Мини футбол бўйича Иссиқлик электр станциялари касаба уюшмаси кубоги ўтказилди

    Финал ўйинларида Талимаржон ИЭС АЖ жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

    Яхши дам — меҳнатга ҳамдам, дейди доно халқимиз. Агар дам олиш кунларимиз спорт билан ўтса, нур устига нур бўлади. Сир эмас, юртимизда фаолият олиб бораётган турли соҳа ходимлари ўртасида спорт маданиятини ошириш, ходимларнинг жисмоний чиниқиши ва ўзаро дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Энергетика, нефть-газ, геология касаба уюшма ходимлари Республика кенгаши, Иссиқлик электр станциялари АЖ ҳамда Смарт интегритй МE МЧЖ ҳамкорлигида 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни муносабати билан Иссиқлик электр станциялари ва марказларида меҳнат қилаётган 32 ёшдан 60 ёшгача бўлган ходимлар ўртасида “Инсон қадри учун, эл бахти учун” шиори остида мини футбол мусобақаларининг республика босқичи ўтказилди.

    29 октябрдан 1 ноябрга қадар ўтказилиши режалаштирилган мазкур мусобақада 100 дан ортиқ энергетик ходимлар “Касаба уюшмаси кубоги” учун ўзаро беллашди.

    31 октябрь куни финал ўйинлари бўлиб ўтди. Кучли жамоалар ўртасида кечган ўйинлар натижасида қуйидаги 4 жамоа финал босқичига етиб келиб, ғолиблик учун куч синашди:

    Фарғона иссиқлик электр маркази филиали;
    Талимаржон ИЭС АЖ;
    Ангрен ИЭС АЖ;
    Тошкент ИЭС АЖ.

    Учинчи ўрин учун кечган баҳсда Ангрен ИЭС АЖ жамоаси Тошкент ИЭС АЖ устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

    Финал ўйинида эса Талимаржон ИЭС АЖ жамоаси Фарғона иссиқлик электр маркази филиали аъзоларини 4:2 ҳисобида мағлуб этди.

    Шундай қилиб, 1-ўрин Талимаржон ИЭС АЖ;
    2-ўрин — Фарғона иссиқлик электр маркази филиали;
    3-ўрин – Ангрен ИЭС АЖ жамоасига насиб этди.

    Мазкур жараёнда барча иштирокчилар ўз жамоаси номини ҳимоя қилиш мақсадида майдонда муросасиз қизғин баҳслар олиб борди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи мусобақалар якунида ғолиб жамоалар кубок ҳамда эсдалик совғалари, шунингдек, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши тўпурар”, “Энг яхши футболчи” каби номинациялар бўйича ҳам тақдирланди.

    — Финал ўйинлари давомида ходимларимизнинг нафақат иш фаолиятида, балки спортда ҳам масъулиятли ва иқтидорли эканига амин бўлдик, — дейди “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси ўринбосари Темирбек Бекмирзаев. — Бундай спорт мусобақаларини янада кенг қамровда ўтказиш ва ходимларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш ниятидамиз. Зеро, спорт ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Бунинг учун юртимизда барча шароит етарли.


    Рашид Хўжамов,

    Yuz.uz мухбири


    Ҳаким Юлдошев олган суратлар


    Ҳамкорлик материали