Анъанавий тизимга янгича ёндашув

    Бу “Нега ҳамма куч маҳаллага сафарбар этиляпти?” деган саволга ҳам аниқ жавобдир.

    Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало маҳаллада сезилади. Шу маънода, “маҳалла — жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси”, десак, тўғри бўлади. Шунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт” деб бежиз таъкидлаб ўтмаган эди. Зеро, маҳалла бу дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун бўлиб яшашга ўргатиб, бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб тузилмадир.

    Сўнгги йилларда мазкур тамойилларни ҳаётга татбиқ этишга бўлган ёндашув мутлақо ўзгарди. Пировардида мазкур миллий институтнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни янги босқичга кўтарилди. Бинобарин, бугун маҳаллалар нафақат одамларни бирлаштирадиган, миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаб берадиган, балки фуқароларнинг долзарб муаммолари самарали ҳал этилаётган масканга айланиб боряпти.

    У камбағалликка қарши кураш, аёллар ва ёшлар бандлигини ҳал этишда муҳим воситачи, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, янги ғоялар ҳамда стартапларни амалга оширишда замонавий акселератор, ислоҳотларни юргизишда фаол қатнашаётган драйверга айланмоқда. Ўз навбатида, давлат вертикал бошқарувининг қуйи, аммо мустаҳкам бўғини сифатида майдонга чиқяпти. Бу йўлда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилгани, 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, ҳар бир ҳудудда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилгани ҳам шундан далолат беради.

    Ўзгаришларни истасак, ҳаммамиз онгли равишда ўзгаришимиз керак

    Мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилган маҳаллабай тизими ҳокимият органлари ва жамоатчилик бошини қовуштириб, аҳоли манфаатлари йўлида фаолият юритишларига замин яратяпти. Энг асосийси, бундай яхлитлик умумхалқ ҳаракатига айланиб, жойлардаги энг оғриқли нуқталаргача кириб бориб, уларга ўз вақтида ечим топиш кўламини оширмоқда.

    Маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ишини баҳолашда бош мезон сифатида бежиз белгилаб берилмади. Ўтган йилдан туманлар бюджетига қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини бевосита маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга сарфлаш бўйича ишлар бошлангани, бу мақсадларга 70 миллиард сўм ажратилгани, уларнинг ваколати янада кенгайтирилгани ҳам бунинг тасдиғидир.

    Юртбошимиз ҳам “Ҳар бир уйда, ҳар бир кўчада маданият бўлиши керак. Халқимиз айтганидек, олма пиш, оғзимга туш, деган билан натижа бўлмайди. Биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Ўзгаришларни истасак, ҳаммамиз онгли равишда ўзгаришимиз керак” деганда айнан маҳалладаги ислоҳотларни назарда тутган эди. Зотан, ҳамма масала аввало маҳаллада ҳал бўлсагина одамлар рози бўлади. Бу “Нега ҳамма куч маҳаллага сафарбар этиляпти?” деган саволга ҳам аниқ жавобдир.

    Мураккаб, аммо кафолатли механизм

    Маҳаллабай ишлаш тизими мураккаб жараён бўлишига қарамасдан, унинг замирида ҳар бир инсоннинг дардини тинглаш, унинг қисматини тубдан ўзгартириш, жамият тараққиётини иқтисодий ўсишлар билангина эмас, балки аҳолининг ўз ҳаётидан мамнунлиги билан ўлчаш каби омиллар мавжуд.

    Маҳаллабай ишлаш бу — барча соҳа мутасаддиларининг яқин ҳамкор бўлиб, маҳаллалардаги муаммолар, аҳоли турмушидаги муҳим масалаларни биргаликда ҳал этишнинг янгича стратегиясидир.

    Анъанавий институт ёрдамида ишга янгича ёндашув эса мураккаб даврда ҳам муваффақиятли синовдан ўтиб келмоқда. Буни биргина 2020 йилда юртимизда пандемия билан боғлиқ оғир вазият ҳукм сурганига қарамай маҳаллаларнинг ички йўллари, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғини яхшилаш бўйича ишлар давом эттирилгани ҳам тасдиқлайди.

    Йўналишлар аниқ, асосийси уларни амалга ошириш

    Умуман олганда, республикамизда маҳаллабай ишлаш тизими қуйидаги йўналишларда олиб борилмоқда:

    — маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ва “драйвер” лойиҳаларни аниқлаш;

    — маҳаллалардаги мавжуд имкониятлар, хомашё ресурслари, инфратузилма ҳолати, ишчи кучининг ихтисослашуви ва сифатидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир маҳаллани ривожлантириш йўналишларини ишлаб чиқиш;

    — ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларини белгилаш;

    — асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари харид қилиш бўйича таъминотчи корхоналар, жойларда тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсизлар рўйхатини тузиш;

    — тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган аҳолига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратиш ҳамда улар фаолиятини йўлга қўйишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш;

    — бўш бино ва ер участкаларини аниқлаш, улардан самарали фойдаланиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига бериш мақсадида аукцион савдоларига чиқариш чораларини кўриш;

    — маҳаллалардаги банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўргатишни ташкил этиш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиш;

    — устоз-шогирд анъанаси асосида банд бўлмаган аҳолини улар яшаётган туман (шаҳар) ва маҳаллада фаолият кўрсатаётган корхоналар ҳамда ҳунармандларга бириктириш;

    — “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг муаммоларини ўрганиб, уларга аниқ йўналишлар (касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, моддий ёрдам бериш) бўйича манзилли кўмаклашиш;

    — аҳолини камбағалликдан чиқариш дастурларини шакллантириш ва уларнинг ижросини ташкил этиш;

    — ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш, моддий, психологик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ амалий чораларни амалга ошириш;

    — “Беш муҳим ташаббус” доирасида ёшлар ва аёлларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтини мазмунли ўтказиш чораларини кўриш;

    — маҳаллаларда инфратузилма ҳолатини яхшилаш ҳамда ижтимоий соҳа объектларидан самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

    — маҳалла паспортидаги мезонлар асосида “қизил”, “сариқ” ҳамда “яшил” ҳудудларга ажратган ҳолда, уларни “яшил” ҳудудга ўтказиш чораларини кўриш шулар жумласидандир.

    Мазкур йўналишлардаги ишларни амалга оширишда нафақат вазирликлар, давлат ҳокимияти органлари, балки таълим муассасалари ҳам камарбаста бўлаётгани барчамизни қувонтиради.

    Аниқ манзил мисолидаги амалий ишлар

    Келинг, фикримизни аниқ манзил — Яшнобод туманидаги “Беш бола” маҳалла фуқаролар йиғини мисолида манзилли кўриб чиқайлик.

    Мазкур ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети мутасаддилари ҳамда “Беш бола” МФЙ раисидан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Унинг аъзолари маҳалладаги ҳар бир хонадонда яшовчи фуқаролар билан бирма-бир суҳбатлашиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ва таклифлар ўрганиб чиқилмоқда.

    Мурожаатларнинг асосий мазмуни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” рўйхатига кириш, ишга жойлашиш, хонадонларни таъмирлаш борасидаги моддий қийинчиликлар, уй-жойларга тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кўчалардаги ичимлик суви қувурларининг эскирганлиги сабабли сув тошқинларидан зарар кўриш каби муаммоларни қамраб олгани аниқланди.

    Қолаверса, айрим кўчалардаги аксарият электр симёғочлари эскирган, маҳалланинг биронта хонаси марказий канализацияга уланмаган. Болалар спорт майдончаси, болалар боғчаси, умумтаълим мактаби, дорихона, поликлиника, озиқ-овқат дўкони мавжуд эмас. Ижтимоий муаммолардан яна бири эса бу маҳалла иккита темир йўл ўртасида жойлашгани ва темир йўлларнинг атрофи махсус панжаралар билан тўсилмагани билан боғлиқ. Бу эса аҳоли, айниқса, мактаб ўқувчиларининг ҳаётига хавф туғдирмоқда.

    Маҳаллада биронта жамоат транспортининг қатнови йўқ. Аҳоли ишга бориш учун ўртача 3-4 километр йўлни пиёда босиб ўтишга тўғри келяпти. Шу боис ўрганиш давомида “Кадишева — Қўйлиқ” оралиғида қатновчи маршрутни маҳалла орқали юришини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланди.

    Бундан ташқари, “Маҳзуна” ва “Фарғона йўли 7-берк” кўчаларидаги сув қувурлари эскириб кетганлиги оқибатида тез-тез авария ҳолати учрайди, уларни таъмирлаш лозим.

    Муаммолар қандай бартараф этиляпти?

    ТДИУ жамоаси томонидан бу каби ижтимоий-иқтисодий муаммолар ўрганилиб, таҳлил қилинди. Уларни ҳал этиш борасида университетнинг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, МФЙ билан ҳамкорликда аниқ режа ишлаб чиқилиб, шу бўйича ишлар олиб бориляпти.

    Жумладан, маҳалла ва кўчаларга уларнинг номлари акс эттирилган пешлавҳалар ўрнатилди, зарур жойларга йўл кўрсаткич белгилари қўйилди.

    Маҳалла биносида кутубхона ташкил қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, ажратилган жой таъмирланиб, мебель жиҳозлари ўрнатилди. Кўчалардаги дарахтлар оқланиб, чиқиндилардан тозаланди ва бу ишлар тизимли равишда олиб бориляпти.

    Маҳалла бинонинг ички ва ташқи фасадлари жорий таъмирланган бўлса, ҳудудда яшовчи кам таъминланган тўрт нафар фуқаро учун университет ҳомийлигида Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил қилинди.

    Маҳалла раиси ва фаоллари билан “Аёллар дафтари”га киритилган 15 нафар фуқарога моддий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Уларни “Аёллар дафтари”дан чиқариш учун тегишли ҳужжатлар туман халқ депутатлари кенгашига тайёрланди.

    Темирни қизиғида бос

    Умуман олганда, “Беш бола” МФЙдаги муаммоларни ҳал этиш бўйича ишлаб чиқилган “йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини изчил таъминлашга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

    Мухтасар айтганда, республикамизнинг ҳар бир ҳудуди билан мана шундай манзилли равишда иш олиб борилаётгани, бу ўз самарасини бераётгани айни ҳақиқат. Бунда маҳаллабай ишлаш тизими катта аҳамият касб этяпти. У давлат ва жамиятнинг ҳар бир аъзосида шу юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтириб, янада фаол бўлишга ундаяпти. Бу эса ҳар қандай муаммога нисбатан “Темирни қизиғида бос” деган қатъий принцип асосида ёндашиб, уни тезда ва оқилона ҳал этишда катта роль ўйнамоқда.

    Буларнинг замирида эса “Маҳалла обод бўлса — юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса — бутун жамият ўзгаради” деган ягона эзгу мақсад мужассамдир.

    Мансур ЭШОВ,

    Тошкент давлат иқтисодиёт университети проректори, иқтисод фанлари доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates