Лого Лого-пв-уз

    Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги имкониятлар кўрсатиб ўтилди

    Ҳукумат 25 январ 2023 885

    Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 25 январь куни камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

    Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий мақсади иш ўринларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартиришдир. Бу борадаги манзилли ишлар натижасида ўтган йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушди. 1 миллион аҳоли касб-ҳунарга ўқитилиб, иш бошлашига кўмаклашилиб, камбағалликдан олиб чиқилди.

    Шу даврда 200 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди, 10 мингта корхонанинг фаолияти кенгайтирилди, 11 мингта корхона қуввати тикланди.

    Лекин айрим ҳудудларда сусткашликлар ҳам бор. Масалан, Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида камбағалликни қисқартириш кўрсаткичи нисбатан ортда қолган. Бир қатор туман ва шаҳарларда бандлик дастури имкониятлар даражасида белгиланмаган.

    Шу боис йиғилишда бандликни таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йилги режалар муҳокама қилинди.

    – Камбағалликни қисқартиришнинг асосий омили бу – аҳолини даромадли иш билан таъминлаш. Шунинг учун маъмурий ислоҳотлар доирасида камбағалликни қисқартиришга масъул 5 та идорани яхлит тизимга айлантирилди. Янги вазирликка барча ташкилий ва молиявий имкониятлар берилди. Энди, меҳнат ресурслари ва ишсизлик ҳисобини юритиш ҳам, бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни маҳаллабай ривожлантириш ҳам битта вазирликда бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Мутасаддиларга 2023 йилги бандлик дастурини туманлар кесимида пухта ишлаб чиқиб, тасдиқлаш вазифаси қўйилди.

    Давлатимиз раҳбари бунда эътибор қаратиш зарур бўлган йўналишларни кўрсатиб ўтди.

    Аввало, оилавий тадбиркорликка янада туртки бериш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилиши таъкидланди. 2022 йилда бу мақсадга қарийб 10 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилган эди. Жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастури учун 12 триллион сўм йўналтирилади. Бундай кредитларнинг энг юқори миқдори ҳам оширилади.

    Бандликни таъминлашда яна бир катта манба бу – зироатчилик. Икки йил ичида аҳолига 200 минг гектардан зиёд ер бўлиб берилмоқда. Бу – Самарқанд вилоятининг жами пахта ва ғалла майдонидан ҳам кўп, дегани.

    Лекин, айрим жойларда бу ишлар пала-партиш ташкил қилинаяпти, экинлар плантация усулида экилмаяпти. Шу боис Президент ерларни аҳолига қулай жойлардан ажратиш, уларда бозорбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича кўрсатмалар берди. Бу ерлардан самарали фойдаланиб, 1 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлиги қайд этилди.

    Маълумки, давлатимиз раҳбари халқимизга Мурожаатномасида туман ва шаҳарлар иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилишини айтган эди.

     Йиғилишда 4 ва 5-тоифаларга кирган туманларда камбағалликни қисқартириш ишлари ҳам янгича ташкил қилиниши белгиланди. Унга кўра, биринчи босқичда “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” ягона тизимга бирлаштирилиб, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади. Иккинчи босқичда уларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар тузилади. Учинчи босқичда оила учун касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик лойиҳалари амалга оширилади.

    Шунингдек, маҳаллаларда 300 та микромарказ ташкил этиш бошланди. Президентимиз бундай марказларни кўпайтириб, ишсиз аҳолининг ҳунармандлик ва тадбиркорлик билан шуғулланишига шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.

    Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига Савдо-саноат палатаси билан бирга туманларнинг ҳар бири бўйича тадбиркорликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

    Йиғилишда вилоят ва туман ҳокимлари ҳудудлардаги имконият ва тажрибалар юзасидан ахборот берди.

    No date selected
    феврал, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    Use cursor keys to navigate calendar dates