Сайёр қабул давомида адлия, давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ, “Мадад” ННТ ходимлари, нотариуслар ва адвокатлар томонидан соҳа вакилларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб сайёр хизматлар кўрсатилди.
Сайёр қабулда ҳар бир тиббиёт ходимининг мурожаати ва унда кўтарилган масалалар профессионал ўрганилиб уларга амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, акция доирасида фуқаролар хусусий клиника очиш тартиби, болани мактабга жойлаштириш, ишга тиклаш тартиби қандай бўлиши ҳақидаги саволларни беришди.
Яна бир аёл ногирон фарзанди борлигини, аммо ҳеч бир ташкилот томонидан унга эътибор қаратилмаётганлиги, яна бир аёл қайнотаси 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай бепул дори-дармон билан таъминланмаётганлигини гапирди. Шундан сўнг мутасаддилар муаммони муҳокама қилишди ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси масъул ходимлари фуқароларнинг уйига бориб ҳолатни ўрганадиган ҳамда керакли чоралар кўриладиган бўлди.
Шу билан бирга, уй-жой учун субсидия олиш тартиби, бола пулини олиш тартиби, “Аёллар дафтари”, ҳомиладорларни рўйхатга олиш, ажрашган аёл ёлғиз онага кириши ёки кирмаслиги, ёлғиз аёлга солиқ тўлашда имтиёз бор-йўқлиги, талаба кредити, автокредит олиш тартиби масалаларида мурожаатлар ва саволлар берилди.
Шунингдек, тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ташкил қилиниб улар ўртасида ҳуқуқий викторина ўтказилди. Викторинада Тошкент стамотология институти 2-босқич талабалари Жонибек Ҳабибуллаев ва Жамшид Абдуллаевлар ғолиб бўлиб, эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Тадбирда ҳуқуқни фаол тарғиб қилиш, қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунарли ва қизиқарли тарзда етказишга асосий эътибор қаратилди.
Адлия вазирлиги томонидан тиббиёт ходимларининг ҳуқуқлари ва уларга берилган имтиёзларни содда тилда баён этган тарғибот материаллари, буклет ва флаерлар бепул тарқатилди.
Мазкур ижтимоий акция самараси ҳақида қисқача:
Адлия вазирлиги томонидан соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг манфаати йўлида судларга 7 миллиард 189 миллион сўмлик даъво аризалари киритилди.
Акция доираисда вазирлик томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги тизими ходимларининг иш ҳақлари, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган махсус устамалар ва компенсацияларнинг тўлаб бориши ҳолати ҳам ўрганилмоқда.
Бундан ташқари, акция давомида ўтказилган мониторинглар натижасида:
иш ҳақининг белгиланган муддатда тўланмаслиги (500 та);
устамаларнинг тўланмаслиги (1534 та);
фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаб берилмаслиги (123 та);
олис ҳудудларда ишловчи олий маълумотли мутахассисларга бир марталик моддий ёрдам пули ва уй-жойни ижарага олганлик учун компенсация пулларининг тўлаб берилмаслиги (264 та);
бирламчи ва даврий тиббий кўрикдан ўтилиши муносабати билан ходимларнинг харажатларини қаопаб бермаслик ҳолатлари (49 211 та);
мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари (16 та) ва бошқа кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, соҳа ходимларининг бузилган ҳуқуқларини тиклашга қаратилган тадбирлар амалга оширилган.
“Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” акцияси доирасидаги навбатдаги сайёр қабул таълим соҳаси ходимлари учун 21 апрель куни Талабалар шаҳарчаси ҳудудида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими









