Алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлик қонунлар ишлаб чиқишда ўзаро ҳамкорликни таъминлайди

    Халқаро ҳамкорлик 25 октябр 2022 1208

    Самарқанд шаҳрида 25 октябрда МДҲ ПА ва Алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлик Экспертлар кенгашининг 24-мажлиси бўлиб ўтди. Тадбир давомида сайловларни рақамлаштириш, рақамли савдони ривожлантириш, умуман рақамли иқтисодиётни ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

    Мажлисни Экспертлар кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов олиб борди.

    Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институти Маъмурий қонунчилик ва жараёнлар бўлими бош илмий ходими Людмила Терешенко ҳамкасблари эътиборини рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳуқуқий тартибга солишнинг долзарб йўналишларига қаратди.

    Экспертлар кенгаши мажлисида электрон овоз бериш технологияларини қўллаш тўғрисида МДҲ ПА Кенгаши котибияти раҳбари ўринбосари – МДҲ ПА Демократия ривожланишини мониторинг қилиш халқаро институти директори Иван Мушкет ва МДҲ ПА ва АМҲ Экспертлар кенгаши аъзоси, «UNICON.UZ» ДУК директори Махсум Махмудов сўзлаб берди.

    МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ҳузуридаги Иқтисодиёт бўйича эксперт кенгашининг электрон тижоратни ривожлантириш бўйича таклифлари ҳам кўриб чиқилди.

    Мажлис иштирокчилари келгусида Ҳамдўстлик мамлакатлари миллий парламентларига таклиф этиладиган намунавий қонунларни яратиш бўйича МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг жамиятни рақамли ривожлантириш соҳасида олиб бораётган ишлари билан танишди.

    Жамиятни рақамли ривожлантиришнинг ҳуқуқий жиҳатлари 2022 йил 2 декабрь куни МДҲ ПА қароргоҳида, Санкт-Петербургдаги Таврия саройида бўлиб ўтадиган халқаро конференциянинг асосий масаласи бўлади. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Экспертлар кенгаши мажлисида конференцияга тайёргарлик ҳам муҳокама қилинади.

    МДҲ ПА ва Алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлик Экспертлар кенгаши МДҲ мамлакатларида алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги миллий ҳуқуқий тизимларни уйғунлаштиришга кўмаклашувчи намунавий қонунларни ишлаб чиқишда икки тузилманинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

    Алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлик электр (телефон, телеграф алоқаси, телевизион, радио ва симли эшиттириш) ва почта алоқаси соҳасидаги ҳамкорлик ва келишилган ҳаракатлар учун МДҲ давлатларининг тегишли вазирликларини бирлаштиради.

    Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг кузги сессияси Экспертлар кенгаши мажлиси билан очиб берилди.

    27-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида МДҲ ПА Кенгаши мажлиси ва МДҲ ПА 54-ялпи мажлиси, шунингдек, Ассамблея ва МДҲ Ёшлар Парламентлараро Ассамблеяси доимий комиссияларининг мажлислари бўлиб ўтади.

    Тадбирларда МДҲ ПАга кирадиган мамлакатлар парламентлари делегациялари раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этади.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates