Аҳоли турмуш даражаси қандай баҳоланади?

    Аҳоли умумий даромадлари таркибида ишлаб чиқаришдан келган тушумлар улуши 71,5 фоизни, шундан 69,3 фоизи меҳнат фаолиятидан олинган, 2,1 фоизи шахсий истеъмол учун ишлаб чиқарилган шахсий хизматлардан олинган даромадларни ташкил этган.

    Ҳар бир мамлакат қандай сиёсий ва ижтимоий ҳаракатларни амалиётга жорий этишидан қатъи назар уларнинг якуний мақсади халқ манфаатлари, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, етакчи мамлакатлар сафидан жой олишга қаратилади.

    "Турмуш даражаси" тушунчаси ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар тизимини ривожлантиришда Бирлашган миллатлар ташкилоти сезиларли ҳисса қўшди. 1960 йилда БМТнинг ишчи гуруҳи глобал миқёсда турмуш даражасини аниқлаш ва ўлчаш тамойиллари ҳакида ҳисобот тайёрлади. Бу кенг қамровли тизимни яратиш йўлидаги дастлабки қадам эди. БМТнинг xалқаро статистика соҳасидаги турмуш даражаси кўрсаткичларининг оxирги версияси 1978 йилда ишлаб чиқилган ва 12 та асосий йўналишни қамраб олган.

    Бугунги кунда ҳам мазкур халқаро ташкилот томонидан дунё аҳолиси турмуш даражасини ошириш ва камбағалликдан азият чекаётган мамлакатларга кўмаклашиш мақсадида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, БМТнинг Бош ассамблеясида 2000 йилда қабул қилинган “Минг йиллик ривожаланиш дастури” ҳамда 2015 йилда тасдиқланган “2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари дастури” бевосита дунё мамлакатлари аҳолисини иқтисодий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, экология бузилишининг олдини олган ҳолда, аҳолининг саломатлигини асрашга қаратилган муҳим тадбирлар сирасига киради.

    “Турмуш даражаси” атамасининг таърифи ва гуруҳлари

    Ўзбекистонда аҳолининг моддий, маънавий ҳамда ижтимоий эҳтиёжлари кўрсаткичларини ифодалайдиган “турмуш даражаси” атамаси кенгроқ қўлланилади. Унга тўлиқ илмий таъриф берадиган бўлсак, бу жисмоний, маънавий ва ижтимоий эҳтиёжларнинг ривожланиш даражаси, қондирилганлик миқёси ва уларни қондириш учун яратилган имкониятларни акс эттирувчи комплекс ижтимоий-иқтисодий категориядир.

    Маълумки, аҳоли турмуш даражасини барчамиз аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар ва истеъмол ҳажми миқдорининг ортиши ёки камайиши билан баҳолашга одатланганмиз. Аслида у анча кенгроқ тушунча ҳисобланади. Лекин ҳозирча бу борадаги концепцияларни аҳолининг турмуш даражаси сифатини ҳар томонлама характерлаб берадиган ягона кўрсаткичга келтириш бўйича самарали усул мавжуд эмас.

    Бирлашган миллатлар ташкилотининг тавсиясига кўра, туғилиш, ўлим, умр кўриш давомийлиги, санитар-гигиеник шароитларнинг мавжудлиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол даражаси, уй-жой, таълим олиш ва маданий имкониятлар, иш шароитлари ва бандлик даражаси, даромадлар ва харажатлар мувозанати, истеъмол нархлари, транспорт воситалари билан таъминланганлиги, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш, ижтимоий таъминот, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатланганлиги каби йўналишлар турмуш даражасини ифодаловчи кўрсаткичлар таркибига киради.

    Бироқ, бу кўрсаткичларнинг ҳаммасини ҳам қиймат кўринишида баҳолаш имкони бўлмаганлиги сабабли, ушбу параметрлардан бир нечтасини қамраб олган ҳолда, турмуш даражаси баҳоланади. Улардан, энг асосийси, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар ҳажми бўлиб, мазкур кўрсаткич мамлакат аҳолиси турмуш даражасини баҳолаш билан бирга, халқаро таққосламаларда ҳам фойдаланиш имконини беради.

    Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, аҳоли турмуш даражасининг яхшиланиши, бевосита ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари самарадорлигининг кўлами, илмий-техник тараққиёт, аҳолининг маданий-маърифий савияси ва таркиби, миллий хусусиятлар, албатта ҳукумат томонидан қабул қилинадиган чора-тадбирлар ҳамда амалий ҳаракатлар натижасига боғлиқ бўлади.

    “Давлат статистика тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, Давлат статистика қўмитаси ижтимоий-иқтисодий ҳодисалар ва жараёнлар ҳамда уларнинг натижалари тўғрисидаги статистика маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш, тўплаш, сақлаш, умумлаштириш, таҳлил этиш, эълон қилиш вазифаларини бажаради. Шунингдек, унда қўмитанинг аҳоли турмуш даражаси кўрсаткичлари бўйича статистик маълумотлар йиғишда юридик ва жисмоний шахслардан белгиланган тартибда статистик ҳисобот шакллари ёки турли кузатувлар орқали маълумотларни олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

    Шу нуқтаи назардан, йиллик статистика ишлар дастурига мувофиқ, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда уй хўжаликларида ўтказиладиган танлама кузатувлар маълумотларига асосан, аҳоли турмуш даражасини акс эттирувчи аҳоли умумий ва жон бошига даромадлари, харажатлари, таълим даражаси, соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли, узоқ муддат фойдаланиладиган буюмлар билан таъминланганлиги, уй-жой шароитлари каби бир қанча кўрсаткичлар шакллантириб борилади.

    Кузатув ва кўрсаткичлар нимадан далолат беради?

    Уй хўжаликларида ўтказиладиган танлама кузатувлар республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олган ҳолда, йилига жами 10000 та уй хўжалигида ўтказилади. Бунда 120 дан ортиқ мутахассис (интервьюерлар) томонидан бевосита оила аъзолари билан суҳбатлашиш орқали маълумотлар олинади.

    Фаровонлик даражасининг таҳлили уй хўжаликларининг иқтисодий ресурсларга эгалик қилиш даражасини, уларни истеъмол қилишга ёки жамғаришга, шунингдек, улардан бирини танлашга қодирлигини аниқлашга имкон беради.

    Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, аҳоли умумий даромадлари таркибида ишлаб чиқаришдан келган тушумлар улуши 71,5 фоизни, шундан 69,3 фоизи меҳнат фаолиятидан олинган, 2,1 фоизи шахсий истеъмол учун ишлаб чиқарилган шахсий хизматлардан олинган даромадларни ташкил этган.

    Бозор шароитида асосий иш жойидан бериладиган иш ҳақи аҳолининг аксарият қисми учун етакчи даромад манбаи ҳисобланади. Акс ҳолда
    у функционал ролини бажара олмайди. Ривожланган мамлакатларда иш ҳақи аҳоли жами даромадининг 60-80 фоизиини ташкил этади, яъни уларнинг меъёрий ҳаёт фаолиятини таъминлаш асоси бўлиб хизмат қилади.

    Агар МДҲ мамлакатларининг аҳоли даромадлари таркибини кўрадиган бўлсак, ёлланма ишчиларнинг иш ҳақи сифатида олган даромадлари Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Россия Федерациясида
    55 дан 69 фоизгача бўлса, Қирғизистонда 40 фоиз атрофида, Ўзбекистонда 28,8 фоизни ташкил этади. Мол-мулкдан келганган тушумлар 3,0 фоизни, трансфертлардан олинган даромадлар
    25,5 фоизга тенг бўлган..

    Маълумки, кейинги йилларда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида аҳолининг ишбилармонликдан олинган даромадлари улуши йил сайин ошиб бориб, 2020 йил январь-декабрь ойларида 58 фоизга етди. Бу кўрсаткич 2010 йилда 50 фоиз аитрофида бўлганлиги инобатга олинса, 8 фоизга кўпайганлигини англатади.

    Мол-мулкдан олинган тушумлар кам бўлса-да, аҳолининг тижорат банкларига бўлган ишончининг ортиши, инновацион ишланмаларнинг ривожланиши, қолаверса, акциядорлик корхоналари даромадларининг ортиши, уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектларини ижарага бериш ва шу каби бозор механизмларининг такомиллашуви туфайли аҳолининг қўлига келиб тушаётган фоизлар, дивидендлар, муаллифлик ҳақлари ва шу каби мулкий даромадлар ҳам йил сайин ортиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Масалан, 2010 йилда аҳоли умумий даромадлари таркибида мулкий тушумларнинг улуши 2,3 фоизга тенг бўлса,
    2020 йилда ушбу кўрсаткич 0,7 фоизга кўпайган.

    Аҳоли жон бошига даромадлари аҳолининг жами умумий даромадларини доимий аҳолининг ўртача йиллик сонига бўлиш орқали ҳисобланади. Дастлабки маълумотларга кўра, 2020 йилнинг январь-декабрь ойларида мамлакатимизда доимий аҳолининг ўртача йиллик сони 34232,1 минг кишини ташкил этган. Ана шу даврда аҳоли умумий даромадлари ҳажми 401,5 триллион сўмни ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ўсиши 2,6 фоизга ошган. Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари эса 11,7 миллион сўм, реал ўсиши 0,7 фоизга тенг бўлган.

    Ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган манзилли чора-тадбирлар аҳоли барча қатламлари ўртача даромадларининг ўсиб боришида муҳим омил бўляпти. Бунда аҳолининг турли гуруҳлари даромадлари даражасидаги тафовутни акс эттирадиган Жини коэффициенти 2000-2020 йилларда 0,39 дан 0,26 га пасайди.

    Кузатув натижаларига кўра, аҳоли даромадларининг ошиши ва турмуш даражасининг яхшиланиши натижасида жами истеъмол харажатлари таркибида озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш салмоғининг барқарорлашиб бориши билан бир қаторда, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларга сарфланадиган харажатлар улуши ортмоқда. Агар 2020 йил январь-ноябрь ойидаги кўрсаткичларни 2000 йил маълумотлари билан таққослайдиган бўлсак, озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланган харажатлар 61,4 фоиздан 48,1 фоизга камайганлигини, ноозиқ-овқат маҳсулотларига — 25,8 дан 32,8 фоизга, хизматларга — 12,8 дан 19,1фоизга ошганлигини кўришимиз мумкин.

    Аҳоли истеъмол харажатлари таркибида озиқ-овқат маҳсулотларига харажатларнинг барқарорлашиши, ноозиқ-овқат ва хизматларга қилинаётган харажатларнинг улуши ортиб бораётганлиги қувонарли ҳол, албатта.

    Аҳолининг узоқ муддат фойдаланиладиган буюмлар билан таъминланганлиги қай даражада?

    2000-2020 йиллар мобайнида аҳолининг узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар билан таъминланганлик даражаси ҳам ортиб бормоқда. Шуниси аҳамиятлики, бундай буюмларнинг аксарияти ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, аҳолининг шахсий енгил автомобиллар билан таъминланганлик даражаси 2020 йил якунларига келиб ҳар 100 хонадонга 48 тага етди. Ҳар бир 100 хонадонга тўғри келган телевизорлар сони 161 тани ташкил этиб, 2000 йилга нисбатан 1,8 мартага ошган. Кондиционерлар — 34 дона (2000 йилга нисбатан ўсиш — 3,1 баробар), электр чангютгичлар — 59 дона (ўсиш —2 баробар), кир ювиш машиналари — 80 дона (ўсиш 1,2 баробар) га тенглигини кўрсатяпти.

    Бундан ташқари, АКТ воситалари (шахсий компьютерлар, яъни столга қўйиладиган, кўчма компьютер (ноутбук, нетбук), планшет ва бошқа ёнида олиб юриладиган компьютер ҳамда уяли алоқа телефонлари)нинг аҳоли ҳаётига шиддат билан кириб келиши ва бу воситаларнинг имкониятлари кундан кунга кенгайиб бориши аҳоли учун алоқа қилиш, ахборот алмашиш ва дунёдаги янгиликлардан тезкор хабардор бўлиш баробарида ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиш имкониятини яратиб бермоқда.

    2020 йил якунларига кўра, 100 та уй хўжалигига тўғри келган шахсий компьютерлар 56 донани (2000 йилда бу кўрсаткич 0,2 дона) ташкил этган бўлса, 2000-2020 йиллар мобайнида уяли алоқа телефонлари билан таъминланганлиги 15,8 баробарга ошди (2020 йил якунига келиб ҳар 100 хонадонга 285 тадан, яъни, ҳар бир хонадонга 2,9 тадан уяли алоқа телефонлари тўғри келди).

    Ушбу маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, бугунги кунда аҳолининг кундалик ҳаётида зарур бўлган товарлар қаторида электр чангютгичлар, кир ювиш машиналари, компьютерлар ҳамда конденционерлар каби маиший техника воситаларига ҳали ҳамон эҳтиёж мавжуд. Ўз навбатида, ушбу маълумотлар республикамизда бу каби товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда ҳорижий давлатлардан товарларни импорт қилувчи субъектлар учун катта ҳажмдаги истеъмол бозори мавжудлигидан далолат беради.

    Бугунги кунда уй хўжаликлари танлама кузатувини такомиллаштириш, маълумотлар сифатини ошириш мақсадида бир қатор хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Жаҳон банки вакиллари билан ҳамкорликда услубиётни такомиллаштириш, саволномаларни халқаро стандартларга мослаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, яъни, кузатув жараёнида 2020 йилгача фойдаланилган қоғоз шаклидаги саволномалардан воз кечиб, 2021 йилдан бошлаб тўлиқ уй хўжаликларида кузатувни планшетлар ёрдамида ўтказиш режалаштирилмоқда.

    Ривожланган давлатларда кенг қўлланиладиган ушбу замонавий тизимга кўра, кузатув сўровномалари планшетларга ўрнатилиб, интервьюлар улардан фойдаланган ҳолда олинади. Респондент томонидан интервью саволларига берилган жавоблар ана шу планшетда қайд этиб борилади ва онлайн режимда ягона маълумотлар базасига узатилади. Бу, ўз навбатида, кузатувлар мониторингини юритиш, сифатни назорат қилиш имконини беради.

    Жаҳон банкининг малакали экспертлари билан биргаликда 2020-2025 йилларда Статистика тизимини такомиллаштириш бўйича миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа тизимимизни тубдан такомиллаштиришга замин ҳозирлайди.

    Умид МАДАМИНОВ,

    Давлат статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates