Аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш — бирламчи вазифа

    Инсон саломатлиги, энг аввало, унинг туғилган чоғидаги соғлиғи ҳолати билан чамбарчас боғлиқ. Айни пайтда бу боланинг ота-онаси қай даражада соғломлигига ҳам дахлдор.

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти(ЖССТ)нинг маълумотига кўра, XXI асрнинг долзарб муаммоларидан бири, дунё аҳолисининг ортиқча тана вазнидан азият чекиши билан боғлиқ. Бугунги кунда, кўпгина давлатлар аҳолиси орасида нотўғри овқатланиш ёки рафинадланган (таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликлар) озиқ моддаларини ҳаддан зиёд истеъмол қилиниши натижасида “семириш эпидемияси” юзага келди.

    Аҳолининг “бир хил таомнома” асосида овқатланиши, афсуски, витамин ва минераллар етишмовчилигига сабаб бўлиб, бу ўз навбатида ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда ортда қолиш, катталарда эса, юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлмоқда. ЖССТ прогнозига кўра, дунё аҳолиси шундай озиқланишни давом эттирса, 2030 йилда аҳоли ўлим кўрсаткичининг 75 фоизи ушбу касалликлар ҳиссасига тўғри келади.

    Ӯзбекистон Республикасида сўнгги йилларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тиббий маданиятини ошириш, хавф омилларининг олдини олишда тиббий профилактикани янада такомиллаштириш, тиббий патронаж хизматининг сифатини кучайтириш каби бир қатор Давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, ушбу соҳага Президентимиз томонидан катта эътибор қаратиб келинмоқда. Шу жумладан, Давлатимиз раҳбари 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунга далилдир.

    Мазур қарорнинг имзоланиши жамиятимизнинг соғлом келажак сари ташланган шахдам қадамларидан бири бўлиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолатдир.

    Аввало аҳоли орасида тўғри овқатланиш кўникмасини шакллантириш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш (бадантарбия, кечки сайрларни урфга киритиш), аҳолининг пандемия давридаги олган сабоқларини инобатга олган ҳолда руҳий зўриқиш ва унинг оқибатида зарарли одатларга ружу қўйишнинг олдини олишга эътибор қаратишимиз зарур.

    Қарорга кўра 6-23 ойлик гўдаклар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бо­йитиш мақсадида микронутриент кукуни билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар “A” витамини, 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланиши ташкил этилади. Шу ўринда бу амалиётларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишнинг муҳим жиҳатини айтиб ўтиш жоиз.

    Инсон саломатлиги, энг аввало, унинг туғилган чоғидаги соғлиғи ҳолати билан чамбарчас боғлиқ. Айни пайтда бу боланинг ота-онаси қай даражада соғломлигига ҳам дахлдор. Соғлом ота-онадан туғилган фарзандларимиз ҳам самарали парваришга муҳтож. Уларнинг истеъмолидаги озиқ моддалар таркибида етарли миқдорда мик­ронутриентлар ёки соддароқ қилиб айтсак, минерал ва витаминлар бўлиши керак. Барча витаминлар орасида боланинг ўсиши ва ривожланишига энг кўп таъсир этувчи “A” витамини саналади. Айнан у боланинг ҳам ақлан, ҳам жисмонан баркамол бўлиб етишишида муҳим роль ўйнашини тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди.

    Очиғи, болаларимизнинг кўп қисми гижжа билан хасталангани сир эмас. Бу, албатта, оиладаги тиббий маданият, орасталик ва ўзаро мулоқот давомидаги гигиеник нормаларга амал қилмаслик ёки улар ҳақида маълумотга эга бўлмаганлиги туфайли ўзини ҳимоялаш кўникмаси йўқлиги оқибатида келиб чиқади. Амалиётда болалар гельминтоз профилактикасининг оммавий тарзда ўтказилиши самара олиб келган. Фрагментар олиб борилиши эса касалликнинг қайталанишига сабабчи бўлган.

    Бола саломатлигини парвариш қилиш билан бир қаторда ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болалар йод препарати билан, 35 ёшгача бўлган туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланиши белгилаб берилган. Ушбу чора-тадбирлар туғиш ёшидаги аксарият аёлларимизда учраётган бўқоқ, анемия касалликларини камайтиришга ва катта ёшдаги ҳомиладор аёллардан ногирон болалар дунёга келиш эҳтимолини камайтиришга ёрдам беради.

    Тўғри овқатланиш пирамидасининг асосида буғдой ва ёрмалар жой эгаллаган. Шу кунга қадар, давлатимиз томонидан аҳоли учун оммабоп бўлган 1 навли буғдой уни микронутриентлар билан тўлдириб келинар эди (75 фоиз). Қарорда 1 навли буғдой ун билан бир қаторда олий навли буғдой уни ҳам зарурий минерал ва витаминлар билан тўйинтирилиши (90 фоиз) йўлга қўйилмоқда. Республикамизнинг қишлоқ аҳолиси тегирмон унидан истеъмол қилади, бу буғдой уни аксарият ҳолатларда микронутриентларга бой кепакли ундир. Лекин шаҳар аҳолиси дўкон пештахталаридан сотиб олаётган нони ҳам эндиликда микронутриентларга бойитилган буғдой ундан ишлаб чиқарила бошлайди.

    Албатта, юқоридаги белгиланган тадбирлар оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиниши, тиббиёт ходимлари, жамиятнинг фаол фуқаролари томонидан тўғри овқатланиш тамойиллари тушунтириб борилиши лозим. Оилада озиқ-овқатнинг хилма-хиллиги, оқсил, ёғ, углеводлар билан оптимал равишда тўйинганлиги инсоннинг ёши, жинси, меҳнат фаолияти, тана тузилиш­ларини ҳисобга олган ҳолда баланслашган.

    Аҳолини беш маҳал овқатланиш режимига ўргатиш, ўз саломатлигини парвариш қилиш кўникмаларини шакллантириш лозим. Бунинг учун қатъий кун тартибига риоя қилиш, рационал овқатланиш, жисмоний фаоллик ва руҳий эмоционал барқарорликка эришишга ҳаракат қилиш талаб этилади.

    Давлатимиз томонидан олиб борилаётган кенг қамровли тадбирлар аҳоли саломатлигини тиклаш, мустаҳкамлашга йўналтирилган. Ана шу имкониятлардан самарали, маъсулият билан фойдаланиш лозим. Қарорда кўзда тутилган мақсад ҳам аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, ижобий хулқ-атвор кўникмаларини шакллантиришдан иборат.

    Нозима ФАЙЗИЕВА,

    тиббиёт фанлари номзоди, доцент

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates