Адлия вазири МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг ўн олтинчи мажлисида қатнашди

    Жорий йил 30 июнда Санкт-Петербург шаҳрида Петербург халқаро юридик анжумани доирасида МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг ўн олтинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз номидан Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов иштирок этди.

    Маълумот учун: Адлия вазирлари Кенгаши МДҲ иштирокчи давлатларнинг давлат раҳбарлари Кенгаши ва давлат ҳукуматлари раҳбарлари Кенгашининг органи ҳисобланиб, ўз ваколати доирасидаги масалалар, жумладан, адлия вазирликлари билан ҳамкорлик қилиш, МДҲ иштирокчи давлатлари қонунчилигини уйғунлаштириш, иштирокчи-давлатларнинг ҳуқуқий сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш каби ва бошқа масалалар билан шуғулланади.

    Кенгаш аъзолари қаторига Арманистон Республикаси, Беларус Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлари кирадилар. Кенгашга Ўзбекистон 2019 йилда аъзо бўлган.

    Мажлис кун тартибидаги асосий масалалардан бири—давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда ва иштирокчи давлатлардаги ҳуқуқий ислоҳотларда адлия вазирликларининг роли мавзуси бўлди. Анжуман давомида вазирликлар раҳбарлари адвокатура соҳасидаги долзарб масалаларни ҳамда суд экспертизаси соҳасини ривожлантириш тенденцияларини ҳам муҳокама қилди.

    Жумладан, адлия вазири Р. Давлетов ушбу йўналишларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди. Бунда вазир ҳуқуқий базани тизимлаштириш ва рақамлаштириш, ҳуқуқий (шу жумладан, коррупцияга қарши ва гендер-ҳуқуқий) экспертизанинг замонавий усуллари, меъёрлаштириш таъсирини баҳолаш, меъёрлаштиришга оид қарорлар қабул қилинишининг очиқлиги, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш кабиларга эътибор қаратди.

    Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига бир қатор масалалар юклатилгани таъкидланди. Биринчидан, давлат бошқарувида функционал ва ташкилий таркибни оптималаштириш, вазирлик ва идораларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ тартибини яратиш, уларнинг таркиби ва штатларига қўйиладиган талаблар.

    Иккинчидан, коррупциявий хатарларни камайтириш имконини берувчи аксилбюрократлаштириш ва дискрекцион ваколатларга барҳам бериш.

    Учинчидан, Давлат бошқарувини аксилмарказлаштириш, шу жумладан қатор давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш.

    Бундан ташқари Р.Давлетов давлат хизматлари кўрсатиш хусусида алоҳида гапириб ўтди. Бунда бизнес-жараёнларни такомиллаштириш орқали давлат хизматларини мақбуллаштириш бўйича иш олиб борилаётганини таъкидлади.

    Жумладан, яқин беш йилда тақдим этилаётган давлат хизматлари сони йилига 22 миллионга етказилишини маълум қилди.

    Шу билан бирга адвокатура ислоҳотлари ва суд-экспертиза соҳасини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

    МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг 17 мажлисини 2023 йилда Тожикистон Республикасида ўтказишга келишиб олинди.

    Мажлис очиқ, дўстона ва ўзаро ишонч руҳида ўтди. Унинг якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.