2006 йил кираётган оқшом мен Берунийда, ота уйимда эдим. Янги йил яқинлашаётган соатларда кўп йиллик қадрдон оғам, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган муҳандис, иқтисод фанлари номзоди Олимбой ака Примов хонадонига бордим. Бир неча ойдан буён оқсоқолнинг тоби йўқлигини эшитгандим. Аслида, у киши тоғни урса талқон қилишга қодир паҳлавон инсон эди. 25 ёшида Беруний район ижроия қўмитаси раиси бўлиб, 29 ёшида Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раиси ўринбосари М.З.Мирзааҳмедов ва Қорақалпоғистон АССР Министрлар Совети Раисининг биринчи ўринбосари А.А.Юрис билан бирга 1969 йилнинг 13 марти тонгида юз берган даҳшатли сув тошқини оқибатларини тугатишга бошчилик қилган. У “Ҳаётим мазмуни” китобида “Тошқин менинг умримни камида 20 йилга қисқартирди”, деб ёзган эди.
1985 йилнинг кузидан бошлаб эса бу инсон нақ тўрт йил давомида Гдлян гуруҳи туҳматларидан азият чекди, “Матросская тишина” авахтасида қанчалар қийнашмасин, пихини ёрган Каракозян ва Карташяннинг бирорта баённомасига имзо чекмади.
Олимбой ака ўқувчи чоғидан бошлаб китоб йиғиб келади. Шахсий кутубхонасида 5 мингдан ортиқ нодир китоблар бор. Мен кириб борганимда у ўзи худди туғишган оғасидек ҳурмат қиладиган устозимиз Ошиқ Аёз — Ибройим Юсупов асарларини мутолаа қилаётган экан. — Мана, Ибройим оғанинг “Дала арманлари” китоби, — деди оқсоқол бир оз қизишиб. — Бу эса 1979 йили “Қорақалпоғистон” нашриётида босилган китобининг иккинчи томи. Энди шу томнинг 79-бетини очамиз. “Дала арманлари” — романтик поэма. Тўғрими? Тўғри! Нега энди уни ҳамкасбларингиз ўзбек тилига “Дала армонлари” деб таржима қилишибди. Ахир қорақалпоқ тилидаги “дала” ўзбек тилида “саҳро”, “арманлар” эса “орзулар” маъносини беради. Демак, “Саҳро орзулари” дейишлари керак эди. Оқсоқолникига борсанг шуни айт. Сиҳатим мустаҳкам бўлганидаку, ўзим борардим. Ижроқўм раиси пайтимда “Берунийнинг боғларинда” шеърини ёзиб берган эди. Элликқалъага нечта шеър бағишлаганини ўзинг яхши биласан!
Олимбой ака Махтумқулининг “Йигитлик бўстондир, қарилик хазон, Бўстонни хазонга сотувчи бўлма” мисрасини такрорлашни яхши кўрарди. Биз бу ажойиб инсон ҳали кўп яшайди, деган орзуда эдик. Аммо орадан 24 кун ўтгач, у вафот этди. Олимбой оғанинг қаҳрамон шоир билан дийдори қиёматга қолди.
Орадан бир неча ой ўтгач, минг бир истиҳола билан Ибройим оғанинг уйига бордим. Таниқли инсонлар — публицист Шароф Уснатдинов, режиссёр Нажиматдин Ангсатбоев, олим Бахтиёр Абдукамолов ҳамда мен — журналист
— бешовлон бир пиёла чой устида гурунглашдик. Шароф оға устоз қаҳрамон бўлган куннинг эртасига “Халқ сўзи”да “Саҳро булбули” номли мақола эълон қилганимни эслатди. Мақтов — мойга ўхшайди. Ҳаммага ёқади. Менга ҳам ёқиб турган бўлса-да, “Устознинг ижоди ҳақида гаплашайлик!» деб шивирладим. Шароф оға аввал Усмон Носирнинг “Юрак” шеърини ёддан (бу шеърни у умрининг охиригача тўйларда айтиб юрди) ўқиди.
Кейин устоздан: — Ўзбек тилида чиқарадиган китобингизни “Саҳро орзулари” деб атадингизми? — сўради. Шоир тасдиқлади. — Демак, матнни компьютерда профессор Бахтиёр Абдукамолов теради, тайёрини Янгибой Қўчқоров кўриб, таҳрир қилади! — Эсимга Абдулла аканинг Миртемир таржимасидаги “Букри тойчоқ”қа муҳаррир бўлгани тушяпти. Мен таҳрир қилмайман. Фақат имло хатоларини кўриб бераман! — дедим бир оз ноқулай аҳволга тушиб. — Сиздан бошқа нарса сўраётганимиз йўқ, — деди Нажиматдин оға Ангсатбоев. — Москвада, Малий театрда ишлаганимда СССР халқ артисти Михаил Иванович Сарев менга “Сендан ролни яхши ўйнашдан бошқа ҳеч нарса талаб қилаётганимиз йўқку!» дерди.
Китоб зўр чиқса бўлди-да!
Ўша китоб чиқмади. Аммо шоирнинг ўзи, Бахтиёр оға ва мен тайёрлаган матнимиз устознинг 2019 йилда Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган “Танланган асарлари”га, ундан олдинроқ чоп этилган “Раҳмат, сенга замоним”, “Қоратол” ва мен тайёрлаган “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг”, “Сўфитўрғай саломи” китобларига кирди.
Биз бу ўринда ўша катта китобнинг босилмай қолгани учун кимнидир айблаш фикридан йироқмиз. Кейинроқ “Янги аср авлоди” нашриётида “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” китоби 8 минг нусхада босилди...
Бир гал азиз устозим, Ёзувчилар уюшмасининг ўша даврдаги раиси Абдулла Орипов ҳузурида ўтирганимда унга ҳукумат мулозимларидан бири қўнғироқ қилиб қолди. Ўрнимдан тураётсам, Абдулла ака “ўтиравер”, деб ишора қилди. Чала бўлса ҳам эшитганим шу бўлдики, мулозим эртага республика маънавият муассасасида аттестация бўлишини, лекин атоқли шоир Ибройим Юсупов синовдан ўтказилмаслиги кераклигини айт ди.
Томдан тараша тушгандек айтилган бу гап устоз учун саратоннинг ўртасида қор ёққандек таассурот қолдирди. — Мен бу ечим учун овоз бермайман.
Маъқулми? — деди ёнғоқ олса чақиб кўришни унутмайдиган Абдулла ака. — Бир ўзингизнинг овозингиз ҳеч нарсани ҳал қилмайди-да, ака! — деди мулозим. — Бир гап айтсам хафа бўлмайсизми, қоракўз йигит? — деди Абдулла ака. — Бизларни бир вагонга йиғсангиз ҳам тарозининг иккинчи палласини Ибройим оғанинг тоши босиб кетадику!
Хулласи калом эртасига Тошкентга келган Ибройим оға Қорақалпоғистон маънавият маркази раҳбари лавозимидан четлатилди. Балки бундан фожиа ясаш ҳам керак эмасдир. Ҳарқалай, ўз ишини жуда яхши бажариб турган инсонни кимгадир ёқмагани учун лавозимидан олиш адолатдан эмас-да.
Шоир ўтмишда бундай тазйиқларга кўп бора дуч келган. Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ш.Уснатдиновнинг 2 жилдлик “Ибройим Юсупов” романини ўқиганлар буни яхши билишади. 1952-1953 йиллар шоир ҳаётидаги энг оғир йиллардан бири бўлган. 1952 йили миллатчилик кайфиятида асар ёздинг, деб унинг устидан жиноий иш очадилар. Устозлари қўллаб-қувватлаб, хавфни бартараф қилади. Аммо кейинги рутубатли йилда шоир ўзининг ўша икки севимли устозларидан айрилиб қолди: 18 май куни ажойиб инсон, атоқли адиб, давлат арбоби Амет Шамуратов, 20 июлда беқиёс ин-
сон, талантли драматург, атоқли адабиётшунос олим Нажим Дауқораев вафот этади. Икки бойтеракни ҳам рақибларининг “ёза-ёз”и қулатади. Улар Амет оға билан Нажим оғанинг энг содиқ шогирди ҳисобланган Ибройим оғани ҳам аяб ўтиришмайди. “Амударё” журнали Бош муҳаррири лавозимида ишлаганда буржуа ғоялар тарғиботчиси бўлган деган тамғани босиб ишдан бўшатишади. Бердақ бадииятига бағишланган мақоласи чиққач, қилдан қийиқ ахтарадилар. “Маяковский билан суҳбат” шеъри учун сиёсий айб қўядилар. “Эдигей” достонини тарғиб қиляпти, деб қамоққа олмоқчи бўлишади. Аллоҳнинг инояти билан шоир ўша туҳмат тошлари орасидан эсон-омон чиқади. Устоз бир шеърида булар ҳақда шундай ёзади:
Мен отимдан тушиб бошқага бердим, Эгари, тўрваси, қамчиси билан.
Сен дарҳол қувониб югуриб келдинг, Кўзингда шодлик — ёш томчиси билан...
Ибройим оға Пушкин шеъриятининг мафтуни эди. “Аҳмоқ билан эса ўчакишма ҳеч” деган сатрини яхши кўрарди.
Аввал “Амударё” журнали, кейин Ёзувчилар уюшмаси раиси раҳбарлигидан воз кечди. Узр, “воз кечди” деганим бир оз нотўғри бўлади. Чунки 1980 йилнинг 9 сентябрида Нукусда Қорақалпоғистон ёзувчиларининг еттинчи қурултойи бошланганида биз область партия қўмитаси ҳузуридаги марксизм-ленинизм университетида семинарда эдик. Лутсенко деган мутасадди ёзувчилар съезди бўлаётганини, қизиққанлар бориши мумкинлигини айтгач, бордик ва айрим нутқларни коридорда туриб тингладик. Раис вазифасида ишлаб келаётган Ибройим оғани роса танқид қилишди. Атоқли бир ижодкор “Мана, Ибройим “Кўнгил кўнгилдан сув ичар” деб шеър ёзибди, кўнгилда водопроводнинг жўмраги бўладими?» деди дабдурустдан. Айбловлар кетидан айбловлар ёғилди. Устига-устак ўлка раҳбари Қаллибек Камолов Москвада, “Барвиха” сиҳатгоҳида эди. Хуллас, 15 йил раис бўлган Ибройим Юсупов ўрнига яна бир устозимиз Тўлапберген Қаипбергенов сайланди.
Султон суягини хўрламайди, албатта.
Қаллибек Камолов Ибройим оғани “Совет Қорақалпоғистони” газетасига Бош муҳаррир қилиб тайинлади. Аммо Қаллибек оға Руминиянинг Констанса шаҳрига бош консул бўлиб кетгач, Кремль салтанати ўлкага КПСС МҚ инспектори бўлиб ишлаётган бир шоирни биринчи котиб қилиб юборди. Гадонинг душмани гадо бўлади. Шиша сандонни, буламиқ дандонни синдиради. Ўша шоир 1988 йилнинг март ойида Ибройим оғанинг ишини партия ҳайъати йиғилишида муҳокама қилди. “Бош муҳаррирни ишдан олиб, партиядан ўчирамиз. Чунки у мулла
Юсуф охуннинг ўғли эканини яшириб келган”, деди. Унга жавобан шоир “Ишдан олишингиз мумкин. Бироқ партия дан ўчириш учун аввал унга кириш пайтидаги аризамни кўринг”, деди.
Иккинчи котиб Дмитрий Берков (Кремль дан жўнатилганлар ичида энг ҳалоли эди) “Шошманг, Какимбек Саликович, аввал ўша аризани кўрайлик. Кейин хулоса чиқарсак тўғри бўлади”, деди.
Аризанинг “Ижтимоий келиб чиқиши” деган жойида “уламоларданман” деб ёзилган экан. Аслида, бу совуқ шамол юқорироқдан эсиб келган эди. Чунки шоир бир неча шеърида “қайта қуриш”нинг пуч нарса эканлигини танқид қилган, аввал комбайнчи бўлган бош котибга қарата аччиқ сўзлар ёзган эди. 1989 йилнинг 26 мартида СССР Олий Кенгашига сайловлар ўтадиган бўлди.
Ибройим оғанинг уйига бориб, “Номзодингизни Ёзувчилар уюшмаси орқали қўйсак бўлади”, дедим. “Янгибойжон, фақир киши панада бўла қолсин. Бироқ шу фикр сенинг хаёлингга келганидан қувонганимни ҳам яширмайман”, деди.
Атоқли адиблардан А.Адамович, Ч.Айтматов, О.Ёқубов, А.Орипов, В.Белов, Г.Виеру, Р.Ҳамзатов, Е.Эвтушенко, С.Залигин, М.Ибрагимов, Т.Қаипбергенов, М.Қаноат, В.Карпов, М.Мачавариани, Ю.Марсинкявичюс, Б.Олейник, В.Распутин, А.Рзаев, Г.Сафиева, С.Ханзадян, О.Чиладзе, М.Шаханов, Л.Шерали СССР халқ депутати бўлиб сайландилар. Устоз эса “Ишга қўним — хирмонга унум”, деб
Жаҳон тинчлик қўмитасининг Қорақалпоғистон бўлимига ишга ўтди. 1994 йилдан Маънавият марказида енг шимариб ишлади. Тез орада таниқли шоирга буни ҳам кўп кўришди.
Чинорнинг шохи синса ёши тўкилур дув-дув, Тонггача билмай ором, инграб чиқар беуйқу.
Атрофини ўраган барглар тинчин йўқотиб, Парвона бўлиб унга бирга чекишар қайғу...
Ошиқ Аёз азим чинор эди. Шохлари кўп бор синди. Айниқса, бош новдаси, “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” шеърининг соҳибаси, вафодор рафиқаси Бибизода 46 ёшида оламдан ўтганда устига осмон қулаб тушгандек бўлди. Иккинчи турмушида буюк Полвон Пир ибораси билан айтганда, “девордан ошиб турган мева шохига йўловчи қўл чўзди”, ёшгина аёл фожиали равишда оламдан ўтди. Олмосдек ярқираган ижоди ҳам ўзининг муносиб баҳосини олгани йўқ. Жонажон дўсти Чингиз Айтматов 35 ёшида ўз қиссалари учун Ленин мукофотига сазовор бўлди. Ибройим оғанинг “Тўмарис” достони эса юксак бадиий хусусиятлари билан катта мукофотларга муносиб эди... Фақат истиқлол йилларидагина унга “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвонлари берилди.
Шоирнинг Расул Ҳамзатов билан дўстлиги алоҳида мавзу. У оламдан ўтганида дунё Ибройим оғанинг кўзларига тор бўлиб қолди:
Кавказнинг энг баланд чўққилари ҳам Пасайиб қолгандек бугун қарасанг.
Патиматсиз қолган бу ёлғончини Энди сен ҳам ташлаб кетиб борасан...
Улар қирқ йил мобайнида орадан қил ўтмас дўст бўлишди. Бир неча бор биз бу буюк биродарлик гурунгларига шоҳид бўлганмиз. Баҳоли қудрат бу ҳақда эсселар ёздик, яна ёзамиз. Улар, Ошиқ Аёзнинг ўз ибораси билан айтсак, “инсоният ор-номусининг жарчилари” эдилар. Ғийбат ва ҳасад тошлари уларнинг барчасига муттасил отилиб турарди. Бу ҳақда Ибройим устознинг ўзи шундай ёзган эди:
Жонга тегди элнинг ғийбатли сўзи, Қийналса очилмас оқилнинг кўзи, Шеър ҳам туғилмагай ўзидан-ўзи, Қўйинг мусофирлик ҳолимга мени...
У маломат зарбаларига бошини тутиб бермади, тиз чўкмади. Бутун вужуди билан ижодга берилди. Улуғ Алишер Навоий асарларини ўз она тилига таржима қилди, драмалар ёзди, биринчи қорақалпоқ балетига либретто битди. Энг муҳими, Ўзбекистонга ўнг қўлини узатган, бу бирдамликдан бахту иқбол топган Қорақалпоғистоннинг давлат мадҳияси матнини ёзди. Мадҳия ёзишнинг ўзи бўлмайди. Ошиқ Аёз мадҳияни халқ қалбига ҳамоҳанг сўзлардан маржондек терди:
Жайхун жағасинда ўсган бойтерак, Тупи бир, шохлари минг бўлур демак.
Сен шундай сояли, қуёшли элсан, Тинчлик ва иқбол сендаги тилак...
Марказий Осиёнинг энг иқтидорли бастакорларидан бири, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Нажиматдин Муҳамметдиновнинг мафтункор мусиқаси мадҳияга узукка қўйилган зумрад қошдек ярашди.
Шу ўринда яна ўша 2006 йилнинг ёзида, устоз иккимиз “Саҳро орзулари” китоби қўлёзмаси устида ишлаган
кунларимизга қайтайлик. Юрак амри билан устозга беминнат бекаликни ўз зиммасига олган Гулсара янга олдимизга нон-чой қўйгач, видеоускунанинг мурватини босдик. Экранда шиддат билан тўлғаниб оқаётган Амударё, унинг соҳилида тор тутган таниқли ҳофиз Отажон Худойшукуров пайдо бўлиб, ноёб овози билан қўшиқ бошлади:
Қайда юрсам соғинтирар Она юртим томонлари, Хаёлимда саҳар-саҳар Эсар Жайхун шамоллари...
Бетакрор таронани мириқиб тингладик. Ибройим оға “Видеотасвирда дарё бўйига кўчат экаётганлардан Отажонни, Омон Матжонни, Эркин Самандаров ва Эркин Мадраҳимовни, Қурбонбой Матирзаевни, Марксни, Олмахонни танидим. Улардан олдин кўринган барваста йигит ким?» деб сўради. Мен у кишининг Жуманиёз Қўзиев эканини, Тошкентда яшашини, олийгоҳда дарс беришини айт дим. “Видеоёзувда кўрсатилган тўй кимники?», деб сўради. Мен бу Отажоннинг туғишган акаси Бобожон Худойшукуровнинг эгизак ўғиллари Ҳасан билан Ҳусаннинг уйланиш тантанаси эканини, Ҳасан ҳофизга ўғил қилиб берилганини айтдим. “Ҳофизнинг қизи бор. Оти Интизор” деб қўшиб қўйдим саволга ўрин қолдирмай. “Отажондан бошқа кимда тенор овоз бор?» деб сўради шоир. “Бизда Саттор Ярашевда, Озарбайжонда Пўлат Булбул ўғлида!» дедим. “Энди текстга “претензия” ларга ўтамиз!» деди. “Претензия” эмасу, таклифлар бор!» деб қоғозимни қўлга олдим. “Ўқи!» деди. Ўқидим:
Умр қисқа, манзил узоқ, Йиллар биздан кетар йироқ.
Мангу қўшиқ каби янгроқ, Эсар Жайхун шамоллари.
Ибройим дер: эл нафаси, Амунинг сирли шарпаси, Умримнинг боқий сабоси, Салом, Жайхун шамоллари!
Устоз узоқ ўйланди. “Яхши топибсан. “Мангу қўшиқ каби гувлаб” сатри аввалги китобларда тураверади. Янги китобда сен топгандек кетсин. “Умримнинг боқий сабоси” ҳам ёмон эмас. “Ҳаёт шаробидан бир қултум ютай, Дамлар ғаниматдир, умрзоқ соқий. Қуёшку фалакда кезиб юрибди, Умримиз боқийдир, умримиз боқий” деганми Ғафур ака. У Нажим устозимга кўп яхшилик қилган. Академик шоирни Нукусга чорлаб, қўй сўйиб сийлаганимни эссенгда яхши ёзибсан. Раҳмат!», деб қўлини дуога очди.
Ўйлаб қарасам, барча қаҳрамон адибларимиз — Саид Аҳмад, Ибройим Юсупов, Тўлапберген Қаипбергенов, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим Ғафуровларнинг барчасидан дуолар олибман.
Устознинг улуғ дўсти Расул Ҳамзатов 1988 йили Москвада уч яшар ўғлим учун педалли машина совға қилган эди.
Ошиқ Аёзнинг яна бир қадрдони Носир Фозилов бизни қардош қозоқ адабиётига доимий ошно қилиб кетди. Ибройим оғанинг ўша йиллари биздек олис қишлоқда туғилган ижодкор йигитни ўз қаноти остига олгани, Ҳамзатовдек улуғ дўсти билан таништиргани у кишининг нақадар бағрикенг инсон эканидан далолатдир.
Ибройим оға оламдан ўтганида унинг тобути тепасида тенгдоши Тўлепберген Қаипбергенов “Жон дўстимдан айрилдим”, деб фарёд чекди. Кимдир ишонар, кимдир ишонмас, бироқ Ибройим оғанинг “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг”, “Сўфитўрғай саломи” китобларини нашрга тайёрлаш ғоясини айнан Тўлепберген оға каминаи камтаринга ўзига ўринбосар мақомини бераётган чоғлари айтган эди. Бу икки улуғ сўз санъаткори, энг аввало, халқлар орасидаги биродарликни мустаҳкамлаш учун хизмат қилдилар. Икковининг ҳам асарлари “Туркий адабиёт дурдоналари” антологиясига алоҳида жилдлар сифатида кирди. Бугунги жаҳон адабиётида уларнинг ўз ёрқин саҳифалари бор. Мен икковига ҳам холис дастёр бўлганим билан фахрланиб юраман.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, туғишганлик туйғуси, юртга эҳтиром, инсонга меҳр Ошиқ Аёз — Ибройим Юсупов ижодининг қаймоғи эди:
Эрк қуёши очгандир юз, Бахтимизни қилиб кўз-кўз, Ичи куйган яласин туз, Умримиздир боғу бўстон, Соғ бўл, онам Ўзбекистон!
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими