23 ёшли маориф вазирининг оламшумул лойиҳалари

    Маданият 18 июн 2023 1511

    Шўро қатағонига учраган ўзбек вазирлари сафида бугунги қаҳрамонимиз ЎзССР Маориф халқ комиссари Раҳим Иноғомов ҳам бор.  У вазир рутбасини олганида бор-йўғи 23 ёшда бўлган.

    Раҳим Иноғомовнинг ташаббуси остида иш бошлаган “Маориф ва ўқитғувчи” журнали бугун ўша даврни кўз олдимизга келтириш учун мисоли энциклопедик манба. “Ўзбекистон зиёлилари” рисоласи, кўплаб мақолалари унинг теран тафаккур эгаси, жасоратли ва ҳақиқий миллат фидойиси бўлганидан дарак беради.

    “Маскавда ўзбек истудентлари” мақоласи қаҳрамони

    Раҳим Охунжонович Иноғомов 1902 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида туғилган. Аввал эски мактабда сўнг рус-тузем мактабида ўқиган. Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Намуна” мактабини битириб, қалбига миллат ва Ватан муҳаббатини жо қилди. 1918 йилдан Саид Аҳрорийнинг “Изчилар тўдаси”да, 1919—1921 йиллар Фитратнинг “Чиғатой гурунги”да иштирок этиб, ўз даврининг илғор фикрли ёшларидан бирига айланади.

    Билимга ташна ва фикри ўткир ўзбек йигити 1921–1924 йилларда Москвадаги Свердлов номидаги коммунистик университетида ўқиди. Туркистонлик талабаларлардан Абдулла Қамчинбек “Туркистон” газетасининг 1923 йил 6 апрель сонида “Маскавда ўзбек истудентлари” мақоласида Москвада “...ўтган йил 10–15 нафар ўзбек истуденти бўлса, бу йил юзлабдирлар. Улар: Карл Маркс институтида инженер электрик Саййид Хўжаев 1915 йилдан буён Москвада ўқийди. 2. Қишлоқ хўжалик академиясида каттақўрғонлик Ортиқмурод Йўлдошев. 3. Ҳукумат дорулфунуни юридик факультетида Алиакбар Қирғизбоев (наманганлик). 4.Свердлов университетида Акмал Икромов ва Раҳим Иноғомов. 5. Петроград Зиновьев дорулфунунида Саидаҳмад Назир ўғли. 6. Маскав Шарқ дорулфунунининг турли тайёрлов бўлимларида 23 ўзбек (5 та қиз). 7. Маскав Рабфакда 37 ўзбек... Маскавда туркистонлик ўзбеклар сони 106 та...” дея маълумот беради.

    Раҳим Иноғомов 1922—1923 йиллар Москвада Акмал Икромов, Усмонхон Эшонхўжаев, Абдуллажон Каримов каби туркистонлик талабалар билан “сўл коммунистлар” номли гуруҳ ташкил этишади. Улар Октябрь инқилоби Туркистон меҳнаткашларига ҳеч қандай озодлик бермади, “биз ҳамон Россия колонияси ҳолидамиз” дер эдилар ва ҳатто, СССР МИҚга ҳам хат йўллайди. Раҳим Иноғомов Свердлов коммунистик университетини тугатганидан сўнг таҳсилни шарқшунослик институтида давом эттиради. Айни пайтда Туркистон матбуоти саҳифаларида ҳам ўз мақолалари билан кўрина бошлайди.

    “Ўзгар ишчи ёшлар” журналининг 1924 йил 30 июль 5-сонида “Дунёнинг аҳволларидан” мақоласида ёшларнинг халқаро аҳволдан ҳабардор бўлиш учун вақтли матбуот газета ва журналларни доимий кузатиб бориши зарурлигини уқтиради. Шунингдек, дунёда кечаётган ўзгаришларни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари ўртасида нефть учун, гегемонлик учун, дунё бойликларини қайта тақсимлаш учун борадиган тинимсиз курашлари орқали тушунтиради. “Англатара” мақоласида эса Буюк Британия давлати ва унинг жаҳон сиёсатидаги ўрни ҳақида журналхонлар билан ўз мулоҳазаларини ўртоқлашади. Марказий нашрлар материаллари асосида Раҳим Иноғомов совет давлатининг ташқи сиёсатида Буюк Британия ва Лойд Жорж ҳукумати билан кечаётган воқеликларнинг айрим қирраларни тушунтиришга интилади.

    “Маориф ва ўқитғувчи”нинг ташаббускори

    1925 йил Тошкентга келган Р. Иноғомов Туркистон Республикаси Маориф халқ комиссари лавозимига тайинланган. Унинг ташаббуси билан маориф комиссарлигининг нашри афкори сифатида “Маориф ва ўқитғувчи” журнали таъсис этилди. Айни пайтда журналнинг бош муҳаррири Раҳим Иноғомов зўр ғайрат билан ишга киришди ва журналнинг илк сонида у “Бутун маориф идораларига ва маориф ишчиларига”мурожаат қилиб, “Бу чиқорилган журнолнинг ҳозирги маориф майдонидаги эҳтиёжларимизда катта роль ўйнашида шубҳамиз йўқдир. Мамлакатнинг шундай журноллар билан тўлишин истар эдик. Лекин бахтга қарши кўп қийин шароитлар орқасида бирдан бир ўзбек тилида шу биттагина журнол майдонга келадир. Мен бу ерда журналнинг аҳамияти ва қийинчиликлари ҳамда маориф ҳақида вазифалари тўғрисида тўхталмайман. Ёлғиз шуни айтиб кетмакчиман ким, буни бир журнал, қишлоқ шаҳар маориф ходимларигина эмас, балким элнинг юксалишига ишлайтурғон қурол бўлиши учун барчамизнинг жиддий иштирокимиз керак деб биламан”, дейди. Шунингдек, муаллиф бутун маориф идоралари бу журнални ўз қўлларида сақлашлари лозимлигини айтиб ўтади.

    Журналнинг давомийлигини таъминлаш учун ҳар бир ўқитувчи дўстлар журналга обуна бўлиши ва ушбу нашрнинг тарғиботига, кўпроқ тарқатилишига кўмак этиши ҳамда маҳаллаларнинг турли ҳолатлари, камчиликларидан ёзиб туриши зарурлигини таъкидлайди. Чунки ўша даврда журналнинг маънавий ва моддий томондан қўллаб-қувватлаш жуда муҳим эди. Қолаверса, маориф борасида жон куйдирадиган бошқа журнал ҳам бўлмаган.

    Раҳим Иноғомов кейинги мақоласида совет мактаблари ва уларда дарс бераётган ўқитувчиларнинг аҳволи ҳақида хабар беради. Кишини таажжубга соладиган томони муаллиф жуда ёш ва эндигина университетни битириб келганига қарамай, муаммога ўз ишининг туб моҳиятини англаган ҳолда ёндашади. Жумладан, “...Бизда мактаб масаласи анчагина қийин масала. Чунки, бизнинг яшайдиргон шароитлар ичида шўро меҳнат мактабини тузиш шубҳасиз осон эмасдир. Лекин, шундай бўлса ҳам мамлакатда бўлган дардлик ҳаракат ишини илгарига суриб амалда бир неча жонли натижалардан узоқланмади. Мактаб масаласида биринчи ўринни ўқитғувчилар олади. Биздаги ўқитғувчилар, кўпчилик билан сўйлаганда ҳатто 3—4 йиллик тартибли ўқиш кўрмагандирлар. Шунинг учун ўқитғувчилар етказиш масаласига қанча аҳамият берсак, ўқитғувчиларнинг билимларин кўтарувга ҳам шунча аҳамият бермак керак”, дейди.

    Бизда ўқишни истаганлар минглаб бор...

    Раҳим Охунжон ўғли 1925 йил октябрь куни Ўзбекистон комсомоли марказий қўмитаси мажлисида маъруза билан иштирок этди. У ўз маърузасида баландпарвоз рақамлардан чекиниб, барча муаммоларни ва ҳолатни рўй-рост баён қилади: “...Бизда ўқишни истаганлар минглаб бор, аммо биз уларнинг ҳаммасини мактабларимизга жойлолмаймиз... Мисол ўрнида айтаман ким, бу йил ичида ҳатто келгуси 5 йил зарфинда ҳам биз бутун мактаб биноларини янгидан солиб битира олмаймиз. Бизнинг вазифамиз бор – орқада қолғон вилоятларда мактабларнинг сонини 100 фоизга етказиш, бироқ буни ҳам қила олмаймиз деб қўрқаман. Чунки, мактаб учун бинолар йўқдир. Бундай ишлар учун бизга жудаям оз пул бериладир. Давлат буджетидан мактаб таъмири ва биноси учун 140 минг сўм бериладир. Ваҳоланки, мактаб биноларимизнинг 50—70 фоизи ишга ярамайтурғон бинолардир”.

    Шунингдек, маърузада мамлакатда саводсизликни тугатиш курслари, мактаб ва интернатлар, деҳқон ёшлар мактаблари, фабрика ва завод мактабларини очиш учун ҳаракатда экани ҳақида ахборот беради. Раҳим Иноғомов ҳар бир тадбирнинг самараси учун жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда ёндашади. Жумладан, “Деҳқон ёшлар мактабларини шаҳарларда эмас қишлоқларда очдик. Боиси, ўқувчилар орттирган илмларини бевосита далада тажрибадан ўтказиб кўрсинлар”, дейди. Шунингдек, фабрика ва завод мактаблари учун ҳам, аввало, дарсликлар ва ўқитувчилар армияси зарурлиги, уларни оддий курслар ёрдамида етиштириб бўлмаслигини таъкидлайди. Бу эса ўз даври, ҳатто бугунги кунимиз учун ҳам сифатли кадрлар тайёрлашда ўта муҳим бўлган жиҳатдир.

    Жадид зиёлиларининг илк ютуқлари

    1926 йилдан Раҳим Иноғомов Маориф халқ комиссари лавозимидан олиниб, Ўзбекистон Компартияси МК матбуот бўлими мудири лавозимига ўтказилади. “Маориф ва ўқитувчи” журналининг 1926 йил 9-сонида “Тўлган тўққиз йилни ҳам кўрсинлар” мақоласида Ўзбекистоннинг маориф соҳасидаги муваффақиятларини сарҳисоб қилиб, жумладан, “1925—1926 йилда ҳаммаси 508 та янги мактаблар очилди. Албатта, бу халқда бўлган буюк эҳтиёжни ўтай олмайдир, чунки халқ эҳтиёжи жуда каттадир. Яна интернатлар (76 та), мактабгача муассасалар (37 та) ва иккинчи босқич (39 та) мактаблари бордир. ...Ҳозирда 37 та ихтисосли маориф муассасаси бўлиб, 5250 ўқувчига эгадирмиз. 17 билим юртида 2685 ўқувчи. Ҳозирда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўқитувчилар тайёрлаш бўйича 7 та мактаб бўлиб, 770 дан ортиқ талаба ўқийдир. Бундан ташқари, мамлакатнинг турли шаҳарларидаги университет ва билим юртларида ҳам минглаб ўқувчиларга эгамиз”, дейди.

    Дарҳақиқат, шу йилларда ёш Ўзбекистон ҳукумати ўзининг олдига ўн йилликда аҳолининг саводхонлигини юз фоизга етказиш масаласини қўйди. Очилган ҳар бир завод, фабрика қошида Германия тажрибаси асосида ўқув-амалий мактаблар ташкил этди. Россиянинг ички саноат туманларига юзлаб ёшларни йўллаб маҳаллий ёшлардан қисқа вақтда катта миқдорда кадрлар армиясини шакллантиришга киришди.

    Раҳим Иноғомов айни пайтда мамлакатнинг сиёсий бошқарувида ҳам фаол иштирок этди. Айниқса, ЎзССР МИҚ пленумида ЎзССР КП(б)нинг таслимчилик фаолиятига қарши чиқиб, партия аппаратини ҳамда халқ хўжалигида кадрларни миллийлаштиришни тезлаштиришда кескин чоралар кўришни талаб қилади. Унинг 1926 йил чоп этилган “Ўзбекистон зиёлилари” рисоласи катта шов-шувларга сабаб бўлади. Унда октябрь тўнтаришига нисбатан нохуш муносабат билдириб, ўзбек халқининг маорифда қўлга киритаётган ютуқлари инқилобнинг эмас, жадид зиёлиларининг хизматидандир деган фикрни илгари суради.

    Қора булутлар сояси

    Раҳим Иноғомовнинг фаолиятидан норози бўлган кимсалар уни ҳукуматдан четлаштиришга эришади. У бир муддат Ўздавнашриётда бўлим мудири ва Ўзбекистон ёзувчиларининг Самарқанддаги “Қизил қалам” жамиятига раҳбарлик қилди. Айни пайтда ўз мақолаларида Средазбюро, Средазэкосо каби марказларнинг назоратчи органларини зўравонликда, Ўзбекистон Компартиясини Россиянинг қизил мустамлакачилик сиёсатига қарши курашмаётганлиқда айблашда давом этди. ВКП(б)МК Ўрта Осиё бюроси ва унинг Ўзбекистон Компартиясидаги тарафдорлари Раҳим Иноғомовги қарши матбуотда “иноғомовчилик” деган сохта иш очишиб, бутун партия ташкилотларини оёққа турғазди. 1926 йил 12 декабрда Ўзбекистон Компартияси МҚ Ижроия бюроси ва пленумида, 1927 йил январь ойида Ўрта Осиё бюросида бу масала махсус кўрилиб, “иноғомовчилик — майда буржуа ва миллатчилик томонга оғиш”, деб қораланди. 1926 йил декабрь ойида барча вазифаларидан олиб ташланган Раҳим Иноғомов 1927 йил 2 сентябрдан 1930 йил майгача Қашқадарё вилоят ижроқўмида ер бўлимида мудир лавозимида иш олиб борди.

    1930 йил 30 майда “Қизил Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталарида очиқ хат уюштирилиб, Раҳим Иноғомовни “ғоявий жиҳатдан тор-мор қилинди”, деб гўё тавба-тазарру қилдирилди. Натижада у Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлади. Бироқ, “иноғомовчилик” хорижда Аҳмад Заки Валидий (1880—1970) ва Мустафо Чўқай (1890—1941) томонидан ўзбек коммунистларининг марказнинг минтақадаги хўжайини – Ўрта Осиё бюроси (Средазбюро)га қарши дадил чиқиши, деб баҳоланди.

    Раҳим Иноғомов 1931—1937 йилларда Москвада яшаб, Бутуниттифоқ МИҚда таржимон ва “Электр ихтирочилар жамияти” заводида касаба уюшмаси раиси лавозимларида ишлади. 1937 йил 25 августда эса Қримдаги Алушта шаҳрида қамоққа олинди ва тинимсиз қийноқлар остида қўлига тутилган барча қоғозларни имзолашга мажбур этилди. Сўнгги сўроқ ва юзлаштиришларда ўзига нисбатан барча айбловларни рад қилса-да, 1938 йил 5 октябрь куни Тошкентда машъум “учлик” томонидан отувга ҳукм қилинди. Мустабид шўро тузуми даврида Ўзбекистон маорифини юксалтириш йўлида фидокорона кураш олиб борган Раҳим Иноғомов 1957 йил 1 августда оқланди.

    Баҳром ИРЗАЕВ,

    “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи илмий ходими

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates