Жорий йилнинг 27 февралида Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетдида Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази “Ўзархив” агентлиги ҳамкорлигида ташкил этган анжуман жадидчилик ҳаракати ва ушбу ҳаракат намоёндаларининг ҳали атрофлича ўрганилмаган қирраларидан бири яъни хориж жамоатчилиги билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларига бағишланди.
Мазкур тадбирдан мақсад – маърифатпарвар жадид боболаримизнинг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти, илмий-ижодий мероси, миллий давлатчилик асосларини бунёд этишдаги саъй-ҳаракатлари, хориж жамоатчилиги билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари замирида замонавий халқ дипломатияси элементлари мавжудлигини очиб беришдан иборат.
Маърузачилар томонидан халқ дипломатиясини жадид маърифатпарварларимизнинг илмий, ижодий меросини хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз орасида кенгроқ ёйиш, асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, ҳамкорликда турли тадбирларни ташкил этиш орқали ривожлантириш мумкинлиги қайд этиб ўтилди.
Буюк маърифатпарвар боболаримиз томонидан илгари сурилган ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар, турли миллат ва элатлар ўртасида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш билан бирга, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган интилишлар ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда ҳам барчамизга, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат намунаси эканлиги айтиб ўтилди.
Анжуман доирасида “Ўзархив” агентлиги билан ҳамкорликда жадид маърифатпарварларимизнинг илмий, ижодий фаолиятига бағишланган архив фотолар кўргазмаси ҳам ташкил этилиб, унда ноёб фотосуратлар, архив материаллар намойиш этилди. Аждодларимизнинг бой илмий мероси ҳақида сўзловчи ушбу архив ҳужжатлар уларнинг хориж жамоатчилиги билан ҳам алоқалари узвий бўлганлигини намоён этди.
Анжуман якунида ёш авлод вакилларини жадид боболаримиз илмий мероси, халқаро миқёсда олиб борган фаолиятини ўрганиш ва таҳлил қилишга чорлаш, муштарак тарихимизнинг ёрқин саҳифаларини ташкил этадиган маърифатпарвар аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, уларнинг ўз қиммати ва аҳамиятини ҳамон йўқотмай келаётган бой меросини ҳамкор давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, таниқли хорижий олимлар билан биргаликда теран тадқиқ ва тарғиб этишни янада кучайтириш, хориж мамлакатларида ҳам давра суҳбатлари ва саминарлар ташкил этишга келишиб олинди.
Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси
маркази Матбуот маркази