баннер
13 мар 2025
13:24

    Муҳожиротдаги жадидлар ёхуд дунёга сочилиб кетган тақдирлар

    «Эй улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Ер юзининг буюк салтанатларини сен қурмадингми? Эй хоқонлар ўчоғи! Эй қаҳрамонлар тўғойи! Сенга не бўлди?

    Нечук кунларга қолдинг? Ер юзининг бир неча полвонлари бўлган ботир туркларинг қани? Нечук чекиндилар? Нечук кетдилар? Кураш майдонларини ўзгаларга нечун қўйдилар?».

    Афсус-надоматга менгзаш бу хитобда улуғ жадидимиз

    Абдурауф Фитратнинг Туркистон халқига қарата айтган ҳайқириғи бор эди. ХИХ асрнинг иккинчи ярми, ХХ асрнинг дастлабки ўн йилликлари Туркистон ва унинг халқи учун шу қадар оғир ва мудҳиш давр бўлдики, охир-оқибат сиёсий эркинлик батамом бериб қўйилди.

    Ўз вақтида бир ёқадан бош чиқармаган Қўқон, Хива, Бухоро хонликлари ўртасидаги жинояткорона сусткашлик туфайли юз берган қонли фожиа — Чор Россияси босқини, халқ норозилигидан қўрқиб, уни тутқунликда ушлаб туриш учун истилочиларга қуллуқ қилиб турган сотқин ва очкўз бойлар зулми, эл жаҳолат чангалида бўлишидан манфаатдор мутаассиблар таъсири Туркистоннинг дунё ривожланиш занжиридан узилиб қолишига сабаб бўлди.

    Темир сандиқларда бекитиб келинган ҳужжатларни варақлаб, даҳшатга тушасиз. Аждодларимиз, айниқса, миллат ойдинлари, жумладан, янгиланиш, ўсиш, тараққиёт йўлини танлаган жадидларимиз чекига ақл бовар қилмас ёвузликлар тушганига гувоҳ бўласиз.

    Қатағон қурбонлари музейига борганимизда чет элга ўқиб келиш учун жўнатилган ва ватанига қайтгач, «чет эл жосуси» деб отиб ташланган ёшгина йигит-қизларнинг суратлари қаршисида узоқ туриб қолдик. Ёшлик, бахт уфуриб турган навқирон гўзал чеҳраларга қараб, увол кетган умрлар, саробга айланган орзу-умидлар ҳақида оғир ўйга толдик. Ахир бу Туркистонни буюклик тахтига қайта кўтармоқчи бўлган жадидларимизнинг меҳнати ва ёруғ келажакка бўлган эзгу нияти эди-ку. Уларнинг бу ниятига қўшиб, жонлари ҳам ўлимга маҳкум этилди.

    Иброҳим ҳожининг ўғиллари

    Ўтган машъум кунлар ҳақида гапириб адоғига етолмайсиз. Лекин большевизм кундасидан қутулиб, хорижда яшаб қолган ватандошларимиз, хусусан, жадидларимиз ҳақида нима биламиз, уларнинг тақдири не кечди? Афсус, Туркистонни тарк этган жадидларимиз ҳақида маълумотлар кам. Уларнинг четдаги ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ўз навбатини кутиб турибди. Бироқ биз шундай жадидлардан амакиларимиз бўлмиш Аҳмаджон Иброҳим ўғли ва Абдумажид Иброҳим ўғли ҳақида бирмунча маълумот бермоқчимиз.

    Бу икки жадид йигит Иброҳим ҳожи бой бувамизнинг тўнғич ўғиллари эди. Иброҳим ҳожи Каримбой ўғли Туркистон ўлкасида машҳур маърифатпарвар ва етимпарвар саноатчи бойлардан ҳисобланган. Бу гапларнинг тасдиғи сифатида баъзи маълумотлар сақланиб қолган: «1903 йили Тошкентнинг Бедабозор маҳалласида бир жомеъ масжид ва 20 та ҳужрали мадраса қурдирган. Шаҳар бозоридаги бир неча дўконни ушбу масжид ва мадрасага вақф қилиб белгилаган. Мадрасанинг 40 нафар талабаси Иброҳим ҳожи таъминотида таҳсил олган. Масжид ва мадраса ўтган асрнинг эллигинчи йилларида бузиб ташланган».

    Аҳмаджон амакимиз ўз таржимаи ҳолида отаси ҳақида ушбу гапларни ёзиб қолдирган: «Отам қобилиятли ва жуда тадбиркор бўлганидан Тошкентда катта кўнчилик фабрикасини очишга муяссар бўлган. У кўп хайрпарвар, том маънода демократ инсон эди. Ўз ишчилари билан «гап» ўйнарди. «Гап» ҳафтада бир марта жума кунлари кечки пайт чақириларди. Зиёфатга йиғилган чоғда миллий ва ижтимоий масалалар оғизга олинар ва ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар муҳокама этиларди».

    Масалан, имкони чекланган хонадоннинг ўғлини уйлантириб қўйиш ёки бир қанча камбағал оилалар ўғил болаларининг «қўлини ҳалоллаш» каби юмушлар шулар жумласидан бўлган.

    «Отамнинг тошкентлик бошқа бойлардан яна бир асосий фарқи — Шўролар ҳукумати ўрнатилгандан сўнг унга қаршилик қилишни беҳуда деб билган. Тошкент косибларини тери, чарм, амиркон билан таъминлаб турган 2 та катта кўн заводини инон-ихтиёри билан совет ҳукуматига топширган. Шу келишувчилик туфайли авлодимиздан ҳеч ким олис ўлкаларга сургун қилинмади. Бир неча йил шу заводларга совет ҳукумати уни директор қилиб ҳам қўйган эди. У завод ишчиларига корхона ҳисобидан икки маҳал бепул нонушта ва тушлик берган, етим-есирларга эса ўз ҳисобидан ёрдам бериб туришни унутмаган».

    Пролетар инқилоби йўлбошчилари аввалдан барча бойларни золимга чиқариб, халқда уларга нисбатан нафрат туйғусини атайин шакллантириб келган эди. Тўғри, яқин ўтмишда баъзи асарларда кўрсатилган боши қовоқ, қорни мешдек раҳмсиз бойлар ҳам бўлган, лекин Иброҳим ҳожидек меҳнати, қобилияти ва ақли билан топган бойлигини муҳтожларга беминнат улашган маърифатли бойлар ҳам сероб эди. Ана шундай муҳитда ўсган фарзандлар оқ билан қорани бир-биридан фарқлай оладиган, илмга чанқоқ, миллат қайғуси билан яшаган инсонлар бўлиб етишган. Ҳақиқатан, Иброҳим ҳожи бувамизнинг авлодлари орасида бирорта нобопи йўқ. Аксинча, ўзи танлаган касби-корига содиқ, меҳнатсевар, оилапарвар, мўмин инсонлар қаторида ўзбек фани, адабиёти ва санъатига салмоқли ҳисса қўшган машҳурлар етарли бўлган. Бувамизнинг икки тўнғич ўғлидан Аҳмаджон ва Абдумажид авлоднинг бош бўғинидаги ана шундай шахслар эди.

    1922 йили бу икки ўғлон олдинма-кетин ўқиш учун Олмония (Германия)га йўл олади. Жадидчилик ҳаракатида илғор йигитларнинг мақсади бошқа ғоядошлари каби чет элда илм олиб келиб, ватанидаги ўқитув ва тарбия тизимини ўз қўлларига олиш, Туркистонни дунёдаги озод, ривожланган давлатлар сафида кўриш бўлган.

    Аҳмаджон Иброҳим ўғлининг Германияда шахсий ҳужжатлари орасида сақланиб қолган таржимаи ҳоли билан танишиб чиқсангиз, 1900-1922 йиллар орасида Туркистонда, хусусан, Тошкентда жадидчилик ҳаракати ва унда амакиларимизнинг фаолияти тўғрисида ҳали кўпчиликка нотаниш маълумотга эга бўласиз.

    «1905 йилда ўша замоннинг мунаввар кишилари томонидан Тошкентда «Жамияти хайрия» очилди. Ушбу жамият ёрдами билан Чор Русияси таъсиридаги рус мактабларига нафрат кўзи билан қаровчи халқнинг ва мунаввар туркистонликларнинг зеҳниятига мос тушадиган кишилар Туркияга ўқишга юборила бошланди. Бу ҳаракатни кўрган рус миллатчилари мазкур жамиятга ва илғор кишиларга очиқдан очиқ монелик қилдилар. Табиийки, 1917 йилда рўй берган октябрь инқилобидан кейин ўқиш ва ўқитиш ишлари уларнинг қўлига ўтган эди».

    Айниқса, Аҳмаджон амакимиз зеҳнияти баланд, ижтимоий ўзгаришларни тўғри англовчи, ёлғон чақириқларга берилмаган, қўрқмас, шижоатли, мард йигит эди. У тенглик, адолат ғоялари панасида Шарқ турмуш тарзига ёт одат, удумлар ёш авлод шуурига кириб келиши, мустақиллик ғоялари хираланиши яхшиликка олиб бормаслигини ўз вақтида англаб қолганди.

    «1918 йилдан бошлаб ўқимишли одамларга эҳтиёж мавжудлиги ҳақидаги фикрлар яна илгари сурилади. Ва рус большевиклари таъсиридан узоқда бўлган ерларга, хусусан, Туркия ва Олмонияга талабалар жўнатиш масаласи Туркистон миллиётчилари тарафидан ўртага ташланди. Менинг измимда бўлган «Қўноқ» номидаги мактабда ўқиш-ўқитиш ишларини олиб боришлик билан ва турли шаҳарларга одам юбориш йўли орқали бутун Ғарбий Туркистонда тарғибот ишлари бошлаб юборилди. Натижада фақат шаҳардан эмас, қишлоқлардан ҳам ўқишни истаган ёшлар жамиятга, Тошкентга оқиб кела бошлади. 1922 йил охирига қадар Туркистондан чет элларга турли-туман йўллар билан 200 га яқин талаба ўқишга юборилди».

    1925 йилга келиб, бутун бир Туркистон ўлкаси нимталаниб, 5 та республикага бўлиб юборилгач, қизил террор тезлик билан томир отди. Инқилобнинг дастлабки кунларида бойлар, ўзига тўқ деҳқонлар ё бу ўзгаришлардан норози бўлганлар большевиклар ғазабига учраган бўлса, энди ҳатто инқилобни ишониб ё қўрқиб қабул қилган миллат ойдинларини, миллат ақлларининг боши кундага қўйила бошланди. Булар қаторида чет элга «Ватаним учун жоним фидо», деб ўқишга кетган ёш йигит-қизлар ҳам бор эди. Уларни турли баҳоналар билан, масалан, таъминотдаги қийинчиликни рўкач қилиб, орқага қайтариб олиб кета бошладилар. Аҳмаджон большевикларнинг бу сиёсатига қарши илғор фикрли талабаларни бирлаштириб, Олмонияда ўз таҳсилини давом эттиролмайдиган (советлар ўқиш учун лозим бўлган таъминот йўлларини тўсиб қўйишнинг уддасидан чиққан эди) талабаларни ҳеч бўлмаганда Туркияга юбориш йўлларини қидиришга тушди. Лекин қизиллар томонидан тинимсиз оқиб келаётган ташвиқотдан эсанкираган кўпгина талабалар ватанга қайтиб кетишга аҳд қилади. Гўёки ватанда тинчлик ҳукм сураётганмиш. Ҳар бир киши мамнун ҳаёт кечираётгани, у ерда ёрқин келажак кутаётгани, яъни хоҳлаган ўқув юртига кириб, битиргунича таъминоти давлат ҳисобидан эканини айтиб, тузоқларига туширишга эришади. Ҳатто четга талабалар жўнатиш кампанияси ташкилотчиларидан бири Файзулла Хўжаевнинг «Жонингни сақла. Ҳали юрт учун кераксан. Бу ерга қайтма!» деган огоҳлантирув хати ҳам кўпларни ниятидан қайтаролмади. Ватан тафти, ота-она меҳри кучлилик қилди. Амакиларимиз эса бу ёлғонларга учмай, Олмонияда қолди ва ўқишни давом эттирди.

    Аҳмаджон Иброҳим ўғли Берлин университетида геология-кон муҳандислиги бўйича, Абдумажид Иброҳим ўғли кимё фани бўйича таҳсил олиб, профессорлик илмий даражасига эга бўлади. Бироқ Германия тахтига Гитлер ўтиргач, фашизмнинг большевизм каби ёвузона табиатини пайқаб қолган ака-укалар 1934 йили мамлакатда бошланган тўс-тўполонлардан нари Туркияга кетади. 1935 йили Туркияда ҳар бир кишидан ўзига фамилия олиш талаб қилувчи қонун қабул қилингач, улар Ўқой (ўқ ва ой) фамилиясини танлайди. Шундан эътиборан Аҳмад Иброҳим Ўқой ва Мажид Иброҳим Ўқой деб номлана бошлайди. Шу ерда Аҳмад Ўқой Истанбул университетида фалсафадан дарс олаётган Невен Ирдем исмли, Абдумажид Ўқой эса Самима исмли турк қизларига уйланади. Аҳмаджон ва Невен оиласида бир-биридан кўркам уч ўғлон дунёга келади. Абдумажид ва Самима эса Гулшан исмли қизалоқни вояга етказди.

    Иброҳим ҳожи ўғиллари ватандан, ёру биродарлардан ажралиш азобини ўқиш, илмий тадқиқотлар устида тинмай меҳнат қилиш билан енгиллаштиришга уринарди. Аҳмаджон Ўқой илмий изланишлар қаторида Берлин университетида иқтисод, фалсафа бўйича ҳам сабоқ олган эди. Ўтмишимизни яхши билган ҳолда тарихий, ижтимоий соҳаларга оид бир қанча асарларни немис ва турк тилларида ёзишга муваффақ бўлади.

    «Бутун дунё большевиклар бўҳтони билан тўлдириб борилаётганидан кўп мутаассир бўлардим. Бунга қарши кураш олиб бориш керак деб билардим. Шунинг учун Туркистоннинг истиқлол ҳаракати тарихига оид асар яратиш хусусида бир немис оғайним билан биргаликда ҳаракатга тушдим. Ушбу асар Анвар Пошшо тахаллуси билан босилиб чиқди. Асар Туркистонда, Озарбайжонда ва бошқа ерларда большевикларнинг ўтказган зулмлари, уларнинг иккиюзламачилиги ҳақида ҳикоя қилади».

    Бундан ташқари, 1938 йили Лейпцигда чоп этилган, Амир Темур ҳаётига оид асар яратилади. Афғонистондан қочиб чиққан туркистонликлардан тўпланган материаллар асосида «Ҳуқуқсизлар» деб номланган мажмуа ҳам ёзилади. Бироқ у босилмай қолади. Агар ушбу асарлар ихтиёримизда бўлганида эди, жадидларимизнинг муҳожирликдаги ҳаёт ва ижодлари, қувилган ё қочган ватандошларимизнинг оғир қисматлари тўғрисида қимматли маълумотларга эга бўлардик.

    «Туркистон қачон мустақил мамлакатга айланади?»

    1939 йилгача чет элдаги жигарлардан Иброҳим ҳожи оиласининг тўнғич фарзанди Исмоил амакимизга хатлар келиб турган. Лекин 1939 йили Исмоил амакимиз НКВДга чақирилиб, сиқувга олинади. Шундан сўнг у «Илтимос, бундан буёғига бизларни тинч қўйинглар», деб укаларига хат юборади. Диний мадрасаларда сабоқ олган, Кўкчадаги Вилоят қабристонига туташ масжидда имом-хатиблик вазифасини адо этиб келаётган қори амакимиз шундай қилишга мажбур эди. Ота вафотидан сўнг катта оиланинг тинчлиги ва тирикчилиги тўнғич фарзанд ўрнида унинг зиммасига тушганди.

    Ахир ГПУ, НКВД нималигини жуда яхши биларди. Абдумажиднинг Тошкентда оиласи, вояга етмаган гўдаги бор. Уларнинг тақдири нима бўлади? Ватан сотқинининг ўғли, хоиннинг жияни, деган тавқи лаънат билан Совет Иттифоқи деб аталган улкан қамоқхонада эркин яшаб бўладими? Ака ука учун, ўғил ота учун жавоб берадиган тузумда бу каби алоқалар олов билан ўйнашишдек гап эди. Отаси ким бўлганини яширмаган Иброҳим ҳожи бойнинг энг кенжа ўғилларидан (отадан 3 ёшлигида етим қолган) 1922 йилда туғилган Абдумалик Иброҳимов умрининг сўнгига, яъни 1974 йилга қадар «бойнинг ўғли!» деган айблов билан таъқиб ва сиқувда яшаган ҳамда охири заҳарлаб ўлдирилган.

    1967 йили эътиборга молик яна бир воқеа бўлиб ўтади. СССР раҳбарларидан бири А.Косигин Туркияга сафар чоғида Истанбулда Туркистондан келиб қолган муҳожирлар билан учрашади. Шулардан бири Косигин юзига тик қараб, дангал савол беради: «Туркистон СССР ҳукмронлигидан қачон қутулади? Қачон мустақил, эркин мамлакатга айланади?!».

    Алам ва қаҳр тўла савол билан Косигинни довдиратиб қўйган киши Истанбул университетининг геология фани бўйича профессори Аҳмаджон Иброҳим Ўқой эди. Шундан сўнг текшир-текшир бошланади. Унинг қариндошлари Тошкентда экани тезда аниқланади. Отаси Германиядалигида туғилган, ҳозирги кунда тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдували Мажидовнинг тинчлиги йўқолади. Ҳар хил ташкилотларга чақирилиб, савол-жавобларга тортилади. Ахийри, «Мен уларни кўрмаганман, танимайман ҳам. Алоқаларимиз аллақачон узилиб кетган», деган кўрсатмалар бериб қутулиб қолади.

    Ниҳоят Ўзбекистон мустақилликка эришгач, қариндошлар бир-бири билан боғланади. Фақат дийдорлашув насиб қилмайди. Тамбаланган дарвозалар очилгунга қадар Аҳмаджон Иброҳим Ўқой ва Абдумажид Иброҳим Ўқой бу дунёни тарк этади.

    Абдумажид Иброҳим Ўқойнинг фарзанди машҳур врач, профессор, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ташкилотчиларидан ва узоқ йиллар ректори бўлган Абдували Мажидовнинг хонадонида ота ва амаки хотираси ёд этилди. Давранинг тўридан Иброҳим ҳожининг машҳур набиралари — Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов, ёзувчи, жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Абдуқаҳҳор Иброҳимов, набира куёвларидан математика фанлари доктори, академик, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов жой олган эди.

    Хулоса қилиб айтганда, ўтган асрнинг 20 йилларида Германияда ўқиган ва ўлим хавфидан қочиб, муҳожирликда қолишга мажбур бўлган ватандошларимиз дунё илм-фани равнақига муносиб ҳисса қўшган. Шулар қаторида кимё фанида салмоқли кашфиётлар қилган Абдумажид Иброҳим Ўқойни Туркиянинг улуғ олимлари сафига қўйишади. Аҳмаджон Иброҳим Ўқой эса алоҳида ҳурмат-эътиборга эга. Маъданшунослик фанида кўмир геологиясини яратган олим ҳамда туркология, сиёсат соҳасида асарлар битган, умрининг охиригача она юртини озод кўриш орзусида яшаган ватандошимизнинг Истанбулдаги мотам маросимида бир қанча кишилар сўзга чиқиб, Аҳмаджон Иброҳим Ўқой сиймосида Туркия фани оғир йўқотишга учраганини таъкидлаганди.

    Уларнинг фарзандлари ҳам оталари йўлини танлаб, илм-фан ривожига ҳисса қўшиб келмоқда. Аҳмаджон Ўқойнинг Ўрол, Тўғрул ва Ўғуз ўғиллари Лондон, Кембриж университетларида ўқиб, бири маъданшунослик, бири юрак касалликлари бўйича, яна бири кимё соҳасида илмий даражаларга эришган профессорлардир. Абдумажид Ўқойнинг Гулшанбону исмли қизи эса санъатшунос олима, профессор.

    Қатағон қилинган, бадарға бўлган жадидларимиз, ойдинларимиз ўлдирилмай ё қувилмай Туркистонда яшаб қолганида юртимиз ўша даврлардаёқ гуллаб-яшнаган бўлармиди...

    Дилором КАРИМОВА (ИБРОҲИМОВА),

    Ўзбекистон халқ артисти,

    Омонулла МУҲАММАДЖОНОВ,

    юридик фанлар доктори, профессор

    Телеграм каналимиз
    Text to speech