Бироқ бу одамлар нотўғри талқин қилаётганидек “A” ва “B” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам автомактабда ўқимасдан туриб олиш мумкин, дегани эмас. Автомактабларда ўқиш талаби бекор қилинмади. Янги тартиб фақат назарий машғулотларни мустақил ўзлаштириш мумкинлигини назарда тутади. Амалий машғулотларни эса мажбурий ўқув дастури асосида тўлиқ ўташ зарур. Ушбу маълумотлар электрон шакллантирилади.
Ўқиш талаби тўлиқ бекор қилинмади
Жорий йил 1 мартдан мамлакатимизда мопед ва скутерлар ҳам транспорт воситалари қаторига қўшилди ҳамда аввалгидек велосипед йўлакларида эмас, балки автомобиль йўлида ҳаракатлана бошлади. Айни шу вақтдан бошлаб ушбу турдаги транспорт воситаларини бошқарувчилардан “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши белгиланган. Шу асосда мопед ва скутерларни ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда уларга алоҳида фарқловчи давлат рақам белгиларини бериш ишлари давом эттириляпти.
Очиғи, бу талаб ҳалигача кенг муҳокамаларга, айрим одамларнинг эътирозига сабаб бўлаётганди. Асосий масала ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш харажати билан боғлиқ. Бир томондан, бу чиқим мопед ва скутерларнинг нархидан ҳам юқори бўлиши мумкинлиги одамларни ўйлантиргани рост. Боиси, мопед ва скутер бошқарувчиларнинг кўпи нисбатан арзон ушбу транспорт воситасидан тирикчилик манбаи сифатида фойдаланади. Уни бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш эса ортиқча вақт ва харажат талаб қилади.
Ваҳоланки, ушбу турдаги транспорт воситаларини бошқарувчилар миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши мажбурий этиб белгиланган. Бу қарор, аввало, халқ манфаати, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинганини кўпчилик яхши тушунади ва қўллаб-қувватлайди. Мопед ва скутерлар бошқа транспорт воситалари каби автомобиль йўлида ҳаракатланар экан, қоидаларга барча қатори амал қилиши зарур. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олган фуқаро эса йўл қоидаларини билади ва уларга амал қилади. Мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиб, давлат рақам белгиларини бериш ҳам хавфсизликни таъминлаш чоралари билан боғлиқ. Хусусан, ушбу турдаги транспорт воситаларининг техник созлигини текшириш, улар билан боғлиқ ўғрилик жиноятларининг олдини олиш ва ҳоказо ҳолатлар ҳисобга олинган.
Хуллас, мопед ва скутер бошқарувчиларнинг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши талаби бекор қилинмади. Фақат тегишли қарор билан улар учун алоҳида “А1” тоифа жорий этилиб, ушбу тоифадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда енгиллик яратилмоқда. Таъкидланганидек, “А1” тоифани олиш учун фуқаролар автомактабда ўқиши шарт эмас. Мустақил тайёргарлик асосида тўғридан тўғри назарий ва амалий имтиҳонларни топшириши мумкин. Бунинг учун ўқув марказида таҳсил олганлик тўғрисидаги ҳужжат талаб қилинмайди.
Аммо мустақил тайёрланиш имконияти исталган ёшда имтиҳон топшириб, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мумкинлигини англатмайди. Бошқа автотранспорт воситалари каби мопед ва скутерни бошқаришда ҳам белгиланган ёш чегаралари мавжуд. Мутахассисларнинг маълумот беришича, бугун юртимизда “А” тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун талабгорлар 16 ёш, “B” ва “С” тоифалари учун 18 ёш, “D” тоифаси учун эса 21 ёшга тўлган бўлиши лозим. Шундагина имтиҳон топширишга рухсат этилади.
“А1” тоифадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун қанча вақт тайёрланиш талабгорнинг ихтиёрида. Имтиҳон топширишга тайёр бўлганлар тегишли тартибда ЙҲХХ ҳудудий бошқармаларининг имтиҳон олиш бўлинмаларига мурожаат қилиши мумкин. Назарий имтиҳонда 20 та тест саволи берилади. Бошқа тоифалардан фарқли равишда 18 та эмас, камида 16 тасига тўғри жавоб берган номзодлар назарий имтиҳонни топширган деб ҳисобланади ва амалий имтиҳонга қўйилади. Ҳар икки турдаги имтиҳонни муваффақиятли топширган шахсларга “А1” кичик тоифага кирадиган транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи акс этган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.
Тартибга кўра, “А”, “B”, “С”, “D” тоифалардаги автомототранспорт воситаларидан бирини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар “А1” кичик тоифасидаги автотранспорт воситаларини тўғридан тўғри бошқариши мумкин. Аммо ҳеч қайси тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаганлар токи уни олмагунига қадар мопед ёки скутерларни бошқармагани маъқул. Боиси, улардан белгиланган тартибдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси сўралади. Ушбу транспорт воситаларини ижарага олиш ёки беришда, ишончнома орқали бошқарганда ҳам давлат рақами белгилари бўлиши зарур. Акс ҳолда, ҳайдовчига жарима солинади.
* * *
Шундай қилиб, келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб мопед ва скутер ҳайдовчилари мустақил тайёргарлик асосида миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиши мумкин.
Назаримда, бу кўплаб одамлар кутаётган амалиёт. Айниқса, тирикчилик қилиш мақсадида олинган кичик тоифадаги транспорт воситаси ҳайдовчилари энди ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш харажати ҳақида ҳам бош қотирмайди.
— Талабаман. Ўқишдан бўш вақтимда даромад топиш учун муддатли тўлов асосида скутер сотиб олганман, — дейди Акром Назаров. — Элтиб бериш хизматида ишлайман. Даромадимни скутернинг ҳар ойлик тўловига сарфлайман. Очиғи, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш кераклиги мени анча ўйлантираётган эди. Тўғри, йўлда ҳаракатланганда қоидаларга амал қилишимиз зарур, аммо автомактабда ўқиш учун ҳеч пул орттира олмаяпман. Келаси йилдан ўқимай туриб имтиҳон топшириш мумкинлигини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Имтиҳонларга жиддий тайёрланиб, бир мартадаёқ муваффақиятли ўтишни ният қилганман.
Янги тартибнинг амалиётдаги ижобий ёки салбий жиҳатлари борасидаги фикрлар алоҳида масала. Очиғи, “ўқимай туриб ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш” деган жумланинг ўзиёқ одамни хавотирга солади. Айниқса, борган сари йўлларда транспорт воситалари сони ҳам, улар билан боғлиқ қоидабузарликлару автофалокатлар кўпайиб бораётган бир вақтда ҳайдовчиларнинг интизомли ҳаракатланиши йўл қоидаларини яхшироқ билишига боғлиқдек. Аммо бунга миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни қийинлаштириш орқали эришиб бўлмайди.
Бизнингча, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш тартибини эмас, талабларини қатъийлаштириш тўғрироқ бўлади. Талабгор қаерда, қандай ўқиганидан қатъи назар, тегишли билим ва кўникмага эга бўлиши ҳамда имтиҳонлардан ўта олиши муҳим. Жаҳон амалиётида ҳам мустақил ўрганиш тажрибаси мавжуд ва деярли барча йўналишда кенг оммалашган. Бу талабгорларнинг масъулиятини оширишга ҳам хизмат қилади. Номзод имтиҳондан ўтишни истаса, янада жиддий ўқиб-ўрганади, ҳайдовчилик гувоҳномасини шунчаки ололмаслигини ҳис этади. Йўллардаги қоидаларга амал қилиш масъулияти янада ортади.
Қоидабузарликлар учун жарима талабларининг доимий қатъийлаштириб борилаётганидан кўзланган мақсад ҳам шу. Айни пайтда “жарима баллари” деган тушунча кўпчиликка яхши таниш. Аллақачон амалиётда қўлланаётган бу тартиб ЙПХ ходимлари томонидан қайд этилган қўпол қоидабузарликларга нисбатан амал қилаётган эди. 2026 йил 1 апрелдан эса махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисобланиши эълон қилинди.
Амалиёт ҳукуматнинг тегишли қарори билан кучга киради ва жарима баллари транспорт воситасининг мулкдори ҳамда мазкур транспорт воситасидан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда ишончнома, суғурта полиси, йўл варақаси орқали фойдаланувчи бошқа ҳайдовчиларга тақсимланади. Амалиётдан кўзланган мақсад эса йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўлларда ўлим ҳолатларининг олдини олишга қаратилгани билан изоҳланмоқда.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири







