Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025-йил 14-февралда хорижий олий таълим муассасаларида ўқийдиган ёшлар билан учрашувида, ўқишни тамомлаганидан сўнг уларнинг Ватанга қайтиб, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиши учун барча имкониятлар яратиб берилиши таъкидланган эди.
Жумладан, Буюк Британиянинг нуфузли Нортгемптон университети ўзбекистонлик тадбиркор Мухаммадхон Солиевни ўзининг энг муваффақиятли битирувчилари орасида эътироф этди. Мухаммадхон 2017-йилда Нортгемптон университетини тамомлаб, Ўзбекистонда таълим ва ижтимоий тадбиркорлик соҳасида фаолият олиб бормоқда. Унинг бошчилигида 2021-йилда Европадан 600 000 еврo миқдорида инвестицион грант олинган ва мамлакатимиз таълим соҳасида экспортни ривожлантиришга замин яратилган.
“Ҳозирда кўплаб Ўзбекистон ёшлари дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олишмоқда. Улар нафақат ўша мамлакатларда, балки ўз Ватанимизда ҳам қолиб, ўз билим ва тажрибаларини қўллаган ҳолда фаолият олиб боришлари учун барча имкониятлар мавжуд. Нортгемптон университетининг мени ўзининг энг муваффақиятли битирувчилари сифатида эътироф этиши — бу, албатта, мамлакатимиз ёшлари нимага қодир эканлигига берилган объектив баҳо деб биламан.”







