Ҳар бир ишда самимият бўлсагина унинг асл баҳосини англаймиз

    Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг муборак номи яна диллардан тилларга кўчди. Қани энди шундай иззат-икром барҳаёт чоғида бўлганида эди...

    2019 йил 10 май. Чилонзор туманидаги Сўгалли ота зиёратгоҳи ёнида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қурилишини бошлатган масжид узоқ йиллардан буён қаровсиз ҳолда қолиб келар эди. Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви жараёнида мазкур масжид қурилиши майдонига ташриф буюрди. Президент ташаббуси билан масжидга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилди.

    Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг муборак номи яна диллардан тилларга кўчди. Қани энди шундай иззат-икром барҳаёт чоғида бўлганида эди...

    — Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди, — деди ўшанда Шавкат Мирзиёев. — Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлди. Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг илми, сўзи ва ибратли амаллари билан она Ватанга, динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб яратиб кетди, десак, тўғри бўлади. У кишининг илм ва ҳаёт йўли, бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш – барчамизнинг бурчимиздир.

    Улкан арбоб

    У киши ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, ўша мураккаб йилларда кўпдан-кўп беҳуда ихтилофларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшган.

    Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1980 йилда ўқишни тамомлаб, Ливиядан Ўзбекистонга қайтиб келгач, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, ректор муовини, ректор вазифаларида ишлади, 1981-1989 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, улуми Қуръон, ақида фанларидан дарс берди. 1989 йили 6 февралда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси бўлди, декабрь ойида СССР Олий Кенгашининг депутати этиб сайланди.

    Шайх ҳазратлари муфтий вазифасида халқаро миқёсда ҳам кенг фаолият юритиб, кўплаб ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришган. Ҳам муфтий, ҳам Олий кенгаш депутати сифатида собиқ совет иттифоқи президенти Михаил Горбачёв ҳамда ҳукуматга мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш масалалари кўтарилган махсус баённома тақдим этган.

    Баённомада мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаш, уларнинг ҳуқуқларини қайтариш масалалари кўтарилган эди. Мустабид мафкура ҳукмрон бўлган ўша оғир замонда бундай ташаббус билан чиқиш, ҳеч шубҳасиз, катта жасорат ҳисобланган. Бунинг натижасида шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгариб, масжид ва мадрасалар очилди. Шайх ҳазратларининг кўплаб талабларига биноан, Горбачёв собиқ иттифоқдан ҳаж сафарига борадиган мусулмонлар сонини кескин ошириш ҳақида қарор қабул қилди. 1990 йилда Марказий Осиё республикаларидан 500 нафар мусулмон Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига боришга муваффақ бўлди. Агар ўша даврда бутун собиқ иттифоқ бўйича ҳар йили бор-йўғи 20-30 киши ҳажга боргани ҳисобга олинса, бу жуда катта натижа эди.

    Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, у кишнинг муфтийлик даврида биринчи марта 1990 йилда юртдан борган ҳожилар Саудия Арабистони ҳукумати тарафидан “Подшоҳнинг меҳмонлари” сифатида қабул қилиндилар, алоҳида эътибор, меҳмоннавозликка мушарраф бўлдилар.

    Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари совет делегацияси аъзолигида бир неча давлатларга сафар қилади. Президент Горбачёвнинг таклифи билан афғон мужоҳидларининг Пешовардаги вақтинча қароргоҳига бориб, афғоний жиҳод қўмондонлари билан музокаралар олиб боради.

    Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўз саъй-ҳаракатларини собиқ иттифоқ мусулмонларининг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятини тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга йўналтирган эдилар.

    У кишининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд эди. Бу улуғ ватандошимиз Дунё мутафаккир уламолари йиғини ижроия қўмитаси аъзоси, Жаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Дунё ислом уюшмаси каби нуфузли ташкилотлар, Иордания подшоҳлик академияси аъзоси эди. Мисрнинг “Нил лаври” олтин нишонига сазовор бўлган. Замонавий Ўзбекистон тарихида исломий илмлар бўйича ҳеч ким бу даражада юксак мавқега кўтарилмаган.

    ***

    Ушбу жоме масжидга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғли, бошлаган хайрли ишларининг давомчиси, бир неча исломий ташкилотлар аъзоси ва мўмин-мусулмонларга жуда катта хизмат қилаётган “Ҳилол нашр” мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф имом-хатиб этиб тайинланди.

    Масжидга ташрифи давомида Президентимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақидаги қуйидаги хотиралари билан ҳам бўлишган эди:

    – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини жуда ҳурмат қилардим, кўп учрашиб юрардим. Ҳазрат жуда кўп китоб ўқиган инсон эди. Мен у киши билан кўп бора мулоқотда бўлганман. “Китоб ўқимаган одамнинг руҳияти ҳам, келажаги ҳам, умиди ҳам йўқ”, дерди. Араб тилини жуда мукаммал билар эди. Албатта, Имом Бухорий, Мотуридий, Термизий ҳақида гапирамиз. Лекин мустақил Ўзбекистонга ҳам шундай одам жуда керак бўлган.

    Маънавий сифатлари

    Шайх Муҳаммад Содиқнинг ташқи сурати қандай кўркам бўлса, ички олами яна-да гўзал эди. У киши юраги тоза, кўнгли кенг, хушхулқ, адолатпарвар, ҳақгўй, бағоят самимий, ниҳоятда холис, қалби салим, руҳан улуғвор, пок ниятли инсон эди. Ўзига ёки оила аъзоларига яхшилик қилганларни ҳар доим қадрлар, яхшиликларига яраша уларга мурувват кўрсатарди. Бирор инсонга ёмонликни раво кўрмасди. Оилапарвар, болажон, ватанпарвар, халқпарвар, олижаноб инсон эди. У киши покизаликни, тартиб-интизомни, гўзалликни яхши кўрарди.

    Ҳеч кимга нисбатан адоват қилмас, ҳеч ким билан душманлашмас эди. Ўзига нисбатан қилинган хатокорликларни ҳам кечириб юборарди. Доим буюк ишларнинг пайида бўларди. Майдакашликни ёқтирмасди, ғийбат-иғвога мутлақо қарши эди. Хайрли ишларини, ҳар қанча салмоқли бўлмасин, буюк санамас, барчасини ёлғиз Аллоҳдан кўрарди. Ўзгаларнинг хайрли ишларини жуда ҳам олқишлар, уларнинг муваффақиятларидан беҳад қувонарди.

    Ҳар бир сўзи, ҳар бир иши илм асосида бўларди. Қуръону суннатга имкон қадар тўла амал қиларди. Мазҳабга доим риоя этарди. Исломга, илмга хиёнатни ҳеч қачон ёқламасди. Нимани ёзган, нимани айтган бўлса, аввало, ўзи унга амал қиларди. Дунё матоҳини умуман эътиборга олмасди. Дину эл ташвишидан бошқа ғами бўлмасди.

    Шайх Муҳаммад Содиқнинг илмга муҳаббати чексиз бўлиб, унинг учун энг қадрли ва қимматли нарса вақт эди. Талабалик давридан бошлаб ўзи учун кун тартиби ва кундалик вазифаларни тайинлаб олган ва бу низом “темир қонун” саналарди. У бунга қатъий амал қиларди. Бирор онни беҳудага сарф қилмасди. Шунингдек, ҳар нафасда қалбан зикр ва муроқабада турарди.

    Барака

    Шайх ҳазратлари жуда кўп китоблар, диний асарлар ёзди. Бир кун ҳузурларида сўрагандим: “Қандай улгурасиз шунча нарса ёзишга, биз ўқишга улгурмаяпмиз-ку? Ё ҳаммага вақт баракаси турлича бериладими?”

    Жавоб титратиб юборган: “Олти ёшимдан бошлаб отам менга устозлик қилганлар ва ўшандан бери ҳеч қачон бомдоддан кейин ухламаганман!”

    Барака. Ҳа, Аллоҳ ўзи яратган вақт неъматини бандаларига турлича улашади. Бунга ўтмиш даҳолари – Навоий ҳамда Бухорийга ўхшаган “кўп ва хўп” ёзганлар мисол. Юртимиз алломалари ичида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам шулар қаторидан ўрин олгандек. Ахир, бунча асарни ёзиш учун бир инсон умри етадими? Математик ҳисоблаганимизда ҳам чиқмаса керак.

    Шайх ўзи ким?

    Бу саволга кўп шогирдлари жавоб беришган. Тақсиримнинг хизматлари беқиёслигини кўриб, турли таърифларни эшитиб, ҳа, бунақа инсонлар битта таъриф қолипига тушмайди, дегандим. Мен шайхнинг бу қадар оламшумул ютуқларининг асл илдизини топишга уриниб, ўзимча топганман: падари бузруквори ва муҳтарама волидаси! Шайхнинг Андижондаги уйига борган ва отасини ҳам зиёрат қилганларнинг аксаридан бир гап эшитганман: “Бунақа отадан шайх туғилиши табиий!”

    Ўтмишдаги уламои замон тарихини ўқиганим ёдимга тушади. 18 ёшида шайхга айланган аллома номи Шарқ узра қанот қоқади. Азҳар университети раҳбарлари унинг уйини топиб келишади. Фақат номи таниқли олим уйида бўлмайди. Ичкаридан аёллар ота-бола ҳали уйга келишмаганини айтишади. Азҳар раҳбарлари кутиб турамиз, деб ҳовли ёнига чўкишади. Шунда узоқдан бир киши молининг оғзини латта билан ёпиб олган кўйи шу уй томон кела бошлайди. Салом-алик бўлгач, бу киши уламои замоннинг отаси экани маълум бўлади.

    – Мол оғзини нега латта билан ёпиб олгансиз, отахон?

    – Йўлда бировнинг ҳовлиси ёнидан ўтамиз. Майса-ўтини еб қўймасин дейман.

    Азҳар олимлари жавобдан бундай хулоса ясашади:

    – Кетдик, олим йигитни кўришимиз шарт эмас. Бу отадан у туғилиши табиий...

    Шайх ҳазратлари оиласи ҳам шунга ўхшаш. Отасининг тинмасдан олимлар хизматида “Дуо қилинг, фарзандим олим бўлсин!” деб дуолар сўраганини ҳамма айтади. Ўша дуолар ҳаққи рост ижобат бўлди.

    Шайхнинг асосий сифати

    Роса ўйланганман. Чиндан ҳам асосий сифат нима? Илмга рағбат, сабр, иймон, жиддийлик, фаросат ва талай жавоблар янграйди. Мен буни ҳам бир улуғ тасаввуф уламосининг дуосидан топганман:

    Ул зот ўз дуоларини ўқир экан, охиригача сабрим чидаши қийин бўлган. Дуо мазмуни қуйидагича: “Аллоҳ, бизга Одамнинг тавбасини, Нуҳнинг иродасини, Довуднинг овозини, Айюбнинг сабрини, Иброҳимнинг иймонини, Исмоилнинг таваккулини, Мусонинг тафаккурини, Ийсонинг тавозесини...” деб давом этгувчи дуо. Бу рўйхат чўзилиб борар экан, сифатлар эгаларига улашиб борилар экан, охирида Муҳаммад алайҳиссаломга қай сифат айтилар экан, деб турганимда, охирги уммат пайғамбарига навбат келди ва “...Муҳаммад алайҳиссаломнинг самимиятларини бер!” деб тугади дуо.

    Ё Раббий, бу қандай гўзал сифат. Самимият. Ҳа, охирги пайғамбар то қиёматга довур давом этадиган диннинг устида экан, бу сифатсиз турли миллат ва элатларга ёйилиши имконсиз. Ҳа, ҳар бир ишда самимият бўлсагина, унинг асл баҳосини англаймиз. Шайх ҳазратларида мен Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан олинган мерос – самимиятни кўрганман. Жуда самимий инсон эди.

    Фаросат аҳли

    Тожикистонлик олим Акбар Тўражонзода шайх вафоти куни радиода интервьюда қуйидаги ҳодисани айтиб берганди. Шу воқеанинг ўзи менга шайх ҳазратлари нақадар фаросатли ва фасоҳатли зот эканини тушунтирган:

    “Юртдан кетиб қолган пайти шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан четда, муҳожиротда кўришиб қолдим. Ўша пайт мен ҳам юртимда эмасдим. Ул кишимга савол бердим:

    – Ҳазрат, бир неча йилдан буён бошқа ерларда юрибсиз. Нега ҳеч юртингиз ҳақида танқидий фикрларингизни айтмайсиз?

    Ўзим ҳам ўша пайтлари ўз диёрим ҳақида қаттиқ гаплар айтиб турардим.

    Шайхнинг жавоби кучли бўлди:

    – Бизга буюрилган ва биз қилишимиз лозим бўлган иш – диннинг ғами. Бунақа майда ишларни эса ўз эгалари – майда одамлар қилишади!

    Бу гап менга тарсаки эди. Шундан кейин асосий юмушга бел боғладим”.

    Вафоти

    Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йил 10 март куни юрак хуружидан вафот этди. Эртаси куни пешинда Кўкча даҳасидаги Шайх Зайнуддин масжидида жанозаси ўқилди. Жанозага мамлакатнинг турли минтақаларидан 200 000 дан ортиқ киши етиб келди. У киши масжид ёнидаги Шайх Зайнуддин қабристонига дафн этилди.

    Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти мусулмон умматига, хусусан, ўзбекзабон мусулмонларга катта мусибат бўлди. Ўша кунларда унинг вафоти халқ орасида ва ижтимоий тармоқлардаги энг улкан ҳодисага айланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мусулмонларнинг қалбидан қанчалар буюк ўрин олгани намоён бўлди. Унга атаб марсиялар битилди.

    Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кишиларнинг ихлос-муҳаббатини нақадар қозонганига яна бир далолат шуки, унинг ортидан бутун халқ дуойи хайрлар қилди, кўпчилик ўз ихтиёри билан хатми Қуръонлар, хайру садақалар, турли маросимлар уюштирди. Бир қанча хорижий давлатлардаги мусулмонлар ҳам унинг ҳаққига тиловати Қуръон ҳамда ғойибона жаноза ўқишди.

    Хайрулла ҲАМИДОВ,

    журналист

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates