Алишер Навоий 30 ёшида қандай девон тузган эди? ёхуд Оққўюнлилар давлатидан топилган хазина

    Суҳбатдошимиз Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Рустам Жаббор Алишер Навоийнинг 30 ёшида ўзи тузган девон тўғрисида номзодлик диссертациясини ёқлаган. Оққўюнлилар давлатига оид ушбу девон ва мутафаккир бобомиз ижодининг туркий халқларга бўлган таъсири борасидаги мулоҳазаларимиз сизни ҳам эътиборсиз қолдирмаса, ажаб эмас.

    Алишер Навоий ижоди бамисоли бир уммондир. Шу боис тадқиқотчиларимиз ушбу тенгсиз маънавий хазина сари махсус тайёргарлик билан қадам қўйишган. Қуръони каримдан, ҳадисларимиздан, тасаввуф илмидан ҳамда кўплаб кўҳна манбаралимиздан хабардор бўлмаган инсон бу илоҳий чашмадан тўлалигича баҳраманд бўла олмайди. Сиз бу ноёб меросимизни қандай тайёргарлик ва мақсадлар билан ўрганишга аҳд қилдингиз?

    – Албатта, ҳазрат Навоий ижодидан баҳраманд бўлиш ижодкордан жуда катта тайёргарлик, куч, ҳаракат талаб этилади. Ул зотнинг барҳаёт меросини битмас хазинага мегзаш мумкин. Мен ҳам болалигимдан бери бу хазинага интилиб, ундан нимадир олишга уриниб келаман. Эсимда, уйимизда, мен кўрган илк китоб бу Ойбекнинг “Навоий” романи эди. Бу қалин китоб уйимиз токчасида турар, ота-онам уни жуда авайлашарди. Кейинчалик, ҳарф таниб унинг қандай китоб эканлигини тушуниб етганман.

    Эндигина мактабга қатнай бошлаганимда, бу асар асосида суратга олинган кўп қисмли видеофильм эфирга узатила бошлаганди. Бу эса, мурғак тасаввуримда буюк шоир сиймосига бўлган эҳтиром ва қизиқиш уйғонишига сабаб бўлган. Гарчи ўзим узоқ йиллардан бери журналистик фаолият билан шуғулланиб келаётган бўлсам-да, ҳазрат ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ қатор мақолаларим ҳам матбуотда чоп этиб келинган. Бир қанча маҳаллий ва халқаро анжуманларда ўзимнинг камтарона изланишларим натижаларини маърузалар кўринишида ҳавола қилганман. Айни пайтда улуғ мутафаккирнинг туркий халқлар адабиётига таъсири масалаларига бағишланган тадқиқот устида ишлаяпман.

    Таниқли венгер шарқшуноси Бенедек Пери Навоий ижодиниг туркий халқлар адабиётида тутган ўрнини шартли равишда “саҳнадаги бир кишилик томоша”га қиёслаган эди. Албатта, қардош халқлар адабий меросини камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, туркий халқлар адабиёти тарихида Навоийдек сермазмун ва улкан ижод соҳибини учратиш мушкул. Бобур Мирзо таърифи билан айтганда, туркий тилда ҳеч ким ул зот сингари “кўп ва хўб айтқон эмас”.

    Навоий давридан то ҳозиргача бўлган беш-олти асрлик туркий меросни ўрганиш асносида Истанбулдан то Шарқий Туркистонгача, Дашти Қипчоқдан Мисргача бўлган ҳудудда шоир мероси кенг тарқалган, котиблар томонидан қайта-қайта кўчирилган, ўқилган, ўрганилган. Асрлар мобайнида усмонли турк, озарбайжон туркман, уйғур шоирлари Навоий ғазалларига назиралар, тахмислар битишган. Аҳмад Пошо, Фузулий, Кишварий, Низорий, Махтумқули, Андалиб, Абай, Бердақ, Ажиниёз сингари туркий халқлар шеъриятининг буюк намоянлари ижодида ҳазрат Навоийдан баҳрамандлик намуналарини яққол кўришимиз мумкин. Тадқиқотимизнинг асосий мақсади ҳам ана шу баҳрамандлик қамрови ва кўламини илмий асосда ўрганиш, таҳлил қилишдан иборатдир.

    – Навоийшунос устозларимиздан қолган илмий мерос ҳозирги кун ёш олимларини қанчалик қизиқтирмоқда? Бу илмий жараёндаги фаолликни ошириш учун нималар қилиш лозим деб ўйлайсиз?

    – Навоий ижоди ҳар доим, ҳар бир даврда олимлар ва шоирлар, адабиёт муҳиблари диққат марказида бўлиб келган. Ҳозирга қадар Ҳамид Сулаймонов, Абдуқодир Ҳайитметов, Азиз Қаюмов, Суйима Ғаниева, Ботирхон Акрам, Муслиҳидин Муҳиддинов, Содирхон Эркинов, Иброҳим Ҳаққул, Султонмурод Олим сингари устозларнинг илмий асарлари, тадқиқотлари ҳазрат Навоий ижодини ўрганишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Бугунги кунда ҳам юртимизда қатор ёш олимлар устоз навоийшунослар изидан бориб, бу улкан мероснинг янги-янги қирраларини кашф этишга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Улар қатори Олимжон Давлатов, Зуҳра Мамадалиева, Роҳила Рўзмонова, Ҳафиза Асланова, Фаррухбек Олим, Шерхон Қораев сингари навоийшуносликдаги янги авлод вакиллари тадқиқотларини кузатиб бораман. Яқинда ёш тадқиқотчи Акром Маликнинг интернетда Навоий шарҳларини янгича қарашлар асосида шарҳлаб бораётганини кўриб, жуда хурсанд бўлдим.

    Бир сўз билан айтганча, замон қанча ўзгармасин, техника ва технологиялар қанчалик тараққий этмасин, халқимизнинг, миллатимизнинг Навоийга бўлган эътибори ва эҳтироми сўнмайди, аксинча ортиб бораверади.
    – Таржимонлик ва журналистик фаолиятингизда ҳамиша долзарб муаммолларга қўл уришга ҳаракат қилгансиз. Тадқиқотчи сифатида мумтоз адабиётимизни ўрганиш ва таржима қилиш жараёнида ҳам қайсидир муаммолар сизни безовта қилдими?

    – Алишер Навоий айни пайтда дунёнинг турли нуқталарида ўрганилмоқда. Хорижда ҳам шоир ижодига қизиқиш ҳар доимгидек юқорилигича қолмоқда. Аммо, авваламбор, Навоийни ўзимиз чуқур англаб етишимиз, ёш авлод онгу шуурига Навоий қарашлари, унинг теран мушоҳадаларини сингдириб боришимиз, шу билан бирга унинг асарларини хорижий тилларга таржима қилиш қаровини кенгайтиришимиз керак. Навоийнинг кўпгина асарлари хорижий тилларга ўгирилган. Бироқ бу, барибир, кам деб ўйлайман.

    2012 йилда филология фанлари доктори Афтондил Эркинов томонидан Миср Миллий кутубхонасида Навоийнинг 1471 йилда Шерозда кўчирилган девонини аниқлашга муваффақ бўлди. Шоирнинг 30 ёшлигида кўчирилган бу девонда унинг шеърлари Оққўюнлилар давлати адабий тили – ўғуз туркчасига мослаштириб кўчирилган эди. Буни бугунги кун нуқтаи назаридан Навоий асарларининг илк таржимаси деб қараш ҳам мумкин. Айни девон бўйича илмий изланишлар олиб борганимда ҳали бу ёшида Навоий ўзи бирорта девон тартиб бермаганини аниқладик. Унгача 1465 йилда шоирнинг мухлислари томонидан яратилган “Илк девон” фанга маълум эди холос. Бу даврда қўшни давлат ҳудудида шоир шеърлари алоҳида девон кўринишида кўчирилиши улуғ мутафаккир ёшлик чоғларидан кенг миқёсда довруғ таратиб улгурганини англатади. Девонда шоирнинг 224 та ғазали, 4 та мухаммаси, биттадан мустаҳзод ва таржеъбанди ўрин олган.

    Навоий ўз асарларининг бир қисмини форсий тилда битган бўлса, шоир ўлимидан салкам чорак аср ўтиб, унинг “Мажолисун-нафоис” асари илк бор форс тилига ўгирилди.

    Француз олими Катремер Этьен томонидан “Муҳокамат ул-луғатайн” асари 1861 йилда француз тилига ўгирилган бўлса, Машҳур венгер шарқшуноси Арминий Вамбери 1869 йилда Навоий асарларидан намуналарни немис тилида чоп эттиради. Ўтган асрда, хусусан, совет даврида Навоий асарлари иттифоқдош республикалар тилларида қайта-қайта босилиб чиқди. Айни пайда ҳам бу анъана давом этмоқда. Яқинда таниқли шоир ва таржимон Аъзам Обид Алишер Навоийнинг қатор ғазаллари ва “Фарҳод ва Ширин” достонини инглиз тилида чоп эттирди. Ўтган йили Навоий “Хамса”си профессор Рамиз Аскар томонидан озарбайжон тилига ўгирилди. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

    Машҳур француз адабиётшуноси Луи Арагон, “Алишер Навоий нафақат ўзбек халқининг, балки дунё адабиётининг энг буюк вакилларидан бири”, эканини таъкидлаган эди. Шундай экан, унинг меросидан жаҳон аҳли тенг баҳра олмоғи лозим.

    – Алишер Навоий ўз ижодида фойдаланган тил бугунги кунда эски ўзбек тили, чиғатой туркчаси, шарқий туркий тил деб ҳам юритилади. Бобомизнинг ўзи бу тилни туркий тил деб номлаган. Изланишлар жараёнида Навоий тили луғатидаги қайси сўзлар бугунги кундаги тушунчаларимиз ва англашимларимизни оқлайдиган сўзлар эканлигини англадингиз? Балки луғатимиздан ўчиб кетган баъзи сўзларни муомалага киритишни ўйлаб кўрганимиз маъқулдир...

    – Ҳазрат Навоий тилимиз тараққиёти учун бор кучи ва имкониятини сафарбар этган фидойиларнинг сардори десак, хато қилмаган бўламиз. Чунки ул зот эски ўзбек тилини юксак чўққига кўтариб, ўша пайтда анча устунликка эга бўлган форсий тилдан кам эмаслигини назарий ва амалий жиҳатдан исботлаб берди. Хусусан, “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий тилдаги айрим сўзларнинг муқобили бошқа тилларда йўқлигини кўрсатиб берган. Шунингдек, кўплаб сўз ва иборалар форс тилига ҳам туркийдан кириб борганини айтиб ўтган. Навоий тилнинг луғавий бойлиги ҳақида сўз юритаркан, биргина “йиғламоқ” феълининг ўнга яқин муқобилини келтириб ўтади.

    Ушбу асарда форс тилида тўғридан-тўғри муқобили бўлмаган юзта феълни санаб ўтадики, уларнинг аксарияти бугунги адабий тилимизда мавжуд бўлса, баъзилари шеваларимизда ёки қардош тилларда учрайди. Улар қаторида қувормоқ, ушармак, жийжаймоқ, ўнгдаймоқ, чекримак, умунмоқ, ўсанмоқ, итирмак, эгармоқ, ториқмоқ, арғадамоқ, ишастмоқ, никамоқ, теврамоқ, қингғаймоқ, синграмоқ, яшқамоқ, исқармоқ, кўнгранмоқ, сухранмоқ, интрамоқ, танчиқамоқ, бушурғанмоқ, сукадамак, бўсмоқ, қаҳамоқ, чичаркамак, чупрутмоқ, жирғамоқ, қикзанмоқ, қумурмак, бикирмак, кўнгурламак сингари ўнлаб сўзлар борки, улар ҳазрат Навоий даврида халқимиз орасида кенг истеъмолда бўлган. Бугун эса уларнинг айримлари ҳатто қандай маъно англатишини ҳам билмаймиз.

    Навоий ўз даврида туркий уруғга мансуб бўла туриб, форсий тилда гапириш ва ёзишни афзал биладиганларни афсус ила тилга олиб, “керак эрдиким, бу халқ орасидан пайдо бўлғон табъ аҳли салоҳият ва табъларин, ўз тиллари турғоч, ўзга тил била зоҳир қилмаса эрди ва ишга буюрмасалар эрди,” дея афсусланган эди. Орадан асрлар ўтиб, бу муаммо яна долзарблигича қолмоқда. Ўзга тилларни ўзимизнинг бой ва гўзал тилимиздан устун қўядиганлар ҳар ерда учраб турибди.

    Алишер Навоий ўз ижодида эски ўзбек тилидан ташқари, араб, форс, мўғул ва бошқа тиллардаги минглаб сўзлардан маҳорат ила фойдаланган.
    – Луғатлар билан ишлаш жараёнига ҳам бевосита янги ахборот технологиялари кириб бормоқда. Бу борада хориж тажрибасидан қайси жиҳатларни ўрганиш муҳим деб ҳисоблайсиз?

    – Бугун қайсидир матнни ўқиб тушуниб таржима қилиш, тил ўганиш учун ёстиқдек луғатларга эҳтиёж унча сезилмай қолди. Айни пайтда гаджетлардаги махсус иловалар ҳам ёзма, ҳам оғзаки матнни синхрон равишда исталган тилга ўгириб бермоқда. Бугун “гугл”с иловалари орқали ўзбек тилидаги матнларни хорижий тилларга ёки тескари тартибда таржималарни амалга ошириш осонлашиб бормоқда. Бу, албатта, яхши. Кундалик мулоқотда ҳам, илмий изланишларда ҳам бир мунча қулайликларни туғдиради. Аммо, барибир инсон омилига эҳтиёж сезилади. Таржима жараёнида ҳар бир сўзнинг ўрни, руҳини соғлом ақл тарозисида ўлчаб, ўша фикрни бошқа тилда акс этириш бу сунъий интеллектга ишониб топшириладиган иш эмас.

    Айниқса, Алишер Навоийдек улуғ зотларни бошқа тилда тушунтириш учун энг мукаммал технологиялар ҳам ожизлик қилади. Шу сабабли бошқа тиллардаги ўқувчилар учун Навоий асарлари мазмунини англашга ёрдам берадиган янгича технологиялар, мобиль иловалар жорий этилса, электрон кутубхоналарда Навоийнинг бошқа тиллардаги асарлари кўпроқ жойлаштирилса, бу улкан хазинанинг самарадорлиги яна ортади, қамрови кенгаяди.

    – Давлатимиз раҳбарининг “Буюк шоир ва сутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида чет элда истиқомат қилаётган ўзбек тили мутахассислари, таржимонларни жалб этган ҳолда Алишер Навоийнинг асарларини чет тилларга таржима қилиш, нашр этиш ва хорижий мамлакатларда тақдимотларини ўтказиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш тўғрисидаги муҳим вазифаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Ҳозиги кунда шоир асарларидаги умуинсоний ва барҳаёт ғояларни тадқиқ этиш жараёни айни дамда хорижда ҳам қизғин кечмоқда. Шу ўринда ўзбекистонлик нувоийшуносларга ҳамкор бўла оладиган хорижлик олимларни айтиб ўтсангиз...

    – Дарҳақиқат, бу жараён тўхтаб қолгани йўқ. Боя айтганимдек, Навоий асарлари турли тилларга таржима қилинмоқда. Ҳар йили Навоий таваллуди кунлари муносабати турли мамлакатларда конференциялар, халқаро анжуманлар ўтказилмоқда. Бугун Токио, Москва, Шанхай, Боку, Душанбе, Минск сингари шағарлари улуғ бобомизга ёдгорликлар ўрнатилган. Россияда Ольга Васильева, Озарбойжонда Рамиз Аскар, Алмаз Улви, Туркияда Юсуф Четиндоғ, танжу Сейҳан, Лола Улуч, Венгрияда Бенедек Пери, Францияда Марк Тоутан, Афғонистонда Шафиқа Ёрқин сингари кўплаб олимлар Навоий ҳаёти ва ижодини узоқ йиллардан бери тадқиқ этиб келадилар.

    Бугун Франция, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Венгрия, Германия, Туркия, Эрон, Озарбойжон ва бошқа мамлакатларда Навоийнинг қатор қўлёзмалари сақланмоқда. Айни пайтда бу дурдоналарнинг факсимил нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

    Жорий йилда ҳам пандемия шароитларидан келиб чиқиб, қардош, яқин ва олис мамлакатларда Навоийнинг 580 йиллиги муносабати билан бир қатор тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

    “Муҳокамат ул-луғатайн” асари дастлаб сўз таърифи билан бошланади: “Сўз гўё дур кабидир. Дурнинг жойлашиш ўрни денгиз туби бўлса, сўзнинг жойлашиш ўрни кўнгилдир (хотира). Дур ғаввос ёрдамида денгиз тубидан ташқарига чиқарилиб, жилвалантирилса ва ғаввоснинг қиймати жавҳарни жилвалантира олиш қобилиятига қараб белгиланса, сўз соҳиби ихтисос томонидан кўнгилдан ташқарига олиб чиқилади ва нотиқнининг қиймати сўз қўллаш маҳоратига, уни жилвалантириш қобилиятига қараб белгиланади...”.
    Бундан кўринадики, Алишер Навоий немис тилшуноси Гумбольдт ва швейцариялик олим Соссюрдан анча олдин тил ва нутқ ҳодисаларини бир-биридан фарқлаган. Нутқнинг қай даражада ширали ва мазмунли бўлиши инсоннинг маънавий хазинаси қай аҳволда эканлиги билан чамбарчас боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтган. Бугунги ёшлар тилининг(нутқининг) ғариблашиб бораётганлиги, тилимизга хорижий тиллардан кириб келаётган сўзларнинг ўз муқобилини топишга астойдил ҳаракат қилмаётганлигимиз сизни ташвишга солса керак...

    – Жуда муҳим ва оғриқли масаладан сўз очдингиз. Албатта, тил бу жонли ҳодиса. Ундаги ўсиш, ўзгаришлар, янги-янги сўзларнинг кириб келиши бу табиий жараён. Аммо, бу жараён тилимизнинг жаранги, нафосатини қисқартириш, ундаги жонли, нафис сўзлар сонини чеклаш ҳисобига бўлмаслиги керак.

    Мумтоз адабиётимизда, хусусан Навоий асарларида сўз санъатини тажнис, ийҳом, тазод, таносиб сингари бир қанча турлари борки, уларни ўрганиш асносида бадиий тилимиз, мумтоз ўзбек тилининг қанчалик гўзаллиги беназир ва зеболигини тушуниб бораверамиз.

    Афсуски, интернет, ижтимоий тармоқлар, турли мессенжерларнинг оммалашиб бораётгани тилимиз, хусусан ёшларимиз лексиконига ўз таъсирини ўтказяпти. Сўзларни қисқартириб, ҳарфларнинг ўрнини алмаштириб ёки бошқа тиллардаги атамалар билан ёзиш одатий тус олмоқда.

    Буюк бобокалонимиз сўзни ўликка жон киритадиган қудратли кучга қиёслаганлар. Бунинг учун сўзлаш фасоҳати, назокатини унутмаслигимиз керак.

    Навоийнинг “Муншаот” номли асари ул зотнинг турли тарихий шахсларга битган номаларидан таркиб топган. Шу асарнинг ўзиёқ хат битиш, бошқалар билан мулоқот ўрнатишда ҳар биримизга дастуриламал бўлади. Шундай экан, Навоийни фақат маълум саналар ёки юбилейлар доирасида эмас, ҳар куни, ҳар ерда ёд этсак, ул зотдан ўргансак ва ўргатсак, нур устига нур бўлур эди.

    – Суҳбат учун ташаккур. Изланишларингиз самарали бўлсин!

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates