Аббосбек Файзуллаев Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси совринини қўлга киритди

    Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳамда «ЦСКА» клубининг ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев ОФКнинг эркаклар орасидаги энг яхши ёш ўйинчиси бўлди.

    Бугун, 29 октябр куни Жанубий Корея пойтахти Сеулда Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан қитъа футболининг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

    ОФК томонидан йил якунларига бағишланган маросимда футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳамда «ЦСКА» клубининг ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев Осиёнинг 2024 йилдаги энг яхши футболчиси деб топилди.

    Шу номга Аббосбекдан ташқари Япония ёшлар жамоаси аъзоси Гаку Навата ва Жанубий Кореянинг «Тэжон Ситизен» клуби аъзоси Ба Жун Ҳо ҳам давогар эди. Файзуллаев уларни ортда қолдириб, совринга эга чиқди.

    Маълумот учун, Файзуллаев 2023 йилнинг ёзида ЦСКА сафига қўшилгач, ўтган бир йилда Россия Премьер лигасида жами 33 ўйинда 6та гол ва 9та ассистентлик қилди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Қатардаги Осиё кубогида 5 ўйинда 2та гол урди, ЖЧ-2026 саралаш босқичида эса 10та ўйинда майдонга тушди.